Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида 20 ноябрь куни атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов таваллуди ва ижодига бағишланган хотира кечаси ва фотокўргазма ўтказилди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги Ўзбекистон Маданият ва санъат кўргазмаси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Бадиий академияси Тошкент фотосуратлар уйи ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, шоир ва ёзувчилар, олимлар, ёшлар, адибнинг яқинлари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этдилар.
Тадбирда Президентимиз ташаббуси билан ўзбек халқининг буюк фарзанди, атоқли давлат арбоби, таниқли ёзувчи ва беназир инсон Шароф Рашидовнинг азиз номини ёд этиш, бу улуғ инсон ҳақидаги тарихий адолатни тиклаш, унинг ўлмас хотирасига чуқур ҳурмат ва эҳтиром бажо келтиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.
2017 йили давлатимиз раҳбарининг қарори билан атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигини юртимиз бўйлаб кенг нишонлангани, Жиззах туманига Шароф Рашидовнинг номи берилгани, унинг номига ёдгорлик мажмуаси барпо этилгани бунинг далилидир.
Шароф Рашидов ўзининг ноёб ақл-заковати, бой билим ва тажрибаси, меҳнатсеварлиги ва камтарлиги, юксак инсоний фазилатлари билан нафақат Ўзбекистонда, балки узоқ-яқин ўлкаларда ҳам катта обрў-эътибор қозонган. Шароф Рашидов республика раҳбари сифатида зиммасидаги улкан вазифаларга қарамасдан, ўзи бутун борлиғи билан севган адабиётга ҳамиша содиқ қолди. У ўзининг бетакрор истеъдоди билан эзгу қадриятларни тараннум этган роман ва қиссалар, шеър ва достонлар, публицистик мақолалар яратди. Ўша пайтдаги мураккаб идеологик тазйиқларга қарамасдан, миллий адабиётимиз, авваламбор, она тилимиз ривожига катта ҳисса қўшдилар.
Шароф Рашидов адабиётга шоир сифатида кириб келди. «Самарқанд куйлари» номи билан биринчи шеърий тўпламини эълон қилган ва 1-йирик асари — “Чегарачи” достони 1937 йилда нашр қилинди. Фашизмга қарши кураш туйғулари билан суғорилган “Қаҳрим” шеърлар тўплами 1945 йилда чоп этилди. Рашидов даврнинг муҳим ҳисобланган муаммоларидан бири — қўриқ ва бўз ерларни ўзлаштириш мавзуида “Ғолиблар” қиссасини (1953) ёзди. 2-жаҳон уруши йилларида фронт орқасида қаҳрамонона меҳнат қилган халқ ҳаётига бағишланган “Бўрондан кучли” (1958) ва “Қудратли тўлқин” (1964), “Ғолиблар” (1972) романларини яратди. Ш.Рашидов халқ ва мамлакат ҳаётида рўй берган воқеаларни давлат ва партия арбоби сифатида мушоҳада этиб, адабиётнинг бадиийлик мезонларидан кўра ғоявийлик тамойилига кўпроқ эътибор берди. Ҳинд халқ афсонаси асосида ёзилган “Кашмир қўшиғи” лирик қиссаси (1956) Шароф Рашидов ижодида алоҳида ўринни эгаллайди.
Ижодкорнинг «Кашмир қўшиғи» (1957), «Комде ва Мудан» (1959) каби лирик қиссалари ва «Коинот» (1960) каби киноқиссаси анъанавий Шарқ достончилиги услубида битилган бўлиб, ёшлик, баҳор, гўзаллик, ҳаёт нашидаси мадҳига бағишланган. Адиб ҳаётининг сўнгги йилларида яратган «Дил амри» қиссаси уруш йилларида Белорус заминида кечган жангчиларнинг ғалаба йўлида олиб борган ҳаёт-мамот кураши тасвирига бағишланган.
Профессор Асил Рашидов бир суҳбатида (ОАВда эълон қилинган) , акаси Шароф Рашидов ҳақида шундай хотирлайди: “Акам ғоят истеъдодли эди. Катта завқ ва илҳом билан ишларди. Республика раҳбари шунча давлат ишидан, камига барча вилоят-у туманлараро қанчадан-қанча хўжалик раҳбарлари билан ярим тунга қадар овознигор-муноқаша (радиоперекличка) орқали мусоҳабалар ўтказишдан ортиб уйига қайтгач, тонггача ёзарди. Баъзида мен унинг ёнида дарс тайёрлаб, пинакка кетардим. Уйғонганимда, қуёш бўй кўрсатган, акам ҳамон ёзаётган бўларди.
Шароф Рашидов вафотидан сўнг айрим «ёзувчи»лар унга туҳмат қилиб, «миллат отаси асарларини ўзи ёзмаган», дейишгача борди. Мен бир адабиётшунос ва ука сифатида унинг илк ижодидан то сўнгги йирик асари – “Дил амри”гача мунтазам равишда кузатиб, таҳлил ва тадқиқ этиб борганман. Барча қўлёзмаси-ю дастхатларининг турли нусхаларини (улар тўла сақланмоқда) кўздан кечирганман. Шароф Рашидов биргина “Кашмир қўшиғи” қиссаси билан ҳам ўзбек адабиёти тарихида умрбод қолишга ҳақлидир. Бу асар дунёнинг 56 тилига ўгирилганининг ўзи барчасини англатиб турибди.
Шароф акам мени адабиётдаги оғир меҳнат – таржимага ундаган, бу борада ҳамиша маслаҳат ва ўгитлар берган. Бугун китоб жавонимни қарасам, таржима қилган асарларим нашрлари икки-уч қатор бўлибди. Шулар сабаб буюк адиб Чингиз Айтматов оламини яқиндан танидим, унинг қаҳрамонлари билан яшадим”.
Шароф Рашидовнинг ёш ижодкорлар асарларини ўқиб борар, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга эътибор қаратарди.
Шароф Рашидовнинг қизи Сайёра Рашидова атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидовга эъзоз ва эҳтиром кўрсатаётгани учун Президентимизга миннатдорлик билдиришини маълум килдилар.
Тадбирда атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов ҳаёти ва ижодига бағишланган фотокўргазма намойиш этилди.
Маълумотлар: Интернет маълумотига асосан, Отабек Музафаровдан.