Мы освещаем новости культуры Узбекистана: театр, кино, музыка, история, литература, просвещение и многое другое.

Ru   En

Поиск по сайту
Главная
Панорама
Вернисаж Театр Кинопром Музыка Турбизнес Личная жизнь Литература Мир знаний
17.01.2017 / 11:49:36

Ойбек уй-музейида адибни ёд этиб


Буюк сиймолар яшаган манзиллар азал-азалдан халқнинг мўътабар зиёратгоҳларидан бири бўлиб хизмат қилади.
Тошкентнинг яқин-яқингача “Ишчилар шаҳарчаси” деб номланган даҳаларидан бирида илм-фан ва маданият аҳли учун, айниқса, табаррук бир даргоҳ бор. Бу даргоҳда 1940 йилдан 1968 йилга қадар, яъни ҳаётининг сўнгги 28 йили мобайнида буюк ўзбек адиби ва жамоат арбоби академик Мусо Тошмуҳаммад ўғли Ойбек яшаб, ижод қилган. 10 январь адиб туғилган кун муносабати билан ушбу уй-музейда йиғилиб, ойбекхонлик ўтказиш анъана тусига кирган. Шу муносабат билан Ойбекнинг қариндошлари, Ўзбекистон маданият ва спорт ишлари вазирлигининг мутассадилари, шу жумладан, вазир ўринбосари Мирзараҳимов Аббосжон Ўодмонович, адабиётшунос олимлар Наим Каримов, Собир Мирвалиев, Омонулла Мадаев, Шуҳрат Ризаев, Сувон Мели, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасидан шоир Нодир Жонузоқ ва бир қанча ижодкорлар уй-музейда уни ёрқин хотиралар билан ёд этишди. Тадбирда Ойбекнинг “Навоий” романининг инглиз тилидаги нашри ҳамда “АКАДЕМНАШР” нашриёти томонидан Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ташаббуси билан чоп этилган Ойбек уй-музейи тўғрисидаги альбомнинг тақдимоти ҳам ўтказилди.


Ойбек барҳаёт чоғидаёқ эл-юрт ўртасида нафақат буюк адиб, балки буюк инсон сифатида ҳам машҳур бўлган. Шунинг учун, халқона ибора билан айтганда, етти ёшдан етмиш ёшгача бўлган тошкентликлар ҳам, пойтахтимизга яқин ва олис юртлардан келган адабиёт мухлислари ҳам шу хонадонга келиб, ўзбек адабиётининг бу порлоқ сиймосини зиёрат қилишни ўзлари учун шараф деб билганлар. Москва ва Киев, Тбилиси ва Боку, Олма-ота ва Ашхобод сингари шаҳарлардан келган атоқли ёзувчилар, таржимонлар ва адабиётшунос олимлар эса бу хонадонда Ойбек билан бўлиб ўтган суҳбатларни ҳаётларининг унутилмас дақиқалари сифатида ёд этиб яшаганлар.
Ойбек 1905 йил 10 январда Тошкент шаҳрининг Гавкуш маҳалласида дунёга келган. Бу маҳалла Тошкент шаҳрининг Хадра даҳасида - Ўзбек Миллий академик драма театрининг биноси ўрнида жойлашган эди. Бўлажак адиб тор ва илон изи янглиғ эгри-бугри маҳалладаги пастак бир уйда туғилганлиги учун Навоий номидаги таълим ва тарбия техникумида ўқиган йилларида шу техникумнинг ётоқхонасида яшаган. Оила қурганидан кейин эса Тошкентнинг 4 даҳасида - ижара уйларда умр кечирган. Ниҳоят, 1940 йили давлат, завод ва фабрикаларда хизмат қилаётган ишчилар қатори, фан ва маданият ходимларига ҳам ер тақсимлаб берганида, унга ҳам 600 квадрат метрли ер насиб этган. Адибнинг рафиқаси – Тошкент тиббиёт институти ўқитувчиси Зарифа Саидносирова қурилишнинг ҳам “бош архитектор”и, ҳам “бош прораб”и, Ойбекнинг ўзи эса ҳам ижодий-илмий меҳнати билан “пул топувчи”, ҳам эски, қинғир-қийшиқ михларни болға билан тўғрилаб, уларга “янги ҳаёт” бағишловчи “чилангир” сифатида усталар билан бирга ишлаб, ўша йилнинг 30 декабрида янги уйга – ўз уйлари-ўлан тўшакларига бир амаллаб кўчиб киришган.
“Бу, бахтли кунларимизнинг бири эди, - деб эслаган эди Зарифа Саидносирова ўша “тарихий” кунни. – Уй ҳали битмаган, фақат икки хонанинг ганчи, шипи, саҳни тайёр эди. Бошқа хоналарни ҳолимизга қараб, қўлимизга пул тушганда, тахта олиб, фанер олиб, ярим йил давомида битириб олдик...”
Уй қад кўтарган машаққатли йилларда ҳали ҳамма иморатлар қурилиб, йўлу йўлаклар аниқ қиёфа касб этмаган эди. Шу туфайли кўча “Проектная” – “Лойиҳа” кўчаси деб аталган. Ҳозир шу кўчага “Ифтихор-1” номи берилган. Агар шу кўча бўйлаб уч-тўрт дақиқа юрсангиз, 26-уй келади. Катта дарвозанинг сўл тарафидаги деворга буюк ўзбек адиби Ойбекнинг 1940-1968 йилларда шу уйда истиқомат қилганлиги ҳақида лавҳа осилган.
Ойбек... ХХ асрнинг 50 - 60-йилларига қадар Эски шаҳардаги бир-бири билан туташиб кетган уйларнинг лойсувоқ томлари баҳор ойларида лолақизғалдоқлар билан бурканган, ҳаво беҳад даражада тоза бўлганлиги сабабли ой ва юлдузлар ҳаддан зиёд яқин кўринар эди. Шундай нашъали кунларда ёш келинлар ҳам гўдакларини кўтариб, лолазор томларда ой ва юлдузларга маҳлиё бўлардилар. Оймомага, айниқса, ишқивоз бўлган Мусо қўлини кўкка чўзиб: “Ойи, ойни олиб бер!” деб ялинар эди онасига... Ана шу болалик хотирасини унутмаган Ойбек илк шеърларини ёза бошлаганида, ўзига “Ойбек” деган тахаллусни олади. Ҳозир қанчадан-қанча гўзал шеърлар, қисса ва романлар, мақола ва илмий асарлар тепасидан ана шу мунаввар тахаллус, бамисоли Ой сингари, нур сочиб-таратиб туради...
Ойбек уй-музейи эшиги зиёратчилар учун илк бор очилган тарихий кунга анча бўлди. Зарифа Саидносированинг Ойбек архивини тўла ҳолда давлатга топшириши учун беш йилдан зиёд вақт даркор бўлган. Адибнинг 20 жилдлик “Мукаммал асарлар тўплами”ни нашрга тайёрлашда ва музей экспозициясини яратишда иштирок этган Ўзбекистон Фанлар академияси Тил ва адабиёт институти ходимлари бу ерга, худди ишга келганларидек, қарийб ҳар куни келишган. Натижада шундай илмий ходимлар жамоаси уюшиб қолган эдики, орадан 35 йил ўтган бўлса ҳам, улар ҳанузгача музейимизнинг “юраги” ҳисобланадилар. Музейнинг пайдо бўлишига ҳисса қўшган кишиларнинг барчаси таниқли адабиётшунос, машҳур ойбекшунос олимлар бўлиб етишдилар. Улар орасида Наим Каримов, Бахтиёр Назаров, Ғаффор Мўминов, Машҳура Султонова, Нинель Владимирова, Раъно Иброҳимова каби филология фанлари докторлари, Беруний номидаги Давлат мукофоти лауреатлари, академик ва профессорлар, Ойбек ижоди ҳақидаги ўнлаб китоб ва юзлаб мақолаларнинг муаллифлари бор. Улар кўпгина вақтларини Ойбек ижодхонасида ўтказиб, адибнинг Зарифа Саидносирова туфайли эҳтиёткорлик билан сақланган қўлёзмалари устида иш олиб борганлар. Зарифа Саидносирова бу қўлёзмаларни узоқ йиллар мобайнида тўплабгина қолмай, уларни катта меҳр билан сақлади ва 70-йилларнинг ўрталарида адибнинг мемориал уй-музейини яратишдек шарафли ва машаққатли ишга бел боғлаб киришди. Илмий-ижодий жамоа уй-музейнинг майдонга келиши учун ҳамма нарсани қилди. Бу жамоа адибнинг барча архивини кўздан кечириб ва тартибга келтирибгина қолмай, музей фондини юзага келтириши, экспозицион-кўргазма ишлари билан шуғулланиши, тематик-экспозицион режа асосида адабий экспозицияни яратиши ҳам лозим эди. Эски иморатни таъмирлаш ва уни музейга мослаштириш, жиҳозларни тайёрлаш, экспозицияни барпо этиш ва ҳайкалга буюртма бериш учун қанча вақт талаб этилди. Бундай ишларга экспозиция яратувчи мусаввирлар жалб этилди. Мана, ниҳоят, музей ҳаётидаги энг бахтли ва муҳим воқеалардан бири – музейнинг очилиш куни етиб келди! Зарифа Саидносирова бу кунни қандай узоқ ва қандай гўзал орзулар билан кутган эди! Ҳозир, орадан қанча йил ўтганидан кейин, музейимизнинг очилиши Зарифа Саидносированинг ҳаёти учун нақадар муҳим бўлганини тушунаяпмиз.
Ойбек уй-музейи адиб туғилган куннинг 80 йиллиги муносабати билан 1985 йилда барпо этилган. Музейга қадамранжида қилган киши шинамгина боғнинг ўртасида, декоратив дарахтлар, буталар ва гуллар қуршовида Ойбекнинг бронзадан ишланган ҳайкали (И.Клиницкий асари) ни кўради. Шуни айтиш жоизки, Ойбек табиатни дил-дилидан севган. Ойбекнинг табиатга муносабати – адиб қалбидаги ватанга бўлган буюк муҳаббатнинг турфа кўринишларидан бири. У кичкинагина боғида ўзи дарахтлар экиб, гуллар ўстирган. У эккан дарахтлар орасида сершох катта чинор билан учи найзасимон арча ҳам бўлиб, мана ярим асрдан ошдики, музей ҳовлисига кўрк бағишлаб, ташрифчилар кўзини қувонтириб келади. Ойбек шу ерда, дарахтлар оғушида ҳордик олиб, хаёл суриб ўтиришни хуш кўрар эди.
Музей Ойбекнинг ўзи томонидан барпо этилган икки бинога жойлашган бўлиб, мемориал бўлим, адабий экспозиция ва шинам боғга бўлинади.
1940-1941 йилларда қурилган 5 хонали бинодан адибнинг ҳаёт ва ижод йўлини акс эттирувчи экспозиция ўрин олган. Ойбекнинг кундаликлари, конспектлари, хатлари, фотоматериал, этнография, тасвирий ва амалий санъат намуналари, адибнинг бадиий ва публицистик асарлари, шунингдек, замондошларнинг Ойбек ҳақидаги хотиралари адабий экспозиция учун таянч материал бўлиб хизмат қилган. Адиб ҳаёти ва адабий фаолиятининг барча даврларини ўз қамровига олган адабий экспозиция шу бинода жойлашган.
Музейнинг мемориал қисми адабий-тарихий экспозиция билан узвий боғланган ҳолда адиб кечирган ижодий ҳаётнинг тирик руҳи ва нафасини ўзида мужассамлантирган.
Ташрифчилар дарвозадан ўтиб, ичкарига кирганларидан сўнг, сўл томондаги бир замонлар айвон бўлиб хизмат қилган хонада Ойбек уй-музейининг экспозицияси билан таниша бошлайдилар. 5 хонадан иборат бу қисмга кираверишда - ўнг томонда - мўъжазгина бир хона бор. Унда адибнинг рафиқаси, биринчи ўзбек рассом қизи ва биринчи ўзбек кимёгар олимаси Зарифа Саидносирова ва унинг отаси – ўзбек зиёлиларининг 1937 йилда “халқ душмани” сифатида отиб ташланган ёрқин намояндаси, машҳур маърифатпарвар ва тадбиркор Саидносир Миржалилов (1884-1937) га оид экспонатлар: расмлар, ҳужжатлар, буюмлар, тасвирий санъат асарлари намойиш этилган. Шу ердан ўрин олган экспозиция бизга шу ажойиб сиймонинг турли йўналишдаги фаолияти ҳақида, тарихий интерьер унсурлари эса 1929-1937 йиллардаги ижтимоий пўртаналар ҳақида ҳикоя қилиб, ташрифчиларни С.Миржалиловнинг ғаройиб ва фожиали тақдири билан ошно этади. Олис ва аллақачон тарих мулкига айланган давр нафаси шу ерда намойиш этилган экспонатлардан эшитилиб тургандек бўлади. Хонадаги марказий ўринлардан бирини Зарифа Саидносированинг 1925 йилда яратилган “Аҳмад Яссавий мақбараси” номли рангтасвир асари эгаллаган. Катта маҳорат билан тасвирланган мақбара чор атрофдан тушган қуёш нурларига ғарқ бўлиб турибди. Бу картинани кўрган киши ўй-хаёлга ботмай иложи йўқ... “Мана, қандай улуғвор ўтмишимиз бўлган!” деган фикр келади кишига. Бу ҳақиқий санъат асари келажак авлодларни ҳам ҳайратга солса ажаб эмас.
Бу хонани халқ декоратив-амалий санъати буюмлари ҳам безаб турибди.
Хонадан чиққанингиздан кейин Зарифа Саидносирова сизни Ойбекнинг болалик ва ёшлик даври билан таништирувчи хонага етаклагандек бўлади.
Мана, ХХ аср бошларидаги Тошкент кўриниши; адибнинг ўша даврга оид суратлари; у таҳсил олган билим юртининг домла ва талабалари; илк шеърларининг қўлёзма ва босма нусхалари; Ойбек ижодининг шаклланишига таъсир кўрсатган шоирлар ва уларнинг китоблари. Хона деразасидаги витраждан эса Ойбекнинг севдиги Ой Тошкент осмонидан мўралаб турибди .
Иккинчи зал сизни Ойбекнинг 30 – 40-йиллардаги ҳаёти ва ижоди билан таништиради. Адиб шу йилларда Навоий ва Пушкин ижоди булоқларидан, айниқса, баҳраманд бўлган. Навоийга бағишлаб шеър ва илмий мақолалар ёзди; Пушкиннинг “Евгений Онегин” шеърий романини ўзбек тилига - Ўрта Осиё халқларидан бирининг тилига биринчи бўлиб таржима қилди. 1937 йилнинг даҳшатли бўрони гурлаганда, у Чўлпон билан мулоқотда бўлгани, Туркистон Мухторият ҳукуматининг хазиначиси С.Миржалиловнинг куёви сифатида қораланиб, Ёзувчилар уюшмасидан ҳам, Тил ва адабиёт институтидан ҳам ҳайдалди. Шундай хатарли замонда, оиласи билан гоҳо-гоҳо бир бурда нонга-да зор бўлиб яшади. Шунга қарамай, адабиёт олдидаги масъулиятини чуқур ҳис этиб, “Қутлуғ қон” романини яратди. “Халқ душманлари” Абдулла Қодирий ва Чўлпон романлари ман қилинган замонларда “Қутлуғ қон” ёш ўзбек ёзувчиларини роман жанрида ижод қилишга илҳомлантириб, даъват этиб, йўл кўрсатиб турди. Зал ўртасидаги тўрт қиррали витринадан жой олган турли тиллардаги китоблар “Қутлуғ қон”нинг жаҳон адабиёти дурдоналаридан бири бўлганидан шаҳодат беради.
Девордаги расмлардан биридан ўзбек снайперининг кўзлари сизга қараб туради. Бу рангли расмни жангчи рассом ишлаган. Ойбек 1942 йил охири – 1943 йил бошларида Ўзбекистон ҳукумат делегацияси таркибида Москва бўсағаларида жон олиб, жон бераётган ўзбек жангчилари ҳузурига совға-салом олиб борганида, бу расмни 96 нафар немисни “ер тишлатган” азамат ўзбек йигити ҳадя қилган. Снайперлик милтиғига “100” рақамини ёзишга улгурмай ҳалок бўлган бу жангчи адибнинг “Қуёш қораймас” романидаги Бектемир образининг яратилишида прототип бўлиб хизмат қилган. Оиласини хавотирга солиб, фронт сўқмоқларида бехат-бенишон тўрт ой қолиб кетган адиб 1943 йил мартининг сўнгги кунларида ярим кечаси озиб-тўзиб келганида, “Бемаҳалда болаларимни уйғотиб, безовта қилиб қўймай”, деб шу сурат ёнидаги деразани аста чертган...
“Фронт бўйлаб”, “Оловли йўллар” китоблари билан бирга лях тилида ёзилган мана бу шеърлар китоби словакиялик шоир Ондра Лисагорскийнинг урушдан кейин Ойбекка миннатдорлик ҳис-туйғуларини изҳор қилиб юборган совғаси. Уруш йилларида ўзбек юртидан паноҳ топган Анна Ахматова, Алексей Толстой, Александр Дейч, Соломон Михоэльс, Владимир Луговской сингари ўнлаб рус ёзувчилари ва санъаткорлари қатори, у ҳам Ойбекнинг меҳр-муҳаббатидан баҳраманд бўлган. Ойбек шу йилларда уларнинг асарларини ўзбек тилига таржима қилган. Дейч билан ҳамкорликда Навоий тўғрисида рус тилида китоб ёзди; Алишернинг болалиги ҳақида қисса ёзишга шайланган Л.Батьни Навоий ҳақидаги материаллар билан таъминлади; Михоэльс билан бирга “Маҳмуд Торобий” операсини яратди; Украин композитори Олесь Чишко бу операга музика басталади. Ана шундай ижодий ҳамкорлик мевалари ҳам шу залда ўз бўйини таратиб турибди.
Учинчи залдаги экспозиция марказида Навоий мавзуи туради. Ойбекнинг улуғ шоир ҳақидаги ўлмас асари гарчанд уруш йилларида ёзиб тугалланган бўлса-да, унинг халқаро эътибор ва шуҳрат қозониши урушдан кейинги даврга оид. Нуфузли давлат мукофотига сазовор бўлган бу асар турли хорижий тилларга таржима қилиниб, жаҳон халқларининг улуғ ўзбек ёзувчиси билан яқиндан танишишларида муҳим аҳамиятга молик бўлди. Мазкур залга кирган ташрифчи “Навоий” романининг тиканли симлар ортида турган йиртилиб-ямалган бир нусхасига эътибор бермай қолмайди. Бу, собиқ ўзбек ҳарбий асирларининг Ойбек уй-музейига ҳадяси. Совет давлати раҳбарларининг қўпол хатоси билан заифлаштирилган қизил армия урушнинг дастлабки йилларида кўплаб шаҳарлар билан бирга бутун бошли дивизияларни ҳам душманга бой берган. Уруш тугаши билан кечаги асирлар энди советлар томонидан қамоққа олиниб, “Ватан хоинлари” деб эълон қилинган. Урушнинг сўнгги кунларида “Навоий” романини ўзи билан бирга лагерма-лагерь олиб юрган, назоратчилар китобни ўқишни ман этиб, отиб-улоқтириб ташлаганларига қарамай, уни дўстлари билан бирга ўқиб, кўз қорачиғидек сақлаган, ҳаётбахш ғоялар билан суғорилган, ҳар бир лавҳасидан ўзбек диёри ва муҳташам тарихи шабадалари эсиб турган бу роман уларга яшаш учун руҳий мадад ва куч бағишлаган.
Афсуски, 50-йиллар аввалида бошланган сталинча қатағоннинг янги тўлқини Ойбекни яна ўз гирдобига торта бошлади. Рақиблар ҳатто “Навоий” романидан ҳам сиёсий хатоларни излаб топишга уринадилар. Экспозициядаги газета мақолалари, суратлар, ҳужжатлар шу ҳақида нақл қилади. Буюк адибнинг оёқлари остидаги замин кундан-кунга нурай бошлайди. Шундай изтиробли, азоб-уқубатли кунларнинг бирида у инсульт хасталигига дучор бўлади. Тили сўзлаш, қўли ишлаш қувватини йўқотади.
Зарифа Саидносирова шу йилларда бутун кучини Ойбекни қайта оёққа турғизишга қаратди.
Ойбек Хитойга даволаниш учун борганида, унга мана бу ёғоч қиличларни хитой шифокорлари беришган. У қўл мускулларини шу қиличлар ёрдамида ҳаракатга келтиришга уринган.
Ойбек 1951 йил 17 апрелдан 1968 йил 1 июлда вафот этгунига қадар қарийб ўз қўли билан ёза олмади. Қийналиб бўлса-да, бир оз гапира бошлагач, Зарифа Саидносировага айтиб туриш йўли билан “Қуёш қораймас”, “Улуғ йўл” романларини, “Нур қидириб”, “Болалик хотираларим”, “Бола Алишер” қиссаларини, “Даврим жароҳати”, “Гули ва Навоий” ва бошқа достону шеърларини ёзди. У шундай жўшиб-қайнаб ижод қилганига қарамай, қалби, шуури, боши минг бир хил ижодий режаларга тўлиб турган бўлса керакки, бир шеърида изтиробли дил туйғуларини ифодалаб, бундай ёзган эди:

Ҳастамен... Фикрга, туйғуга тўлиб –
Ой менга ҳамқадам – сокин юрамен.
Соғайсам бир куни ёзамен тўйиб,
Ҳисларга қалбимни қўшиб ёзамен...

Унинг шу даврда яратган асарлари икки ажойиб инсон – Ойбек ва Зарифа Саидносирова ижодий ва инсоний жасоратини намунасидир. Экспозиция билан яқиндан танишган ҳар бир ташрифчи шундай хулосага келади.
Адибнинг болалик дўстларидан бири ёзувчи Миркарим Осим Ойбекнинг шу машаққатли йилларда ёзган асарларидан бири – “Улуғ йўл” романи тўғрисида сўзлаб: “Бу асар яқин келиб қолган ажал оғзидан юлиб олинган ўлжа эди”, деб бежиз ёзмаган.
Мана, ниҳоят, “Ойбек абадияти” деб номланган тўртинчи зал. Бу ерда адибнинг ўзбек ва рус тилларидаги кўп жилдлик нашрлари, шунингдек, айрим асарларининг сўнгги йилларда хорижда нашр қилинган нусхалари намойиш қилинган. Адиб тасвири туширилган, гўзал мисралари битилган сопол ва чинни идишлар, мисдан ишланган буюмлар... Ойбекка бағишланган бадиий, илмий ва илмий-оммабоп асарлар...
Адабий-тарихий экспозиция миллий ўймакорлик усулида ишланган шифтли, мўъжазгина “Шарқ хонаси” билан якунланади. Бу ердаги барча буюмлар хонага шарқона руҳ бағишлаган. Ойбек худди шу хонада ишлаш, истироҳат қилиш ва дўстлари билан суҳбатлашишни севган.
Ҳовлининг шимолий тарафидаги бинода эса мемориал хоналар: меҳмонхона, ижодхона (биринчи қаватда), Зарифа Саидносированинг хонаси ва ётоқхона (иккинчи қаватда) жойлашган. Бу уй 1957-1958 йилларда Зарифа Саидносирова лойиҳаси асосида ҳовлининг шимолий томонида, деразалари жанубга қаратилиб қурилган. Ойбек хоналари эрталабдан то кечга қадар Тошкент қуёши нурларига ғарқ бўлган шу уйда умрининг қарийб сўнгги ўн йилини кечирди ва ижод қилган. Бинонинг безак ишларини бажаришда 40-йилларнинг ўрталарида Алишер Навоий номидаги Опера ва балет театри (ДКАТ) ни безаган энг яхши ганчкор халқ усталари иштирок этганлар.
Музейнинг мемориал қисми бизни адибнинг бир замонлар меҳмонлар аримаган уйидаги жонли ва самимий муҳитга олиб киради; биз бу хонадон дарвозаси Ойбекнинг дўстлари ва шогирдлари учун ҳамма вақт очиқ бўлганини сезгандек бўламиз. Адибнинг 1958 йилда Осиё ва Африка мамлакатлари ёзувчиларининг халқаро конференциясига келган қаламкаш биродарлари шу уйда меҳмон бўлишган. Шоирлар, олимлар ва санъаткорлар шу ерда йиғилиб, ҳаёт ва адабиёт ҳақида суҳбат қуришган, ижодий режалари билан ўртоқлашиб, санъат ва адабиётга фидойиларча хизмат қилиш ҳақида онт ичишган. Уйдаги жиҳозлар бутун ҳаёти тинимсиз меҳнатдан иборат бўлган адибнинг камтар ва самимий инсон сифатидаги қиёфасини гавдалантиради.
Меҳмондўст уй бўсағасини ҳатлаб ўтар эканмиз, ўнг томондаги - деворлари атоқли мусаввир ва Ойбек оиласининг улкан дўсти Ўрол Тансиқбоевнинг рангтасвир асарлари билан безалган саранжом-сариштали меҳмонхонага кўзимиз тушади. Ундан кейингиси – Ойбекнинг ижодхонаси ; устида ёзув жиҳозлари турган ёзув столи, стол усти чироғи, адиб рафиқаси, фарзандлари, яқин дўстларининг фотосуратлари ва, албатта, севимли Навоийнинг асарлари. Ойбекнинг кўпгина асарлари шу ерда ёзилган.
Ойбекнинг шу хонадаги бир неча минг нусхадан иборат кутубхонаси адибнинг қизиқиш доираси ғоят кенг бўлганидан гувоҳлик беради. Шарқ ва Ғарб классиклари, жумладан, рус ёзувчиларининг кўп жилдли асарлар тўпламлари, тарихга оид китоблар, энциклопедиялар, луғатларда адиб ижодий меҳнатининг излари қолган. Кўпгина китоб ва журналларнинг ҳошияларида адибнинг шарҳ ва белгилари, баъзан эса ўқилган асарларга берган баҳолари қайд этилган. Пушкин, Лермонтов, Гоголь, Тургенев, Толстой, Некрасов, Горький, Маяковский; Шекспир, Ҳомер, Ҳёте, Мольер, Бальзак; Яссавий, Ҳофиз, Навоий, Жомий, Фузулий ва бошқа мумтоз адибларнинг асарлари китоб жавонларини яшнатиб турибди. Бу хонадаги ҳамма нарса ижодий меҳнатга рағбат уйғотган.
Иккинчи қаватга даҳлиздаги ёғоч зиналар орқали, деворлардаги А.Циглинцев ишлаган гравюраларни томоша қилиб чиқилади (фото). Мусаввир А.Циглинцевнинг “Миср. Сфинкс”, “Неаполь. Тонг”, “Нисса”, “Порт”, “Коҳира. Соҳил”, “Тулон” деб номланган бу асарлари унинг 1958 йилда Ўрта ер денгизи мамлакатлари бўйлаб қилган сафаридан хотира бўлиб, музейга рафиқаси томонидан армуғон қилинган.
Иккинчи қаватдаги экспозициянинг бир қисми Ойбек рафиқасининг хос хонаси ҳақида нақл қилади. Хонанинг бир чеккасида – мольберт. У Ўзбекистон халқ рассоми Ўрол Тансиқбоевдан ёдгорлик. Зарифа Саидносирова буюк рус рассоми Илья Репиннинг шогирди Н.Н.Розанов студиясида у билан бирга тасвирий санъат “сир”ларини ўрганган. У шу хона деворларидаги мойбўёқ билан ишланган табиат манзараларини умрининг сўнгги йилларида яратган. Шу ердаги секретердан унинг китоблари, журналлари, ёзишмаларига оид буюмлар ўрин олган. Токчада эса Ойбек, болалар ва набираларнинг суратлари. Шу хонадаги мебель шаклининг нафислиги, қисмларининг мутаносиблиги билан бизни ҳайратга солади; ўймакор шкаф, паст сервант, чарм креслолар, бахмал билан қопланган стуллар, хитой вазалари, эски соат, сопол ҳайкалчалар – булар ҳаммаси уй соҳибининг нозик дидидан дарак беради (фото). Шу ерда намойиш этилган ҳар бир буюм, ҳар бир экспонатнинг ўз тарихи, ўз ривояти бор. Улардан баъзилари тўғрисида сўзлагинг келади киши. (Энг қимматли экспонатлар тавсифи – 1) “Навоий” романи қўлёзмаси, 2) “Туйғулар” илк шеърлар тўплами, 3) А.Ахматовага бағишланган шеър қўлёзмаси, 4) Ў.Тансиқоевнинг рангтасвир асарлари, 5) Зарифа Садносированинг “Аҳмад Яссавий мақбараси” асари, 6) Навоийнинг Саидносир Миржалилов автографи ёзилган девони ва б.) (фото) Секретер устида З.Саидносированинг мойбўёқ билан ишланган рангтасвир асарлари – манзаралар ва мамлакатимиздаги машҳур меъморий обидалар. У тасвирий санъат соҳасидаги изланишларини ҳаётининг сўнгги йилларида яна давом эттирган. Қарийб бирор марта ҳам натурага қараб ишламаган. Унинг тасвирий санъатга оид барча ишлари хаёл ва хотира асосида юзага келган. У зоҳирий (кўринган) нарсани эмас, ботиний (фикр-хаёлдаги) нарсани тасвирлаган. Бу расмлардаги енгил кўринган ижро ортида мусаввиранинг катта меҳнати ва бой ҳаётий мушоҳадалари яширинган. Рангтасвир асарларнинг каттагина қисми импрессионизм йўналишига мансуб. Бу расмлар З.Саидносированинг вафотидан кейин фарзандлари томонидан музейга берилган. Адиб кутубхонасининг давоми ҳам шу ерда.
Кабинет ва унга ёндош ётоқхона жиҳозлари Ойбекнинг ҳаётлик чоғида қандай бўлган бўлса, шу ҳолда сақланган. Китоб жавонидаги китоблар -Ойбекнинг ҳаётлик пайтида ва унинг вафотидан кейин турли даврларда жаҳоннинг кўплаб тилларида чоп этилган нашрлар. Улар орасида адибнинг собиқ СССР халқлари тилларида нашр қилинган асарлари оз эмас. Бу асарларнинг бир қисми миллий адабиётларнинг йирик арбоблари томонидан таржима қилинган. Токчалардаги китоблар – тарихчилар, филологлар ва файласуфларнинг адиб томонидан йиғилган ва аксар қисми ўқиб мутолаа қилинган асарлари. Бу ердаги ҳамма нарса адиб барҳаёт чоғида қандай бўлган бўлса, шундай эҳтиёткорлик ва меҳр билан сақланган ҳамда қайта тикланган. Ҳамма нарсада идеал даражадаги тартиб ва уйғунлигу саранжом-саришталик барқ уриб туради.
Архив материаллари узоқ йиллар мобайнида музейнинг илмий ходимлари ва ойбекшунос олимлар томонидан ўрганилиб келади. Бу тадқиқотларнинг натижалари Уй-музей доимий экспозициясининг Н.Каримов, Ш.Ризаев, У.Ярмуҳамедов қаламига мансуб тематик-экспозицион режаси (ТЭР)га асос бўлган. Янгиланган экспозиция эса Н.Каримов, Ш.Ризаев, О.Тошмуҳамедова, Г.Шокирова томонидан экспозиционер-мусаввирлар В.Вяткин ва Р.Габдраҳмонов иштирокида яратилган.
Музей фондлари ойбекшуносликнинг кўргазмали тарихи – Ойбек ҳақидаги текстологик ва комментаторлик билимлар тўплами бўлиб хизмат қилиши мумкин. Бу ҳол Уй-музейнинг илмий кутубхонасида, айниқса, яққол кўзга ташланади. Ойбек адабий меросини ўрганиш ишини янги босқичга кўтариш мақсадида ойбекшунос олимлар ва ёш адабиётшуносларнинг адиб архивида ишлашлари учун ҳамма шароит яратилган.
Музей ўз аудиториясига эга. Музейга ташриф буюрувчилар сафи адабиётшунос олимлар, шоир ва ёзувчилардангина иборат бўлмай, театр, кино ва мусиқа санъати арбоблари, журналистлар, турли касб-ҳунар вакиллари ҳам музейга мунтазам равишда ташриф буюрадилар.
Тақдир бизга ҳар куни шу қадрдон масканга келиш ва шу ерда ишлаш шарафи ва имкониятини берди. Музей биз учун, балки Ойбек хотирасини эъзозловчи бошқа кишилар учун ҳам, туганмас илҳом манбаига айланди.
Ишонч билан айтиш мумкинки, ўзининг бетакрор истеъдоди ва ўлмас адабий дурдоналари билан ўзбек миллий маданияти равнақига улкан ҳисса қўшган, шеъриятда ҳам, насрда ҳам, мислсиз сўз устаси Ойбекнинг ҳаёти ва ижодига бўлган қизиқиш бундан кейин ҳам асло сўнмайди.

Фил.фан.доктори, проф. Н.Каримов
Ойбек yй-музейи директори О.Ташмухамедова





Другие материалы рубрики

17.01.2017 / 11:40:42

Beeline предоставляет новые возможности бесплатного международного общения

Beeline сообщает о новых возможностях бесплатного общения с абонентами "Билайн Росcия". Далее...

17.01.2017 / 09:30:48

Концерт "АРТ-СТУДИИ-СВЕТ" и "МУЗЫКАЛЬНАЯ ПОЭЗИЯ КРАСОК"

ПОСОЛЬСТВО ЧЕШСКОЙ РЕСПУБЛИКИ В УЗБЕКИСТАНЕ, РЕСПУБЛИКАНСКИЙ ИНТЕРНАЦИОНАЛЬНЫЙ КУЛЬТУРНЫЙ ЦЕНТР, МЕЖДУНАРОДНЫЙ ЖЕНСКИЙ ОБЩЕСТВЕННЫЙ ФОНД "SHARQAYOLI" приглашают Вас на концерт "АРТ-СТУДИИ-СВЕТ" "МУЗЫКАЛЬНАЯ ПОЭЗИЯ КРАСОК", посвящённый 24-летию дипломатических отношений Узбекской и Чешской Республик 25-летию Республиканского Интерцентра и 7-летию "Арт-Студии-Свет". Далее...

17.01.2017 / 09:14:11

Творческий конкурс музыкальных и хореографических композиций для авторов и исполнителей

ВНИМАНИЕ! КОНКУРС! "АРТ-СТУДИЯ-СВЕТ" при поддержке Посольства Чешской Республики в Узбекистане, Республиканского Интернационального культурного центра и Международного Женского Общественного фонда "Женщина Востока", в рамках Международного проекта "Планета – наша общая Родина" и программы "Арт-Студии-Свет", объявляет Далее...

16.01.2017 / 22:40:20

Как Узбекистан стал сильнейшей в мире боксерской державой

Этот газетный заголовок — типичный для минувшего лета, когда о нашей стране говорили все спортивные медиа. "Узбекистан сотворил на Олимпиаде в Рио настоящую сенсацию, — к примеру, так писал российский таблоид "Экспресс газета". — Боксеры этой страны завоевали семь медалей, из которых три высшей пробы. В итоге Узбекистан занял первое место в боксерском медальном зачете, отняв звание сильнейшего, казалось бы, у непоколебимых кубинцев". Далее...

16.01.2017 / 12:53:33

Интернет-магазин компьютерной техники Avtech предоставляет скидки держателям карт Beeline Club

Beeline сообщает, что держатели карт привилегий Gold и Platinum получают скидки от интернет-магазина компьютерной техники Avtech в размере 5% и 10% соответственно. Далее...





24.04.2024 / 12:09:37
Виктор Апухтин представляет выставку " Я вижу цветы Райского сада"
 
23.04.2024 / 12:48:05
В экспозиционном пространстве университета Ка-Фоскари, Венеция состоялось открытие флорентийского раздела выставки "Узбекистан: Авангард в пустыне"
 


13.04.2024 / 14:06:55
"ШУМ БОЛА" XI-ФЕСТИВАЛЬ КИНО ДЛЯ ДЕТЕЙ И МОЛОДЕЖИ
 
08.04.2024 / 11:57:58
В Ташкенте прошли показы документальных фильмов "Из Ташкента в Нью-Йорк и обратно" и "Самарканд- вечный город". После просмотра состоялась оживленная дискуссия
 


22.04.2024 / 11:19:13
На флейте о цветущей сакуре
 
09.04.2024 / 12:19:35
Русский дом в Ташкенте провел "Книжный завтрак" с поэтом, прозаиком, переводчиком, критиком и эссеистом Сухбатом Афлатуни.
 


22.04.2024 / 12:28:08
Посольство США и представители Министерства дошкольного образования Узбекистана провели в отеле "Интерконтиненталь" церемонию завершения программы "Англоговорящая нация". Но будет другое продолжение...
 
21.04.2024 / 13:32:11
Вспоминая недавнюю встречу в Клубе "Интеллектуал". Почему все получилось отлично...Почему так должно быть всегда. Авторитетное мнение членов клуба и не только…
 

 





Главная Панорама Вернисаж Театр Кинопром Музыка Турбизнес Личная жизнь Литература Мир знаний

© 2011 — 2024 Kultura.uz.
Cвидетельство УзАПИ №0632 от 22 июня 2010 г.
Поддержка сайта: Ташкентский Дом фотографии Академии художеств Узбекистана и компания «Кинопром»
Почта: Letter@kultura.uz
   

О нас   Обратная связь   Каталог ресурсов

Реклама на сайте