Мы освещаем новости культуры Узбекистана: театр, кино, музыка, история, литература, просвещение и многое другое. |
|
|
12.01.2018 / 00:02:33
Янги йил эртак томошалариЯнги йил негадир йилнинг энг мўъжизали байрами бўлиб туюлади. Киши болалигини, ундаги эртакларни соғинади. Кишига келаётган йилда негадир гўё барча орзулари амалга ошиши аниқдек бўлиб туюлади. Инсонлар яхши ниятда бир-бирларига совға-салом улашишади. Дунёнинг барча жойларида Қорбобо, Қорқиз, эртак қаҳрамонлари иштирокида Янги йил томошалари ташкил қилинади. Болажонлар эса бу мўъжизавий қаҳрамонларга ишонишади. Катта бўлгач эса... Станиславскийдан "Болалар учун қўйиладиган томошалар қандай бўлиши керак?" деб сўрашганида, "Катталар томошасидан ҳам яхшироқ. Чунки болаларни алдаб бўлмайди",-деган экан. Мўъжизага ишонган бола улғайгач ўзи ҳам, албатта, хаёлот мевасини ҳаётга татбиқ этишга, эртак қаҳрамонлари сингари яхшиликнинг амалга ошиши учун курашишга, жасоратли бўлишга, ёвузлик устидан ғалаба қозонишга интилади. Хўш, пойтахтимиз томошагоҳларида болажонларимиз учун қандай томошалар кўрсатилмоқда. Катталарнинг нигоҳини болаларча нигоҳ билан алмаштириб, заррабин орқали эртак томошаларини кузатдик. Туркистон саройи 2018 йилнинг 3, 4, 5, 6 январь кунлари соат 11:00, 15:30 да "Томоша" болалар театр студияси "Мўъжизалар бор экан" Янги йил эртагини намойиш қилади. "Диван-тур" да сайёҳатга чиққан болалар Асал, ШиринТемурлар таомлар салтанати, Оташ маскани, Тошлар салтанати, Соатлар салтанатига сайёҳғат қилишади. Йўлда уларга Қарға хола, Тош одам, Патир амаки, Қаймоқ хола, Супер-одам, Лего, Киндер-сюрприз, Смайликхон-у, Дюрассел, Интернетбек-у, Флешкавойлар учрайди. Болажонлар сохта Қорбобога ишониб тошга айланишганлигида ҳақиқий Қорбобо уларни ёвуз сеҳргар Тош одам сеҳридан қутқаради. Алишер Навоий номидаги Опера ва балет Катта театри Алишер Навоий номидаги Опера ва балет Катта театрида Эрнст Те́одор Вильге́льм Го́фманнинг "Қарсилдоқ ва сичқонлар подшоси" асари асосида Пётр Чайковский мусиқаси асосида саҳналаштирилган "Қарсилдоқнинг қайтиши" балети болажонларга Янги йил совғаси сифатида тақдим қилинмоқда. Спектаклда намойиш қилинадиган Янги йил оқшомида юз берадиган воқеалар катталар нигоҳида файласуфона ва серқиррадек туюлса, болалар нигоҳида у ёрқин ва ўта сеҳрлидир. Эртакда Якобнинг ёғоч аскарлари, қизалоқ Ларанинг қўғирчоғи жонланади, сичқонлар подшога, жажжи қизалоқ маликага, ўғлон жасур баҳодирга айланиб, Қарсилдоқни қутқаришга астойидил бел боғлашади ҳамда ўзининг ҳақиқий қиёфаси шаҳзода қиёфасига қайтишига ёрдам беришади. Эртакнинг аслиятидан фарқли равишда, сичқонлар подшосининг ёвуз ишлар қилишига сабаб болалигида у эртак китоб ўқимаганлиги аниқланади ҳамда унинг китоб ўқишига шароит яратилади. Болажонлар учун мўлжалланган "Қарсилдоқнинг қайтиши" балети 2018 йилнинг 2 январидан 14 январгача бўлиб, томоша соат 10:00, 12:00, 14:00, 16:00 да бошланади. Рус Академик драма театри Рус Академик драма театрининг болажонларга тақдим этаётган совғаси "Ғаройиб эртак ёки Синдбоднинг саргузаштлари" деб номланиб, болалар мюзикли сифатида шарқ эртаклари асосида яратилган бу томошада сафарга чиққан жасур денгизчи Синдбод йўлда қароқчиларга дуч келади, улар билан курашади, Майкл Жексон зомбиси исканжасидан одамларни қутқаради. Лемурия оролига келган Синдбод е ердаги ҳайвонлар қирол Жулиан, бегемот Глория, жирафа Мелман, шер Алекс, маймунча билан суҳбатлашиб, Аждарчанинг қайғусини кетказишга ёрдам беради. Гап шундаки, оролда яшовчилар Янги йил байрами ва арча нималигини ҳатто билишмас ҳам экан. Синдбод бошчилигидаги денгизчилар уларнинг Шимолий ўлкага сайёҳатларини ташкил қилиб, Қорбобо ва Қорқиз билан таништиришади, арчани кўрсатишади. Янги йил мюзикли 2 январдан 10 январгача ҳар куни, соат 11:00, 13:00, 15:00 ларда бўлиб ўтади. Ўзбек Ёш томошабинлар театри Ўзбек Ёш томошабинлар театрининг болажонлар учун намойиш қилаётган Янги йил томошаси ҳам шарқ эртаклари асосида тайёрланиб "Алоуддиннинг сеҳрли чироғи" деб номланади. Алоуддин ва мағриблик ёвуз сеҳргар ўртасидаги яхшилик ҳамда ёмонлик ўртасида бўлаётган кураш 3В-форматдаги ёрқин чироқлар, ранг-баранг рақслар билан болажонлар эътиборига ҳавола қилинган. Томоша 2018 йилнинг 2 январидан 14 январигача бўлиб ўтади. Бошланиш вақти: 10:00, 12:00, 14:00, 16:00 "Истиқлол" Санъат саройи 2018 йилнинг 8, 9 ва 10 январь кунлари пойтахтнинг "Истиқлол" Санъат саройида катта Янги йил томошаси — Андерсеннинг энг машҳур эртаги асосида саҳналаштирилган "Қор маликаси" оилавий мюзикли намойиш этилади. Томошалар соат 11.00, 13.30, 16.00 ларда бўлиб ўтади. Эртак сюжети ўзгармас, у муҳаббат, дўстлик ва эзгулик кучи ҳақида ҳикоя қилади. Мюзиклда мумтоз мусиқа оҳанглари замонавий мусиқа оҳанглари билан уйғунлашган. Ёрқин либослар, чиройли манзаралар, жозибали мусиқа — буларнинг барчаси нафақат болалар, балки уларнинг ота-оналарини ҳам эртакона дунё, сеҳрли муҳит оғушига олади. Ахир Ханс Кристиан Андерсеннинг мумтоз асари фақат сабоқ бериб қолмай, тарбиялайди ҳам. Унда энг яхши инсоний фазилатлар: садоқат, вафо, дўстлик, эзгулик хислатлари намоён!
|
|