Мы освещаем новости культуры Узбекистана: театр, кино, музыка, история, литература, просвещение и многое другое.

Ru   En

Поиск по сайту
Главная
Панорама
Вернисаж Театр Кинопром Музыка Турбизнес Личная жизнь Литература Мир знаний
25.09.2018 / 13:21:01

Лауриэль Виктория Грей: Рақс миллатларни бир-бирига яқинлаштиради


Лауриэль Виктория Грей хоним 40 йилдан ортиқ вақт мобайнида ўзбек халқининг тарихи, маданияти, урф-одатлари, рақслари бўйича тадқиқот олиб бормоқда.  Уни Марказий Осиё халқларининг анъаналари ва тарихини ўрганишга йўналтирган ўзбек тилининг АҚШдаги билимдони профессор Ильза Сиртатауснинг 1979 йилда “Баҳор” ансамбли билан илк таништируви Лауриэлнинг янги қиррасини – ўзбек рақс санъатини АҚШда тараннум этиш салоҳиятини  очди. Хивада илк бора ўтказилган Ўзбек рақсининг Халқаро фестивалида Лауриэль хоним ҳайъат аъзоси сифатида қатнашди. "Turon 24" Лауриэль хоним билан боғланиб, 40 йил мобайнида уни ўзбек санъати ва маданияти билан боғлаб турган ришталар хусусида суҳбатлашди.

 

-        Лауриэль хоним, Сизни “Тошкент-Сиэтл – биродарлашган шаҳарлар” лойиҳаси иштирокчиси сифатида 80-йиллардан бери таниймиз. Ўзбек тарихи, анъаналари, қадриятларига қизиқиш Сизда қандай пайдо бўлган?

-        Талабалик йилларимда собиқ Совет Иттифоқи даврида Грузия, Украина, Қозоғистон мамлакатлари ва бутун Сибир ўлкасига сайёҳат қилганман. 1973 йил 2 июнда Сиэтл шаҳрининг мэри Д. Чеймберс ва Тошкент шаҳар компартияси раҳбари В. Козимов шаҳарлар биродарлашуви шартномасини имзолашгач, Тошкентга келишга мушарраф бўлдим. Шунда ўзбек халқининг маданияти, санъати, урф-одатларининг айрим жиҳатлари бизнинг америкалик ҳиндуларга ўхшаш жиҳатларини пайқадим. Ўзбекистонга 14 марта келган бўлсам, ҳар сафар бирор бир урф-одатингиз, анъанангиз ўрганиб кетишга ҳаракат қиламан. Илмий раҳбарим Ильза Сиртатаус мамлакатингизнинг бой тарихи, санъати ва маданиятини ўрганишимга йўналиш берган, ўзбек тилини ўрганишга қизиқишим орттирган. Ўзбек тилини ўрганишдан аввал рус тилида мулоқот қилардим. Тошкент билан танишгач, маҳаллий урф-одатларингизни ҳис этиш ва чуқурроқ билиш учун ўзбек тилини ўрганишга аҳд қилганман.

Биласизми, болалигимда композитор Александр Бородиннинг мусиқаларини кўп тинглардим. 11 ёшимда Шарқ миноралари ва биноларини ишлаган суратим бор. Тасаввуримга ўзим кўрмаган ва билмаган миноралар ва масжидларнинг қиёфаси қандай келганлигини ҳанузгача ақлимга сиғдира олмайман. Кейинчалик англашимча, ишлаган бу суратим келажакдаги ҳаётим қайсидир жиҳатдан Шарқ ҳаёти билан чамбарчас боғлиқлигини англатгандек.

-        Анча йиллардан бери Ўзбекистон халқ артисти, машҳур раққоса Қизлархон Дўстмуҳаммедова билан дугонасизлар. У киши Сизга ўзбек рақсининг нозик қирраларидан  сабоқ ҳам берган. Қизлархоним Сиз учун дугона ёки устоз?

-        1979 йил “Баҳор” ансамбли қизлари Сиэтлга концерт бергани келишди. Устозим Ильза Сиртатаус мени “Баҳор” жойлашган ва концерт берадиган меҳмонхонага олиб борди. Қўлимизга концерт дастурини беришмаган. Қизлар қайси рақсни ижро этишаётганлигини билмаймиз. Биринчи қаторда Америкадаги ўзбек ҳамжамиятининг аъзолари орқада биз америкаликлар ўтирдик. Шўх ўзбек рақсларидан сўнг бир раққоса якка тарзда оғир ва ҳазин рақсга тушди. Унинг нафис ҳаракатлари хаёлимга шу тарзда ўрнашиб қолдики. У ҳаракатлари орқали ҳис-туйғулари, ўзбек халқининг мен билган тарихини етказиб бергандек эди. Концерт тугагач, меҳмонхонанинг ташқари ҳовлисида айланиб юриб бояги гўзал раққосага дуч келдим. Ўзбек тилида “Ассалому алайкум” деб салом берганимни биламан, у чўчиб тушди. Эсдалик учун менга ўзи тушган откриткани совға қилди. Раққосанинг номини ҳам билмасдим. Бироқ, у совға қилган откриткани томоша қилардим, у рақс ижро этган куй номинини ўзимча хиргойи қилиб, ҳаракатларини ойнанинг олдига туриб олиб такрорлардим. Орадан икки йил ўтди. 1981 йил “Тошкент-Сиэтл – биродарлашган шаҳарлар” дастури доирасида Сиэтлга Тошкентдан меҳмонларни таклиф этиш бўйича маслаҳатга мени ҳам чақиришганида мен ўзимдаги откриткани олиб бориб, “мана шу раққоса аёлни чақиришимиз шарт” – деб туриб олдим. Етти эркак ва бир аёлдан иборат делегация таркибида устозим Қизлархон Дўстмуҳаммедова бор эди. Мен шунда Қизлархон билан узоқ суҳбатлашдим, у ижро этган рақс “Муножат” эканлигини билдим. Қизлархондан кейинчалик билишимча, “Нега энди сени АҚШга таклиф қилишади? У ерда киминг бор?” - деб керакли идора вакиллари анча сўроқ қилишган ва олиб бориб-олиб келишган экан. Қизлархон биринчи навбатда мени ўзбек рақс оламига олиб кирган устозим, шу билан бир қаторда ўзбек анъана ва қадриятлари юзасидан маслаҳат берадиган маслакдошимдир.

-        АҚШда шарқ халқлари – ўзбек, озарбайжон, эрон, афғон, тожик рақсларини тарғиб қилувчи “Буюк ипак йўли” рақс дастангиз бор. Бундан ташқари йилда тўрт марта ўзбек рақс санъати, маданияти, тарихини тарғиб этувчи “Чашма” журналини чоп этасиз. Бу йўналишдаги фаолиятингиз тўхталсангиз.

-        Ўзбек рақсини фақат ҳаракат техникаси билан ижро этиб бўлмайди. Уни ҳис этиб, ўзбек урф-одат, анъаналарини билган ҳолда хиром этиш шарт. Чунки ҳар бир рақс ўзбек халқининг тарихи ва қадриятлари, халқ руҳиятини ифодалайди.  Ўзбекистонга ҳар сафар келганимда бирор удумингизни ўрганиб, уни ўзимда қўллашга ҳаракат қиламан. Тошкентга илк бора келганимда ёнимдаги таржимон қиз тиззасидан келадиган калта кўйлак кийганини кўрган кекса ёшдаги ўзбек аёли, “Вой, кўйлагингнинг калталигини, лозим кийиб олсанг бўлмайдими?” деб танбеҳ бергани ёдимда. Шу-шу узун кўйлак ёки юбка кийиб юраман. Ҳам қулай, ҳам ноқулай вазиятга солиб қўймайдиган либос. Ўша пайтларда ўзбек қизларининг узун ўрилган сочларини кўриб ҳайратга тушганман. Кейинчалик этно-маданиятингизни ўрганганимда ва ўзимизнинг ҳиндулар маданияти билан солиштирганимда қизиқарли бир маълумотга дуч келдим. Ўзбеклар қадимдан тўкилган сочларини ерга ёки дуч келган жойга ташламай, мевали дарахт остига кўмиб қўйишаркан. Ҳиндуларда эса соч ахборот олувчи ҳамда ахборот тарқатувчи антенна вазифасини бажаради. Тўкилган соч ножоиз жойга ташланса ўзидан салбий ахборот тарқатиб эгасига касаллик келтириб чиқаради деган. Аёл кишининг гўзаллиги уни сочларида. Рақс дастамдаги ўн қизнинг барчасини сочи ўримга мос. Улардан биргина Нилуфар ўзбек, қолганлари яҳудий, авар, рус, ҳинд, форс миллатига мансуб. Ҳар бир рақсни ўрганишдан олдин унинг келиб чиқиш тарихи, ҳудуднинг урф-одатларини чуқур ўрганамиз. Рақсда рақс техникаси эмас, ҳаракатлар орқали миллатнинг урф-одатларини, ҳиссиётларини ифода этиб бериш муҳим. “Бухороча тўй” деб номланган бир соатга мўлжалланган рақс композициямизда келинннинг “нон ушатар” маросимидан тортиб, “келин салом”-у, “ойна тутар”, “қанд тишлатар” удумларини ҳам киритишга ҳаракат қилганмиз. Томирингизда гарчи шу миллатнинг қони оқмаса-да, унинг жўш уришини ифода этиб бера олишингиз шарт.

“Буюк ипак йўли” рақс дастамизда “Муножат”, “Танавор”, “Дилхирож”, “Мавриги”, “Самарқанд ушшоғи”, “Лазги”, “Дарё тошқин”, “Наманганннинг олмаси”, Сурхондарёнинг ёғоч қошиқ билан ижро этиладиган йигирмадан ортиқ ўзбек рақслари бор. Ҳар бир рақсни томошабинлар эътиборига ҳавола этаётганимизда либосларга алоҳида эътибор берамиз. Либослар живир-живир, ялтир-юлтурдан ҳоли, сипо бўлиши зарур.

Ўзбек урф-одат, маросимлари, рақсларнинг келиб чиқиш тарихи фақат ўзимиздагина қолиб кетмаслиги ва АҚШда ўзбек удумларига қизиқувчилар орасида кенг тарқатиш мақсадида “Чашма” журналини чоп этиш нияти туғилди. Келажакда журналнинг онлайн талқини фаолиятини йўлга қўйишни ҳам режалаштирганмиз.

-        Қирқ йил аввалги урф-одат ва маросимлардаги қандай ўзгаришларни пайқадингиз?

-        Ўша пайтларда Ўзбекистон ҳудудидаги тўйлар уйларда бўларди. Унда барча ҳудудларга хос маросимларни кузатиш мумкин эди. Келин ва куёвни олов атрофида айлантириш, исириқ тутатиш, келин саломларни ўша пайтдаги тўйларда кўрганман. Охирги йилларда юртларингизда ўтказилаётган тўйларни YOUTUBE тармоғида томоша қила туриб, айрим қадриятларингиздан узоқлашиб кетишибди деб ўйлаб қолдим. Тўйлар меҳмонхоналарнинг заллари ёки ресторанларда бўлмоқда. Ўзбекларнинг ўзига хослиги мен кўрган-билган тўйларда сезиларди. Эҳтимол, кошоналарда тўй ўтказиш дунё андозасига мослашиш учун қилинаётгандир.

-        Рақс ва сиёсат: бир-бирига қанчалик яқин ва узоқ тушунчалар?

-        Рақс миллатларни бир-бирига яқинлаштиради. Уни тарғиб қилиш қайсидир жиҳатдан сиёсатга ҳам боғлиқ. Барака Обама президентлик қилган охирги икки йилда мунтазам икки йил Наврўз байрамини Вашингтонда ўтказардик. Унда “Ипак йўли” ансамблимиз майдон ва саҳналарда Наврўз байрами ўтказиладиган ўзбек, эрон, озарбайжон, афғон, тожик рақсларини ижро этган  бир соатдан ортиқ кўрсатиладиган дастуримиз бор эди. Барак Обама шарқ халқларининг маданиятини тарғиб этишга хайрихоҳ эди. Дональд Трамп президентликка келгач, Наврўз байрамини ўтказиш анъанасини қайсидир жиҳатдан чеклаб қўйди. Майдонда рақс томошамизни мана икки йилдирки кенг оммага намойиш қила олмаяпмиз. 

-        Ўзбекистонда қайси лойиҳаларни амалга оширишни режалаштиргансиз?

-        Ўзбекистонда рақс санъатига юқори эътибор берилаётгани таҳсинга сазовор. “Ипак йўли” рақс дастамиз 2006 йилда Самарқанддаги майдонда “Самарқанд ушшоғи” рақси билан иштирок этганди. Бундан руҳланиб, 2007 йилда Ҳиндистонда яшаб бобурийлар сулоласига асос солган шоҳ Бобур ҳақидаги рақс композициясини саҳналаштирдим. Саҳналаштиришга тайёрланишда Бобур шеъриятини ўқидим, “Бобурнома” билан танишдим, шоҳ ва шоирнинг ҳаёти ҳамда ижодига оид ривоят ва материалларни тўпладим. Бир соатлик саҳна кўринишидаги рақс композициямиз гуллар, қушлар, ҳинд рақсларидан иборат бўлиб, Шашмақомнинг Бобур шеърлари билан куйланадиган ашуласига ижро этилган рақс билан тугалланади. Композиция кўринишида Бобурнинг касал ҳолда ҳушсиз ётиб ажал билан олишаётган Ҳумоюн атрофида уч марта айланиб муножат қилишини ҳам тасвирлаганмиз. Рақс ижрочилари томоша залидан чиқиб келишади. Сўнг Бобурни  икки фаришта аршга олиб кетади. Бу томошани ўша пайтдаги Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси Абдулазиз Комилов қўллаб-қувватлаганди. Ҳатто менга бир “сюрприз” тайёрлаб, томоша бошланишидан аввал ош қилдиртириб, у тугагач барча байрам томошабинлари ва иштирокчиларига палов тарқатганди. Бобур ролини америкалик Брото Рой ижро қилган. Агар ижозат беришса, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳақидаги рақс композициямни Ўзбекистонда кўрсатардим. Бу саҳна кўринишида истардимки, Бобур ролини бирор бир ўзбек йигити ижро қилса.

-        Хива шаҳрида халқаро миқёсда ўтказилган Рақс фестивалида ҳайъат аъзоси сифатида қатнашдингиз. Рақс фестивалида нималар сизни ўйлантирди-ю, нималар ҳайратга солди?

-        Хивада бундан 25 йил аввал бўлганман. Шаҳарнинг қиёфаси шу қадар ўзгариб кетибдики. Ичан-қалъага киришимизда тарихий даврга тушиб қолгандек ҳис қилдик ўзимизни. Қалъа атрофлари электр чироқлари билан эмас, машъала ва шамлар билан ёритилишининг ўзи бизни тарихга олиб кирди. Бизни Урганчдан ташқаридаги “Туркман қалъа”га жойлаштиришди. Тонг саҳардан бизни эшакнинг ҳанграши уйғотди. Бу ҳам тайёр “будильник”- экзотик манзара бўлди мен учун. Ичан-қалъада айланиб юриш пайтида кўча хонанда ва раққосалари Хоразм лазгисини чалишаётган экан. Шерикларим рақс тушишга мажбур қилишди. Биздан ташқари бошқа хорижлик меҳмонлар ҳам бор эди. Раққоса билан “Лазги”ни аввал тайёрлангандек бир хил ижрода хиром айлаб, рақс дуэтимиз ижросини кўрганларнинг барчаси ҳайрон қолди. Майдонни айланиш пайтида ҳатто супурги билан ҳам суратга тушдим. Сизларда муқаддас жойларга зиёратга келганларнинг ўша жойни супуриш анъанаси ҳам бор-ку. Шунга амал қилдим.

Рақс фестивалида менга андижонликларнинг мақом ижроси бир қадар ёқди. Самарқандлик икки аёл ва эркакдан иборат ҳаваскор ансамблнинг чиқишида дадиллик бор. Хоразмликларнинг “Гавҳар” рақс-дастасидаги бир жойда туриб ўйналувчи ва жўшқинлик билан ижро этилувчи рақснинг техникасига қойил қолмай илож йўқ. Чунки кузатишларимдан маълумки, қачон қарамай Хоразм рақсини у ердан, бу ерга сакраб ижро қилишгани-қилишган. Рақс фестивалида ҳақиқий хоразм рақс техникасини кўрдим.  Сурхондарёликларнинг рақсидаги урчуқ йигириш орқали халқининг турмуш тарзи ифода этиб берилди. Айниқса, рақс билан биргаликда ижро қилинган чанқовуз овози одамни сеҳрлаб қўйди. “ипак йўли” рақс-дастамга уларнинг рақсини татбиқ этаман.

Хива шаҳар “Болалар шаҳарчаси” (Меҳрибонлик уйи) ўсмир қизларининг рақсидан баҳор нафаси уфуриб туради. Ҳайъат аъзоси сифатида уларни тақдирлаш учун менга тақдим этилган “LAPTOP”имни қизларга совға қилдим.

Менга танловда биргина ижро, “Танавор”нинг ритмини бузиб, техникасига риоя қилинмай, тезликда, ремикс ҳолатда бузиб ўйналгани ёқмади. “Танавор” қалбдан ҳис этиб ижро этилиши шарт.

Бухоро, Самарқанд, Бухоро, Қашқадарё, Наманган иштирокчиларининг либоси сипо, бежирим ўзига хос тикилган.

Фестивалнинг охирги куни меҳмонхонага қайтишимга ҳам йўл қўймай, Тошкентга қайтаришди. Афсуски, рақсларни тавсифлаб ёзган ёндафтарчам кимларнингдир қўлида қолиб кетди. Рақс фестивали орқали келажакда амалга оширишим мумкин  бўлган кўпгина ижодий режалар туздим.

-        Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат!

“Турон-24” ААлигининг таҳлилчиси Нигора УМАРОВА суҳбатлашди.





Другие материалы рубрики

25.09.2018 / 10:39:23

Ограничение движения по некоторым улицам Ташкента

Ташкентский городской хокимият приносит свои извинения за доставленные неудобства. Далее...

25.09.2018 / 10:37:14

В Ташкенте будут проводиться массовые занятия утренней гимнастикой

На днях во всех Детских юношеских спортивных школах города Ташкента была проведена массовая утренняя зарядка с участием проживающего вблизи населения. В этом мероприятии приняло участие 1870 любителей спорта. Далее...

24.09.2018 / 15:01:48

В мемориальном комплексе Лала Бахадура Шастри в Дели состоялась презентация книг о культурном наследии Узбекистана

В преддверии государственного визита Президента Республики Узбекистан Шавката Мирзиёева в Индию в мемориальном комплексе Лала Бахадура Шастри в Дели состоялась презентация 10-томника "Культурное наследие Узбекистана в совровищницах мира". Далее...

24.09.2018 / 13:45:08

В Будапеште будет открыт узбекский магазин и ресторан, а в Ташкенте –магазин и ресторан Венгрии

В мае этого года между хокимиятом города Ташкента и Муниципалитетом города Будапешта был подписан Протокол о намерениях открытия ресторана узбекской национальной кухни и магазина узбекских товаров в Будапеште и открытия ресторана венгерской национальной кухни и магазина венгерских товаров в Ташкенте. Далее...

23.09.2018 / 12:14:58

В Национальной библиотеке Узбекистана им. А. Навои состоялся творческий вечер, посвящённый 50-летию заслуженной артистки Узбекистана, танцовщицы Светланы Худойбергеновой

На юбилейном вечере были показаны видеоролики с танцами Худойбергеновой, прозвучали хорезмские песни в исполнении Огабека и Анвара Собировых, танцовщицы ансамбля "Лязги" подарили зрителям прекрасные хорезмские танцы. Далее...





19.04.2024 / 10:22:49
В Самарканде открылась выставка археологических находок эмирата Шарджа
 
18.04.2024 / 15:39:18
Гёте-Институт в Узбекистане в сотрудничестве с берлинским ннститутом международных отношений представили в Ташкенте фотовыставку известного немецкого фотомастера - "Хельга Парис. Фотография".
 


13.04.2024 / 14:06:55
"ШУМ БОЛА" XI-ФЕСТИВАЛЬ КИНО ДЛЯ ДЕТЕЙ И МОЛОДЕЖИ
 
08.04.2024 / 11:57:58
В Ташкенте прошли показы документальных фильмов "Из Ташкента в Нью-Йорк и обратно" и "Самарканд- вечный город". После просмотра состоялась оживленная дискуссия
 


10.04.2024 / 12:00:56
Предстоящий в Узбекистане международный фольклорный фестиваль "Весна Байсуна" в фокусе внимания СМИ Казахстана
 
09.04.2024 / 17:18:38
Accor откроет новый отель рядом с международным аэропортом Ташкента
 


14.04.2024 / 14:09:26
Мэтр узбекского музыкального искусства. Сулейман Юдаков. (14 апреля 1916.-1990 годы)
 
17.02.2024 / 11:26:49
Аральская песня Рафаэля Матевосяна
 

 





Главная Панорама Вернисаж Театр Кинопром Музыка Турбизнес Личная жизнь Литература Мир знаний

© 2011 — 2024 Kultura.uz.
Cвидетельство УзАПИ №0632 от 22 июня 2010 г.
Поддержка сайта: Ташкентский Дом фотографии Академии художеств Узбекистана и компания «Кинопром»
Почта: Letter@kultura.uz
   

О нас   Обратная связь   Каталог ресурсов

Реклама на сайте