Мы освещаем новости культуры Узбекистана: театр, кино, музыка, история, литература, просвещение и многое другое.

Ru   En

Поиск по сайту
Главная Панорама Вернисаж
Театр
Кинопром Музыка Турбизнес Личная жизнь Литература Мир знаний
01.11.2016 / 16:44:13

"Мирзо Улуғбек" юлдузининг Миллий театрдаги ёғдуси


Илк ёзув ихтиро этилган кундан

Тинчликни унутди изловчан фикри.

Айирмоқ истади ёлғонни чиндан-

Нимаси тўғри-ю, нимаси эгри.

Мақсуд Шайхзода

Олимлар, илму маърифат соҳиблари мисли юлдузлардир. Гарчанд бу ёруғ оламдан ўтиб кетганларига неча-неча асрлар бўлса ҳам, уларнинг илм нурлари инсон шуури, тафаккурини ёғдулантириб туради. Мирзо Улуғбек... Соҳибқирон Амир Темурнинг набираси, “олим-инсон-донишмандлик” учбурчаклигининг барча қирраси намоён; олимлик ва ҳукмдорлик зиддияти шахсиятида ўзаро курашиб “юлдузлар қўшинига фармондор” бўлиб, фарзанди аржумандининг феъл-атворининг сезимидан бироз чалғиган алалхусус, Абдулатиф қўлида шаҳид кетган ота.

Ўзбек Миллий академик драма театрида Мақсуд Шайхзоданинг “Мирзо Улуғбек” фожиасини режиссёр Олимжон Салимов ҳамда адабиётшунос олим Шуҳрат Ризаев театр актёрлари билан ижодий ҳамкорликда саҳна юзини кўриши ўзига хос ҳодиса бўлди.

         Забардаст шоир Мақсуд Шайхзода томонидан ХХ асрнинг 50-60 йиллардаги давр талаби билан ёзилган, совет мафкураси томонидан Хўжа Аҳрор Валийдек зотлар қоралашга мажбур қилинган драмага “Масиҳ анфоси бирла руҳ киритиш” ўзига хос тарихий, адабий. юксак бадиий ижодкорлик билимдонлигини талаб этади. Бундан ташқари 60-йилларда Александр Гинзбург каби режиссёр, Улуғбек ролини ижро қилиб томошабиннинг онгига мангу муҳрланиб қолган Шукур Бурҳоновдек устоз буюк санъаткорларнинг “панжасига панжа уриш”, Мирзо Улуғбек сиймосини замонавий томошабин эътиборига ҳавола қилиш ҳазилакам иш эмас. Шу тарафдан ижодкорлар ўз саҳнавий ечимини, ўз қаҳрамонларини, ўз ғояларини акс эттириб бера олишган.

XXI аср ахборот бўҳронлари асри. Курраи арзнинг глобаллашув деб аталмиш жараёнида холис ахборотни нохолис ахборотдан ажрата олиш шарт, “Агар шоҳсан сен, огоҳсан сен/ Агар огоҳсан, сен, шоҳсан сенсен” бўлган ахборот полигонлари ядро полигонларидан кучли бўлган даврда “Мирзо Улуғбек” фожиасидаги Амир Темур арвоҳи (Ўзб.халқ артисти Ёқуб Аҳмедов)нинг “Агар душман рўпарангда бўлса, унинг енгмоқлик осон/ агар у ичингда бўлиб зимдан иш кўрса, унга бас келмоқлик амри маҳол” ёки “Мамлакатда ғалаёнлар олдини олгин/ Оламонга ғалаён солиб, юртга қарши қўзғатганлар/ Хонадонимизнинг ёвуз душмани”, - деб жаранглаган сўзлари томошабинни беихтиёр огоҳликка, тинч-хотиржам кунларимизнинг қадрига етишга чорлайди.

Драмани кузатган томошабинда шундай савол туғилади: “Хўжа Аҳрор тимсолини фожиадан олиб ташлаб, Шайхзоданинг ижодкорлик услубига зид иш қилинмадимикан?” Бу табиий. “Мирзо Улуғбек” фожиаси юқорида қайд этиб ўтганимиздек, эски мафкура томонидан яратилган ҳамда ўша давр талабига мутаносиб тарзда диний арбоб ва мутаасиблар қораланиб келинган эди. Кейинги 30 йилларда Улуғбек ва Хўжа Аҳрор Валий ҳаётда умуман учрашмаганлиги тарихчи олимлар томонидан исботланди. Ҳатто “Хўжа Аҳрори Вали ва Мирзо Улуғбек муаммолари талқини” юзасидан илмий иш ҳам қилинди. Тарихий манбаларга мурожаат этадиган бўлсак, XVI асрда яшаган муаррих Фахриддин Али ас-Сафий ўзининг “Рашоҳоти айн ул-ҳаёт” (“Ҳаёт чашмаларидан томчилар”) асарида Хўжа Аҳрор шахсияти ва унинг Мирзо Улуғбек мутлақо билан учрашмаганлиги хусусида, Мирзо Улуғбекнинг ашаддий душмани Мавлоно Низомиддин Хомуш бўлганлиги ҳамда ўғилда отага нисбатан хусумат пайдо бўлишида унинг қўли борлиги айтиб ўтилади. Мавлоно Низомиддин Хомушга нисбатан адоватнинг пайдо бўлишида эса ўша пайтдаги Самарқанд шайхулисломи Хожа Мавлоно Исомиддиннинг ўзига хос ўрни бор. Драманинг қайтадан сайқалланган янги вариантида Мавлоно Низомиддин Хомуш вазифаси Саййид Обид образига, Хожа Мавлоно Исомиддин вазифаси эса шайхулислом Бурҳониддинга юклатилган. Ўрта мактабларнинг 9-синф “Адабиёт” дарслигига Мақсуд Шайхзоданинг “Мирзо Улуғбек” фожиаси киритилганлиги ҳамда ўсиб келаётган авлодга тарихий ҳақиқатни борича, ҳаққоний ўргатишни ўз олдимизга бош мақсад қилиб қўйганлигимизни эътиборга оладиган бўлсак, саҳна асарининг бундай таҳрир қилинишига етарлича асос бор.

Пойтахт томошабинлар эътиборига ҳавола этишдан олдин Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби режиссёр Олимжон Салимов “Мирзо Улуғбек” фожиасини аввал Самарқанд мусиқали драма театрида саҳналаштирган. Саҳна декорациясидаги баъзи ўзгаришларни айтмаса, режиссёр томошабинга асарни тақдим этар экан, унинг ечимини топишда Мирзо Улуғбекнинг “Мен султонманми ёки донишманд?” саволини кўндаланг қўяди. Улуғбекнинг “Замонамиз ғоят нозик. Ҳар ёқ хатарнок!/ Бизга лозим забардастлик, бирлик ва идрок” ёки “Мамлакатга урфон керак, илму маърифат/Бошбадоқлик эмас; идрок, низом, фаросат ” сўзлари фақатгина сарбадорлар сардори Пири Зиндоний-Ҳасан Чилангаргагина эмас, гўё ҳозирги замон фуқаросига нисбатан хитобдек эшитилади.

Икки пардали, саккиз кўринишли фожианинг марказида Мирзо Улуғбек сиймоси туради. Ўзбекистон халқ артисти Эркин Комилов ижро қилган Улуғбек гоҳ олим, гоҳ давлат арбоби, гоҳ устоз, гоҳ раиятпарвар ёр ва инсон сифатида гавдалантирган. Улуғбекнинг раиятпарварлиги боғбон қизи Фируза (Ўзб.да хизмат кўрсатган артист Лола Элтоева)ни севиб қолиб унга уйланганлиги, зиндонда Пири Зиндоний билан кўришиш олдидан унда гуноҳсиз ётган асирларни қутқариши ҳамда арзу ҳолга келган боғбон, Бобо Кайфий(Ўзб.да хизмат кўрсатган артист Абдураим Абдуваҳобов) билан бўлган суҳбатлардаги мизансаҳналарда очиб берилган. Кучли инсон оҳ-воҳ қилмайди, унсиз фарёд чекади. Абдулатиф (Ўзб.да хизмат кўрсатган артист Фатҳулла Масъудов)нинг ўзига нисбатан қилган хиёнатидан огоҳ бўлган отанинг фарёдини актёр юзи билан тахтга юзланган, орқаси билан томошабинга ўгирилган ҳолатда акс эттирдики; бу билан давлат ташвишлари, раият масалалари, осмон илмига юзланибман-ку, бироқ фарзандим тарбиясига эътибор қаратмабман, деган нидони елкалари титраган ҳолда унсиз етказиб берди.

Мирзо Абдулатиф образи Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Фатҳулла Масъудов ва Асадулло Набиевлар томонидан ўзига хос талқин қилинди. Фатҳулла Масъудов талқинидаги Абдулатиф айёр, уддабурон, жаҳли чиққанда ақлини йўқотадиган, мулоҳазакор; Асадилла Набиев талқинидаги Абдулатифда эса ожиз ва қўрқоқ, мақсад бор-ку, бироқ уни амалга оширишга журъати етмайдиган мураккаб шахсни кўрамиз.

Шу ўринда либослар бўйича рассом Лобар Турсунованинг ишларини таъкидлаб ўтиш даркор. Шахсларнинг характерини томошабин эътиборига ҳавола қилинишида у ранглар мутаносиблигидаги ўзига хос рамзийликдан унумли фойдаланган. Абдулатиф вафодор, отага меҳрибон ўғил сифатида намоён бўлганида, ички узун қизил либос ҳамда устида кулранг қабо; унинг ҳақиқий юзи очилганида эса, қип-қизил узун кўйлак ҳамда қора саллада худди думи гажакдор чаёндек кўзга ташланди. Фирузанинг либосида ҳам бу ҳолат кўринади: у Улуғбек ёнида поклик тимсолида, сарой фитналаридан гардланмаган, қуёш нури янглиғ нур сочиб турганлиги сабаб новвотранг узун кўйлак ва оқ қабода гавдаланган.

Саҳна асарининг кўриниши фожиа экан, Улуғбек фожиасининг бош сабабчиси ким ва нимада? Падаркуш Абдулатифнинг тожу-тахтга ҳирсу ҳаваси билан бирга Гавҳаршодбегимнинг ўз набираси Абдулатифга берган тарбияси эмасмикан бу?!.. Тархон уруғига мансуб момонинг тахтга сажда қилиш монологини томошабин тинглар экан, наҳот бу аёлда фарзанд, набирага меҳрибонлик кўрсатишдан кўра ҳукмфармоликни йўқотиш устунлик қилса, деб ўйга толади инсон. Мирзо Улуғбекка Амир Темурнинг бош рафиқаси Сароймулкхоним тарбия берган, Абдулатифга эса Гавҳаршодбегим. Икки малика-икки қутб. Бири – Самарқанддаги машҳур Бибихоним масжид-мадрасасининг қурилишига бош-қош бўлиб, талабаларнинг илму-маърифат олишларга ҳомийлик қилган бўлса; иккинчиси эса ўз иззат талаблиги орқасидан набираларининг бир-бирига, ҳатто ўғилнинг отага қарши боришига сабабчи бўлди. Бундай момонинг тарбиясини олган набирадан нимани ҳам кутса бўлади? Такаббур ва ўжар Гавҳаршодбегим хусусида Ойбекнинг “Навоий”, Пиримқул Қодировнинг “Она лочин видоси” романлари орқали тасаввурга эгамиз. Ушбу образ Ўзбекистон халқ артистлари Яйра Абдуллаева, Рихси Иброҳимова, Муқаддас Ҳолиқовалар томонидан талқин қилинди. Рихсихоним Иброҳимова томонидан талқин қилинган Гавҳаршодбегим жоҳил, худбин, ўзбилармон, “шарти кетиб-парти қолган” эса-да, ҳар қандай йўл билан айтганини қилдирадиган малика бўлса; Муқаддас Холиқова ижросидаги Гавҳаршодбегим хонадон шаънини барча нарсадан устун қўядиган аёл тимсолида томошабинга етказилган. Актриса Муқаддас Холиқовани доим қайнона ёки томошабин кўрса кулгу уйғотадиган аёл тимсолида кўрганимиз боис, унинг бу қиёфаси биз учун янгилик бўлди. Овоздаги ўктамлик ва забардастлик бир зумда томошабинни ўзига ром этди.

Мақсуд Шайхзоданинг “Мирзо Улуғбек” фожиасидаги Хўжа Аҳрор Валий “юки” таҳрир қилинган ҳолда Саййид Обидга юклатилганлигини юқорида таъкидлаган эдик. Обидлик – ибодат қилувчилик, демакдир. Ўзбекистон халқ артисти Муҳаммадали Абдуқундузов ва Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Қаҳрамон Абдураҳимов ижро этган Саййид Обид эса ислом динига эътиқод қилувчи инсоннинг вазифасини “тоат, ибодат, бединлардан жирканмоқлик, дин йўлида шаҳид бўлиб, саодат топмоқ”да деб билади. Қайсидир жиҳатдан Муҳаммадали Абдуқундузов ижросидаги Саййид Ислом атрофдаги қаҳрамонларни ўзидан ҳайиқтириб туради, ўз фикри билан ҳисоблашишга мажбур қилмоқчи бўлади. Қаҳрамон Абдураҳимов қиёфасидаги ушбу қаҳрамон эса атрофдаги илму маърифат аҳлига доимо истеҳзо билан қарайдиган шахс.

Спектаклдаги актёрлар ансамбли - салбий хусусиятлари мавжуд қаҳрамонлар Абдулатиф ва Саййид Обид, фазилатлар мужассамланган қаҳрамонлар Мирзо Улуғбек атрофида доира шаклида намоён бўлишади. Ўз навбатида, ушбу доиралар ўртасида зиддиятлар вужудга келар экан, олимнинг “зиддиятлар маъносини англамоқ, ечмоқ” сўзлари орқали томошабин воқеаларнинг моҳиятини англайди. Абдулатиф ўйлаб топган “Аббос-Фируза” можаросининг бош сабабчиси Фирузадир. Фируза ўз замонасида “нодонларни чин доноликка чорлаётган”, Мирзо Улуғбекнинг мадрасаси пештоқига битилган “Илм олиш муслим ва муслималарга фарздир” ҳадиси шарифига амал қилгувчи илми толибадир. Ҳатто Буроқбек билан бўлиб ўтган чигал фитнани ҳам унинг комил ақли ечади.  Улуғбек Фирузасига “суя-суя талоқ бергани”да унинг сарой чиркинликларидан асрашни истайди. Фируза талқини Лола Элтоева ижросида ички сезги – интуиция кучли ривожланган ҳолда ижро қилинган бўлса, Дилноза Кубаева ижросидаги Фируза эндигина илм ўрганаётган толиба сифатида гавдаланади.

Спектакль жараёнида турли мусиқалар ижро қилинди. Ўзбекистон санъат арбоби Мустафо Бафоевнинг мусиқаси билан бир қаторда Европа мусиқаларининг ижросини табиий деб биламан. Сабаби эса оддий Мирзо Улуғбек олим сифатида Европада ҳам ўзининг юқори нуфузига эгадир. Машҳур поляк астрономи Ян Гавелиунинг 1690 йилда нашр этилган “Продромус астрономия” деган машҳур китобида иккита сурат босилган бўлиб, уларнинг ҳар иккаласида ҳам Мирзо Улуғбекнинг сиймоси акс эттирилган. Биринчи суратда буюк ватандошимиз илми нужум – астрономия худоси Ураниянинг ёнида, овруполик тўрт мунажжим: юнонистонлик Птолемей, олмон шаҳзодаси Гасс, даниялик Тихо Браге ва италиялик Жан Баптист Риччиоли билан бирга тасвирланган. Иккинчи сувратда эса у яна Урания теварагида ўтирган тўққиз машҳур мунажжим: Тимахарис (милоддан аввалги II аср), Птолемей (милоддан аввалги II аср), ал Баттоний (852-929 йиллар), Региомонтан (1436-1476), Вольтер (1430-1543), шаҳзода Гасс (1532-1592), Николай Коперник (1473-1543), Тихо Браге (1546-1601 йиллар) билан бирга акс эттирилган. Бу мисол Мирзо Улуғбек номи бундан уч аср илгариёқ машҳури жаҳон бўлганини кўрсатиб турибди.

Алалхусус, “Мирзо Улуғбек” спектакли якунида олимнинг “шоҳманми ёки донишманд?” саволига ечим – Улуғбек биринчи ўринда Ҳазрати ИНСОН деган жавоб топилди. Олим бўлиш осон, бироқ ҳамма ҳам одам бўлавермайди. Донишмандлик ҳаёт давомида орттирилади, лекин умр бўҳронларида у доим қўл келмайди, баъзан инсонлар донишмандликни ўз манфаатлари йўлида қўллашади. Мирзо Улуғбек ОЛИЙ ИНСОН сифатида ҳазрат Алишер Навоий таъбири билан ҳамд этилганидек, “Қиёмат деганча аҳли айём/ Ёзарлар анинг аҳкомидан аҳком”. Спектакль ижодкорлари эса Мирзо Улуғбек маърифат шуъласини Ўзбек миллий академик драма театрида қайта ёғдулантиришдек масъулиятли вазифани уддалашди.

Нигора УМАРОВА





Другие материалы рубрики

31.10.2016 / 09:29:30

Премьера оперы Джузеппе Верди "Аида" на сцене ГАБТа имени Алишера Навои прошла с большим успехом

Новая постановка в Большом театре Узбекистана превзошла все ожидания публики. Все в ней прекрасно: невероятная по красоте музыка, яркие образы и очень впечатляющий сюжет, основанный на реальных исторических событиях. Премьера "Аиды" состоялась в Каире в 1871 году, и успех ее был величайшим. Его можно по праву назвать международным триумфом. Далее...

31.10.2016 / 09:22:11

"Перестаньте стрелять! Здесь живые люди!"

В стенах ташкентского театра "Ильхом" 24 октября 2016 года "Арт-Студия-Свет" представила спектакль "Добрый солдат Швейк", новую адаптацию знаменитого романа Ярослава Гашека. Далее...

29.10.2016 / 14:16:46

Опера "Алеко" и "Мир романсов С. Рахманинова" на сцене ГАБТ им. Навои

В начале третьего тысячелетия – не только в России и в странах дальнего зарубежья, но и у нас в узбекской столице Пушкиным испытываются возможности современной оперной и драматической сцены. Имя Пушкина не сходит с афиш ГАБТ имени А. Навои, а также театра "Ильхом". Далее...

28.10.2016 / 08:54:45

"В Театре "Ильхом" состоялась премьера спектакля "Добрый солдат Швейк"

Адаптация романа известного чешского писателя Ярослава Гашека "Похождения бравого солдата Швейка" для ташкентской сцены, сделаная автором сценария и режиссером-постановщиком спектакля Адель Чиляковой, с большим интересом встречена зрителями. Далее...

26.10.2016 / 09:06:29

Легенда о великом Комбинаторе на сцене Театра оперетты

Премьера мюзикла "12 стульев" в Государственном театре музыкальной комедии (оперетты) состоялась 16 10 16, но я попала на этот музыкальный спектакль в минувшую субботу (22 10 16). Далее...





13.04.2017 / 09:51:11
НАЧАЛИСЬ ДНИ ТУРКМЕНСКОГО КИНО
 
09.04.2017 / 21:19:58
ГУ ГУОЦИН: Узбекско-китайское сотрудничество в области кино имеет большие перспективы
 


13.02.2017 / 20:18:07
Столица Азербайджана включена в десятку лучших направлений для туристов на 2017 год по версии приложения для туристов Trip Advisor
 
15.01.2017 / 18:51:46
Посол Бангладеш в Узбекистане Мосуд Маннан приглашет узбекских туристов посетить его родину
 


25.04.2017 / 17:04:37
В Бразилию, в Бразилию к далеким берегам…
 
21.04.2017 / 18:45:07
И стелится весенний аромат!
 


09.04.2017 / 21:11:47
Николай Ильин ПРИШЕСТВИЕ ВЕСНЫ
 
04.04.2017 / 12:32:41
Полвека прошло с того времени, когда в марте 1967 года вышел из печати 3 номер журнала "Звезда Востока" – "Писатели России – Ташкенту", который раскупался читателями мгновенно
 

 
 





Главная Панорама Вернисаж Театр Кинопром Музыка Турбизнес Личная жизнь Литература Мир знаний

© 2011 — 2017 Kultura.uz.
Cвидетельство УзАПИ №0632 от 22 июня 2010 г.
Поддержка сайта: Ташкентский Дом фотографии Академии художеств Узбекистана и компания «Кинопром»
Почта: info@kultura.uz
   

О нас   Обратная связь   Каталог ресурсов

Реклама на сайте