Мы освещаем новости культуры Узбекистана: театр, кино, музыка, история, литература, просвещение и многое другое.

Ru   En

Поиск по сайту
Главная
Панорама
Вернисаж Театр Кинопром Музыка Турбизнес Личная жизнь Литература Мир знаний
15.03.2017 / 18:16:55

Кинорежиссёр Жасур Исҳоқов. Ижод ибрати


Ҳаётда шундай одамлар борки, атрофидаги ҳамкасблари, ёру-биродарлари, қариндош-уруғлари у томон талпинадилар. Имкон борича кўпроқ мулоқотга киришиб, мароқли суҳбатларидан баҳраманд бўлишга ҳаракат қиладилар. Бундай кишиларнинг давралари серфайз, суҳбатлари мазмунли, маслаҳатлари ҳикматларга бойлиги билан ажралиб туради. Бунақа инсонларни халқ чарақлаган юлдузга қиёс қилади.

Жасур Илҳомович Исҳоқов ҳам ана шундай зукко, кўпни кўрган, жуда катта ижодий ва инсоний салоҳиятга, бой ҳаётий тажрибага эга замондошларимиздан. У ўз сермаҳсул ижоди, серқирра иқтидори, кенг дунёқараши, чуқур тафаккури билан юртимиз маданият ва санъат аҳли орасида ўз ўрнига эга бўлиб, обрў-эътибор қозонган. Босиқ ва жиддий кўринсада, қизғин давраларда ичакузди латифалари, теша тегмаган иборалари билан атрофдагиларни оғзига қарата олади. Фикрларини хоҳ ёзма, хоҳ оғзаки лўнда ифода эта билиш маҳоратига, етакчилик қобилиятига кўплар қойил қолади, ҳавас қилади. Шунинг учун ҳам уни Устоз дея ҳурмат қилишади, муносабатининг самимий ва холислиги, нуқтаи назарининг аниқлиги туфайли доим ҳисоблашишади.

Сценарист, режиссёр, кино ва театр драматурги Жасур Исҳоқов 1947 йилда Тошкент шаҳрида зиёлилар оиласида туғилган. Тошкент театр ва рассомлик институтининг (ҳозирги Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти) режиссёрлик факультетини, кейинчалик Давлат кинематография қўмитаси қошидаги икки йиллик Олий сценарист ва режиссёрлар курсини тамомлаган.

Қарийб 50 йиллик ижодий фаолияти давомида унинг сценарийлари асосида “Тиниқ булоқлар”, “Асов дарё пўртанасида”, “Алвидо, ғўр ёшлигим”, “Учишга рухсат” сингари бадиий, “Жонли тупроқ”, “Ёмғир ва шохчалар ҳақида”, “Қизил, сариқ ва олтин ранг”, “Сусамбил”, “Спитамен, Сўғдиёна ўғлони”, “Йўл ва болалар” каби ўндан ортиқ мультипликацион фильмлар суратга олинган. Мамлакатимиз театрларида “Бузиш учун сотилади”, “Мардикор”, “Кўҳна Тошкент ҳақида тушлар”, “Бўталоқ” сингари ўнга яқин пьесалари муваффақият билан саҳналаштирилган. “Қашқар маҳалла”, “Тақдир сўқмоқлари”, “Муҳаббат иқрори” сингари оммалашиб кетган қатор қўшиқ матнларининг муаллифи.

Ж.Исҳоқовнинг режиссёрлик маҳорати, айниқса, Мустақиллик йилларида яққол намоён бўлди ва ривожини топди. Ўз сценарийлари асосида постановкачи режиссёр сифатида “Кетма...”, “Олтин тулпор дуоибади”, “Ҳақиқий эркаклар ови”, “Шатранж мамлакатидаги саргузаштлар”, “Ҳақиқат куни”, “Балли, Камолиддан” сингари бадиий, “Қайта туғилиш” (“Ал Фарғоний”), “Устанинг тўрт куни”, “Самарқанд 2750 ёшда”, “Самарқанд қоғози”, “Шахмат тождори”(“Рустам Қосимжонов”), “Асад Исматов”, “Тўғон Режеметов”, “Актриса”, “Александр Файнберг”, ”Зулмат салтанати”, “Риштон мўъжизаси”, “Уруш болалари”, “Зилзила” каби 40 дан ортиқ ҳужжатли фильмларни суратга олди.

Ж.Исҳоқовнинг ижодига назар солар эканмиз, унинг доим мамлакатимиз ҳаётида рўй бераётган оламшумул сиёсий-ижтимоий ўзгаришлар, жамиятни қизиқтираётган турли соҳаларга оид масалалар, юртдошларимиз эришган улкан ютуқларга фильмлари орқали ҳозиржавоблик билан ўз муносабатини билдира олганининг гувоҳи бўламиз. Бу, айниқса, режиссёр яратган ҳужжатли фильмларнинг мавзуларини таҳлил этганда яққол кўзга ташланади. Мустақиллигимизнинг илк палласида бой тарихимиз, ўзликни англаш, аждодларимиз меросини ўрганиш, миллий қадриятларимизни тиклаш ва улуғлаш сингари масалаларга катта эътибор қаратилди. Ж.Исҳоқов шу йилларда буюк аждодимиз Аҳмад Ал Фарғоний ҳақидаги “Қайта туғилиш”, миллий ҳунармандчилик анъаналарини тарғиб этувчи “Риштон мўъжизаси”, “Самарқанд қоғози” сингари ҳужжатли фильмларни яратди. Кейинчалик мамлакатда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ишларни кўрсатувчи “Халқ сўзи-ҳақ сўзи” ва “Тинчлик ва ҳавфсизлик йўлида”, шахмат бўйича 17-Жаҳон чемпиони унвонига сазовор бўлиб, миллат ғурурини кўкларга кўтарган Рустам Қосимжоновга бағишланган “Шахмат тождори” сингари ҳужжатли фильмларни суратга олди, миллий халқ қаҳрамони Спитамен ҳақидаги “Спитамен, Сўғдиёна фарзанди” мультфильми учун сценарий ёзди. Ўз фильмлари билан мамлакатимизда олиб борилаётган маънавий-маърифий тарғибот ишларига катта ҳисса қўшди.

Ж.Исҳоқовнинг маданият, санъат ва адабиётнинг инсон ҳаётидаги ўрни ҳақида куюниб, тўлқинланиб гапирганинг кўп бор гувоҳи бўлганмиз:

- Мендан: “Қайси саънат тури сизга кўпроқ яқин?”- деб баъзан сўраб туришади. Мен учун энг олий санъат тури – бу мусиқа, иккинчи ўринда адабиёт(айниқса, шеърият), учинчи ўринда рангтасвир, тўртинчиси театр ва ниҳоят бешинчи ўринда кино санъати, деб жавоб бераман. Профессионал кинодраматург, кинорежиссёр бўла туриб, ҳаётимнинг мазмунини ташкил этган “кино санъати”ни бешинчи ўринга қўйишим, негадир суҳбатдошларимни доим таажжублантиради. Бу гапларимни ўз касбимга нисбатан беписандлик, беҳурматлик, деб ҳам баҳолашади. Ваҳоланки, бу кўпчилик томонидан аллақачон тан олинган ҳақиқат. Кино санъатининг пайдо бўлганига атиги 110 йилдан салгина ошди. У анча олдин пайдо бўлган мусиқа, рангтасвир, театр сингари санъат турларининг, адабиётнинг бой анъаналари, тажрибаси, энг яхши жиҳатларини ўзида мужассам этиб сингдира олган “синтетик санъат тури” ҳисобланади. Киноижодкор ўзини профессионаллар қаторига қўшар экан, албатта ана шу санъат турларини, адабиётни жуда пухта ўзлаштирган бўлиши шарт. Кино санъати айнан шуниси билан ҳам ўта мураккаб, ўта қизиқарлидир. Бежизга ҳам уни: “Энг оммавий ва энг таъсирчан санъат тури” деб эътироф этишмайди.

Ж.Исҳоқов “ҳужжатли кино”ни жуда катта мактаб, деб таърифлайди. Эндигина фаолиятини бошлаётган кинорежиссёрларга бадиий фильмга қўл урушдан олдин, албатта, ўз имкониятларини ҳужжатли кинода синаб кўриб, жуда бўлмаганда 3 та ҳужжатли фильм суратга олиб кўришни маслаҳат беради. Чунки, кинорежиссёрликдек ўта мураккаб касбни эгаллаш учун бу муҳим бир босқич вазифасини ўташига ишонади. Ўн дақиқа давом этадиган фильм сценарийсини ёзиш, уни суратга олиш учун кунлар, ойлар эмас, баъзан йиллар давомида тайёргарлик кўриш, мавзуга оид кўплаб манбаъларни чуқур ўрганиш, таҳлил этиш, юрак-юракдан ўтказишга тўғри келади. Бу жараёнда ҳеч бир нарсани назардан қочириб бўлмайди. Айнан сен учун аҳамиятсиздек туюлган нарса, бўлғуси фильмнинг энг таъсирчан, энг керакли лавҳаси бўлиб чиқиши мумкин. Бунинг учун эса жуда кўп ўқиш, турли соҳаларнинг сир-асрорларини ўзлаштириш зарур. Фақат шундагина тамошабиннинг эътиборини қозониб, қалбига йўл топишинг, унга айтмоқчи бўлган фикрларингни етказиб, уни ҳам ўзингга маслакдош қила олишинг мумкин, дейди.

Ж.Исҳоқов бадиий кинодаги фаолиятини болаларга мўлжалланган “Тиниқ булоқлар” фильми билан бошлаган. У болалар учун фильм яратиш жуда мураккаб ва масъулиятли вазифа эканини доим ҳис қилган ҳолда ижод қилади. Фильмларининг нафақат қизиқарли воқеа ҳақида ҳикоя қилиши, балки, энг аввало, таълим-тарбия воситаси бўлиши кераклигига алоҳида эътибор қаратади.

- Бугунги кунда кинонинг нималигини билмаган, уни яхши кўрмаган бирор инсон топилмаса керак. Айниқса ёш тамошабинлар фильмлардаги барча воқеа ва ходисаларни, яхшими ёмонми фарқлай олмай, ўзларига тез сингдиришади, тақлид қилишади, онгларида бир умрга сақлаб қолишади.Болалар учун мўлжалланган бадиий ёки мультипликацион фильмларда қўрқинчли маҳлуқларни, аёвсиз ур-йиқит, уруш саҳналарини тасвирлашга доим қарши бўлганман. Бундай фильмлар болалар қалбидаги раҳм-шафқат, меҳр-оқибат сингари олий инсоний туйғуларни емириб, ўрнини ёвузлик, жоҳиллик, шафқатсизлик сингари салбий иллатлар билан тўлдиради. Биз бунга бефарқ қараб туришга ҳаққимиз йўқ.

Ж.Исҳоқов бу фикрларининг тўғри ва асосли эканини ўз фильмлари орқали аллақачон исботлаб, барчага ибрат бўла олган. Фикримизнинг тасдиғи сифатида режиссёрнинг 2009 йилда суратга олган “Шатранж мамлакатидаги саргузаштлар” бадиий фильм-эртагига мурожаат қиламиз.

Фильмда Илҳомжон исмли бола ёзги татил пайтида Бобосиникига Бухоро шаҳрига меҳмонга боради. Бобоси шаҳарнинг таниқли ҳунармандларидан бири, темирчи уста. Бувиси попоп тикувчи чевар. Улар набирасига Бухорои Шарифнинг бетакрор тарихий обидалари, муқаддас қадамжоларини зиёрат қилдиришади. Илҳомжон билан бирга тамошабин ҳам саёҳатга чиқади, қадим ва боқий шаҳарнинг бағри кенг, меҳмондўст одамлари билан танишади, шундай тинч, осойишта, тенги йўқ диёрда яшаётганига шукроналар айтади. Бобоси набирасини ўзи меҳнат қилаётган машҳур “Ҳунармандлар шаҳарчаси”га олиб боради. Режиссёрнинг маҳорати, айниқса, ана шу кадрларни тасвирлашда яққол намоён бўлади. У “ҳужжатли кино”да орттирган бой тажрибасидан самарали фойдаланиб шаҳарчадаги ҳунарманд усталарнинг ўзларини кундалик иш жараёнларида моҳирлик билан суратга туширади. Тамошабинга миллий амалий санъатимизнинг турли йўналишлари ҳақида қимматли маълумотлар беради. Режиссёр заргар, зардўз, қандакор, темирчи, чилангар, дурадгор усталарнинг бармоқлари, қўлларини бирма-бир йирик планда кўрсатади. Ушбу тасвирларнинг таъсирини янада кучайтириш учун кадр ортида “Мўжиза яратар мўъжаз кўнгиллар, Сеҳрли бармоқлар, сеҳрли қўллар“, - дея куйланувчи қўшиқни янгратади. Бу қўшиқ барча қўли гул ҳунарманд-усталаримизнинг меҳнатини улуғловчи мадҳия бўлган, десак хато қилмаймиз. Режиссёрнинг яна бир ноёб топилмаси, фильм воқеаларини шахмат ўйини билан боғлиқ равишда ривожлантиришидир. Шахмат ўйини: илм, билим, ўткир зеҳн, иқтидор сингари юксак тушунчаларнинг рамзий тимсоли сифатида гавдалантирилади. Эртаклар мамлакатида Илҳомжон шахмат ўйинида ғолиб чиқиб, сеҳрланган Шаҳзодани қутқаради. Бу билан ёш тамошабинлар онгига: фақат илмли, билимли, ўз иқтидоридан керакли пайтда унумли фойдалана билган инсонгина йўлида учраган барча қийинчилик, тўсиқларни бартараф этиб, кўзлаган мақсадига, орзу-умидларига ета олади, деган ғоя сингдирилади.

Кинотанқидчиларнинг фикрича кўпгина режиссёрлар фильмларида бирор воқеани ҳикоя қилиб, уни кўрсатишга эътибор қаратишади. Ж.Исҳоқов эса фильмларида асосан инсонлар тақдирини тадқиқ этишга интилади. У ўз қаҳрамонларининг ўй-ҳаёллари, руҳий кечинмаларини кўрсатар экан, инсон ҳаётида бирор мураккаб вазиятга дуч келгудек бўлса ўзини қандай тутиши, мушкулликлардан чиқиб кетиш учун нима чоралар кўриши мумкинлигини тамошабин билан бирга таҳлил қилади. Шундай асарларидан бири 2011 йилда суратга олинган “Ҳақиқат куни” бадиий фильмидир.

Фильм қаҳрамони Муниса замонавий тадбиркор аёллардан. Оиласи, фарзандлари билан тинч-тотув ҳаёт кечириб келаётган эди. Бирдан қандайдир дардга чалинади. Врачлар аниқ ташҳис қўя олмай, бир неча кундан кейин қайтадан тиббий кўрикка келиши шартлигини айтишади. Бундай нохуш хабардан қаҳрамонимиз тушкунликка тушади. Ў.Умарбеков таъбири билан айтганда, ҳуддиким “Мангу дунё бўсағасида” тургандек ўй-ҳаёлларга, фикр-хотираларга берилади. Касалидан қаттиқ изтиробга тушиб толиққанида ота-онасининг руҳига ҳаёлан мурожаат қилади, улар билан сўзлашади, мадад сўрайди. Дардини ҳеч кимга билдирмасликка ҳаракат қилади. Томошабин Мунисанинг нақадар ҳаётга чанқоқлигини, оиласи, фарзандларига бўлган меҳру-муҳаббати туфайли яшашга интилишини, болаларининг камолини, орзу-ҳавасларини кўриш иштиёқининг қанчалик кучли эканини юрак-юракдан ҳис этади, унга ҳамдард бўлади, у билан бирга куйинади, ҳурсандчилигига шерик бўлади.

Режиссёр фильм давомида эътиқодли, ҳалол кишиларни турли ҳаётий синовларда, жумладан “пахта иши”дек ноҳақлик ва адолатсизлик гирдобида тасвирлайди. Арзимаган туҳматлар сабаб Мунисанинг отасидек меҳнаткаш, оддий, содда, ҳамиятли кишилар ҳаётида машъум фожеликлар, адолат мезонларидан чекланишлар рўй берганига тамошабин эътиборини жалб этади. “Ҳақиқат эгилади, букилади, аммо синмайди” деган ҳикматнинг қанчалик тўғри эканига қаҳрамонимиз билан бирга куйинган, унинг дардларига шерик бўлган тамошабинни ҳам ишонтиради. Ташхислар нотўғри чиқиб, аёлнинг дарди оддий толиқиш оқибати эканлиги маълум бўлади. Назаримда, фильм якунини заҳматкаш ўзбек аёлларига қасида, деб аташ мумкин. Дам олиш учун хорижга учаётган Мунисани турмуш ўртоғи самолётгача кузатиб, аэропортдан чиқади. Самолёт учгани кўрсатилади. Аммо не кўз билан кўрайликки, қаҳрамонимиз машина олдида эрини пойлаб турибди. Ҳар бир ўзбек аёли сингари Муниса ҳам оиласининг фаровонлиги, фарзандларининг бекаму кўст ўсиб-улғайиши учун ўз ҳузр-ҳаловатидан кечади.

Ж.Исҳоқов ҳар бир мавзуга жиддий ёндашгани учун фильмлари таъсирчан, мулоҳазали, режиссёрлик топилмаларига бойлиги билан ажралиб туради. Шу боис ҳам бу фильмлар кўплаб Халқаро кинофестивалларда иштирок этиб, томошабин ва мутахассисларнинг эътирофига сазовор бўлган. Жумладан, “Зулмат салтанати” хужжатли фильми Германияда, “Олтин тулпорнинг дуоибади”, “Ҳақиқий эркаклар ови” бадиий фильмлари Россияда, “Шатранж мамлакатидаги саргузаштлар” фильм-эртаги Арманистонда ўтказилган Халқаро кинофестивалларда ғолибликни қўлга киритган. “Алпомиш” достони асосида тўлиқ метражли бадиий фильм учун ёзилган киносценарий 2012 йилда Жанубий Корея Республикаси Маданият вазирлиги ўтказган Халқаро танловда “Гран-При” соҳиби бўлган.

Ижод билан бирга жамоат ишларида ҳам фаол. Ўзбекистон киноарбоблари бирлашмаси бошқаруви аъзоси сифати миллий кинематография соҳасини янада ривожлантириш бўйича зарур меёрий ҳужжатларни тайёрлашда иштирок этади. Ёш сценаристлар учун маҳорат дарсларини ўтказади. Бўш пайтларида ўзи гувоҳи бўлган қизиқарли воқеалар, ёнидаги қадрдонлари ҳақида ҳикоялар ёзади. Бу ҳикоялар тўплами “Кўҳна Тошкент ҳақида тушлар” номли билан нашр этилган.

Бундай сермаҳсул ижодий муваффақиятларнинг омиллари нимада экани билан қизиқдик:

- Маълумки, ҳар қандай шаҳс оилада шаклланади, ўсиб улғаяди. Оиладаги муҳит унинг келажагини белгилаб беради. Шу ўринда мен улғайган оила ҳам бундан мустасно эмас. Отамиз Илҳом ака ҳам, онамиз ¬Ҳабиба опа ҳам ўз замонасининг зиёли, ўқимишли кишиларидан бўлишган. Оғир дамларда бир-бирларига суянчиқ бўлиб яшашган. Илм-фан, маданият соҳаси вакиллари, оддий маҳалладошлари билан яқин дўстона муносабатда бўлиб, борди-келди қилишган. Уйимиздан маърифатли инсонларнинг қадами узилмаган. Ана шундай кезларда ҳовлимиз жуда ҳам файзли, тароватли бўлиб кетар эди. Уч опам ва мен бундай гавжум давралардан баҳра олиб, адабиёт ва санъатга қалбларимиз ошифта бўлиб катта бўлганмиз.

Онамлар миллий адабиётимиз сара асарларини қунт билан ўқиб-ўрганиш билан бирга, жаҳон адабиёти дурдоналарини она тилимизга таржима қилиб, ўзбек китобхонларининг китоб жавонларни бойитишга хизмат қилганлар. Шу ўринда “Жаҳон адабиёти” журналининг 2015 йил октябрь сонида онамиз Ҳабиба Зиёхонова таржима қилган “Форсайдлар оиласи” романидан бобларнинг нашр этилиши биз учун жуда катта совға бўлганини қайд этишим лозим.

Ота-онамиз ҳеч қачон вақтимизни бекор ўтишига йўл қўйишмаган. Бир фурсат бўш қолдик дегунча, турли мавзулардаги китобларни тавсия этиб, ўқишга қизиқтиришган, айрим ҳолларда мажбур ҳам қилишган. Ота-онамиздан олган энг муҳим сабоғимиз: фақат илмли, билимли, кўп китоб ўқиган инсонгина ҳаётда олдига қўйган олий мақсадларига эришиши мумкин экан, деган хулоса бўлган. Бора-бора китоб ўқиш биз учун ҳуддиким нафас олишдек оддий, аммо энг муҳим заруратга айланиб қолган.

Катта опам, Раъно Хамроқулова Ўзбекистон Давлат университетида қирқ йилдан ортиқ рус тили ва адабиётидан дарс берганлар. Йўлдош Аъзамовнинг “Мафтунингман” фильмидаги Замира роли билан халқимиз ёдида қолганлар. Ўртанча опам, Холида Исҳоқова – тиббиёт фанлари доктори, профессор сифатида обрў-эътибор қозонганлар. Шуҳрат Аббосовнинг “Маҳаллада дув-дув гап” фильмидаги Сайёра ролида кино ихлосмандларининг муҳаббатига сазовор бўлганлар. Кичик опам Шоҳиста Исҳоқова – филология фанлари номзоди, инглиз тилидан таржима бобида етук мутахассис бўлиб етишганлар.

Ота-онамизнинг оила тутиш сирлари, бола тарбиясидаги бебаҳо тажрибаларини биз ҳам ўз фарзандларимиз тарбиясида қўлладик. Болаларга касб танлашда тўлиқ эркинлик бердик, китоб ўқишга меҳр уйғота олдик.

Ж.Исҳоқов ҳавас қилса арзигулик, серфайз оиланинг бошлиғи. У кишининг энг содиқ муҳлиси, энг талабчан танқидчиси ва энг ишонган маслаҳатгўйи, шубҳасиз, турмуш ўртоқлари Мастура опа Исҳоқовадир. Улар ҳам Тошкент театр ва рассомлик институтининг режиссёрлик факультетини (ҳозирги Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти) битириб, кўп йиллар республика телевидение ва радиосида режиссёрлик қилганлар. Мастура опа мамлакатимиз илм-фани, адабиёти, маданияти ва санъати ривожига беқиёс ҳисса қўшган Ҳамид Олимжон, Зулфияхоним, Абдулла Қаҳҳор, Ғафур Ғулом, Наби Ғаниев сингари миллатимиз фаҳри бўлган буюк инсонларнинг ҳаёти ва ижодига бағишланган 70 дан ортиқ бадиий-публицистик мақолаларнинг муаллифи. Ҳозирги кунда Жасур Исҳоқов билан биргаликда “Классик–ФМ” радиоканали орқали “Кино ҳақида суҳбатлар” рукуни остида таниқли адабиёт ва санъат намояндалари ҳақидаги эшиттиришларни олиб боришади.

Бу оилавий ва ижодий жуфтликнинг аҳил, тотув, ҳамжиҳатликда ҳаёт кечиришларига барчанинг ҳаваси келади. Ота-онадан ибрат олиб улғайган фарзандлар ҳам ҳаётда ўз ўринларини топиб олганлар.

Катта ўғиллари Сардор Исҳоқов киноиқтисодчи, продюссер, режиссёр. У суратга олган диний экстремизм ва терроризмнинг фожеали оқибатларини очиб берувчи “Акромия” ҳужжатли фильми рус, инглиз тилларига таржима қилиниб, ақидапарастлик ғоялари таҳдид солаётган қатор мамлакатларда намойиш этилди. 2013 йилда “Детективфест” Халқаро кинофестивалининг махсус совринига сазовор бўлди.

Кичик ўғиллари Элдор Исҳоқов – Медицина фанлари номзоди, Республика гемотология ва қон қуйиш илмий тадқиқот институтининг илмий раҳбари, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг бош онкогемотологи.

Қизлари Элсевар Исҳоқова – таниқли дизайнер ва либослар бўйича рассом. Ўзбекистон, Россия Германия, Қозоғистон сингари мамлакат киностудияларида яратилган етмишга яқин бадиий фильмларни суратга олишда иштирок этган. Турли Халқаро танловларнинг совриндори.

Фарзандлари қайси касб эгаси бўлишмасин ота-оналаридан ибрат олган ҳолда адабиёт ва санъатга ошуфта инсонлар бўлиб вояга етишган.

Ота-она учун фарзандлар камолини кўришдан –да ортиқ бахт борми!

P.S. Кўпинча мендан “Сиз Жасур ака Исҳоқов билан ака-укамисиз?”-деб сўрашади. Мен уларга: Йўқ биз фамилиядошмиз, аммо кўп йиллик дўстона, самимий муносабатлар бизни ака-укалардек яқинлаштириб юборган, деб жавоб бераман. Жасур ака билан ака-ука деб ўйлашларидан фаҳрланаман.

Етмиш йиллик таваллуд айёмингиз муборак, устоз!

Соғ-омон бўлинг, ибратли ижодингизга барака!

 

Ҳурмат билан Аъзам Исҳоқов,

Ўзбекистон Киноарбоблар бирлашмаси аъзоси, киноташкилотчи





Другие материалы рубрики

15.03.2017 / 18:12:29

ОБЗОР одиннадцатого номера еженедельника "Норма"

Объединенная редакция деловых изданий "Налоговые и таможенные вести", "Норма" и "Топ" рада сообщить о выходе одиннадцатого номера газеты "Норма". Он посвящен ответам на вопросы читателей. Далее...

15.03.2017 / 15:37:41

Праздник Новруз торжественно отмечается в Азербайджане

Новруз Байрам – один из главных национальных праздников для всех азербайджанцев. Его с большой радостью встречают как в Стране огней, так и за ее пределами, в крупных азербайджанских общинах. Далее...

15.03.2017 / 10:35:09

"Своя мелодия": ТОП-10 весенних хитов

Beeline представляет ТОП-10 рингтонов услуги "Своя мелодия" (Ring Back Tone (RBT) – музыка вместо гудков ожидания. Далее...

15.03.2017 / 09:23:01

ДЕНЬ КОГДА ТАШКЕНТСКАЯ ОПЕРА СТАЛА ПРАЗДНИКОМ (о творческом вечере заслуженной артистки Узбекистана Ольги Александровой)

В минувшее воскресение в зале ГАБТа им.А.Навои было особенно многолюдно. Любители оперного искусства пришли чтобы принять участие в юбилейном вечере выдающейся оперной певицы и актрисы Ольги Александровой и снова послушать ее удивительно красивое по тембру и звучанию пение. Далее...

14.03.2017 / 14:15:29

Концерт "Навстречу весне" в Самарканде

В преддверии всенародного весеннего праздника Навруз в Центре культуры и досуга населения им. Амира Темура города Самарканда состоялся праздничный концерт "Навстречу весне" и чаепитие для ветеранов творческих коллективов ЦКДН. Далее...





28.03.2024 / 16:52:52
В Международном караван-сарае культуры Икуо Хирояма завершилась фотовыставка "Шелковый путь , заполненный светом"
 
27.03.2024 / 12:32:55
Фонд развития культуры и искусства Узбекистана сообщает о создании Национального павильона Узбекистана во Всемирной выставке Expo Osaka 2025
 


26.03.2024 / 12:27:37
Ташкент-Бишкек. Мосты дружбы . Недавние гастроли артистов ГАБТа им. А. Навои в столице Кыргызстана стали событием в культурной жизни дружественной страны
 
24.03.2024 / 12:44:54
В Большом театре Узбекистана им. А. Навои снова был аншлаг. Многочисленную публику накануне очень порадовал вечер итальянской музыки "Три тенора"
 


25.03.2024 / 22:05:37
С 6 апреля 2024 года авиакомпания Uzbekistan Airways увеличивает количество регулярных рейсов по маршруту Ташкент-Минск-Ташкент.
 
20.03.2024 / 11:31:24
По инициативе Узбекистана 2027 год будет объявлен Международным годом устойчивого и жизнестойкого туризма
 


26.03.2024 / 07:08:33
Какое правильное стихотворение Андрея Дементьева "Не обижайтесь на детей"
 
18.03.2024 / 12:25:35
Мир волшебства Елены Макаровой
 

 





Главная Панорама Вернисаж Театр Кинопром Музыка Турбизнес Личная жизнь Литература Мир знаний

© 2011 — 2024 Kultura.uz.
Cвидетельство УзАПИ №0632 от 22 июня 2010 г.
Поддержка сайта: Ташкентский Дом фотографии Академии художеств Узбекистана и компания «Кинопром»
Почта: Letter@kultura.uz
   

О нас   Обратная связь   Каталог ресурсов

Реклама на сайте