Миллатни уйғотиш салоҳиятига эга бўлган ўзбегимнинг Ойбеги маънавий зиёга эга бўлган асарлар яратиш билан бир қаторда юксак инсоний фазилатларига эга инсон эди. Куни кеча адибнинг уй-музейида унинг оила аъзолари, бир гуруҳ ижодкор ҳамда адабиётшунос олимлар адибни эслашди. Тадбирда Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасининг раиси Муҳаммад Али, адабиётшунос олим Наим Каримов, “Тафаккур” журналининг бош муҳаррири, ёзувчи Эркин Аъзам, “Жаҳон адабиёти” журналининг бош муҳаррири Шуҳрат Ризаев, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг бош муҳаррири, шоир Сирожиддин Саййид, Ўзбекистон халқ шоири Иқбол Мирзолар қатнашишди. Улар Ойбекнинг ўзбек адабиётида тутган ўрни, асарлари орқали қўшган салмоқли ҳиссаси тўғрисида мулоҳаза алмашдилар, Ойбек уй-музейининг ёзувчини “Навоий” романи ҳақида ташкил этилган янги экспонатлари билан танишишди. Бу йил “Навоий” романининг ёзилганига 70 йил тўлади.
Бундан эллик йилча муқаддам адабиётшунос олим Озод Шарафиддиновга бир математик дўсти: “Қани, айтингчи, ҳозирда ўзбек романларидан қайси бири XXI асрга ўтади?” – деб сўраганида, адабий танқидчи ҳеч иккиланмай дабдурустдан , “Навоий” романи” – деб жавоб берган экан. Буни қарангки, мунаққид адашмаган экан.
“Навоий” романининг маърифий аҳамияти каттадир. Ойбек романда мутафаккир шоир характерини яратиш билан чекланиб қолмайди. Балки XV асрдаги ижтимоий муҳитни ҳам жамики ички зиддиятлари ва мураккабликлари билан кўрсатади. Ўтган асрнинг 40-йилларида Навоий таваллудининг 500 йиллигини нишонлашга қарор қилинганда, ҳали халқ Навоий сиймоси билан бадиий асар орқали унчалик яхши таниш эмас эди. Халқнинг қўлида Навоий девонлари, Хондамир, Восифий каби улуғ муаррихларнинг асарлари араб алифбосидаги ўзбек ёзувидагина мавжуд бўлиб, яқиндагина ёзувини ўзгартириб ёппасига саводсизга айланган халқ учун унинг тиши ўтадиган Алишер Навоий ҳақида маълумот берадиган ёзувда Навоий асарлари мавжуд бўлмаган. Ойбекнинг романи кенг халқ оммасига Навоийнинг сиймоси, қиёфаси ва ижоди ҳақида атрофлича тасаввур берарди. Ҳатто қай бир нуқталарда биз бугунга қадар ҳам Навоийни шу роман орқали тасаввур қиламиз.Ойбек Навоий сиймосини яратар экан, унинг одамийлик хислатларини, нафақат сўз санъаткори, балки буюк мутафаккир сифатидаги қарашларини ҳам ифодалайди.
Навоийшунос олим Иброҳим Ҳаққул эътироф этганидек, “Ойбекнинг ҳаққонияти – ростликда, ростлиги – хоксорликда, хоксорлиги – фидойиликда эди. Уни китоб, билим, адбий малака эмас, балки,энг аввало, инсон эрки ва қадри учун куйиб-ёниш, миллат дарду ҳасратларига чора излаш туйғуси Навоийга яқинлаштирганди”.
Дарҳақиқат, “Навоий” романидаги айрим лавҳалар, ғам-ғуссага тўлиқ ижтимоий турмуш манзаралари Навоийнинг қалб андуҳларини ифодалайдими ёки Ойбекникиними фарқлай олмай қоласиз. Ойбекда Навоийга нисбатан шу қадар маънавий ва руҳий яқинлик борки... Шогирд устозни қанчалик севса, унга интилишга , ундек бўлишга ҳаракат қилади. Ойбек Навоийни ҳам шу қадар севган, мутафаккир шоирнинг абадий нурли сиймосидан илҳомланган. Ёзувчига Ҳазрат Навоийнинг “панжасига панжа уриш осон иш эмасди. Ойбек тарихий туйғуга соҳиб бўлгани ҳолда тарихий воқеликни ҳаракатда кўради ва ҳаёт оқимидан ажралмайди. У Навоий шахсияти ва ижодиётига фавқулодда ҳодиса сифатида қараган. Ойбекнинг таъбирича, Навоий қомусий маълумотга эга бўлган улуғ олим ва мутафаккир ҳисобланган. Шунинг учун ҳам Ойбек Навоийнинг муҳиби, улуғ шоир ижодиётининг тадқиқотиси сифатида масаланинг шу жиҳатига жиддий эътибор қаратган. Адиб Навоий яшаб ижод этган тарихий давр, ададий-маданий муҳит тўғрисида сўз юритганда, биринчи ўринда унинг ўз кўрсатмалари, эътироф ва маълумотларга суянган. Навоий замонида ва ундан кейин яратилган энг мўътабар, илмий, тарихий, адабий манбалар билан пухта танишиб, бир-биридан мазмундор ва қизиқарли тадқиқотлар яратган. Уларда Навоийнинг шахси, дунёқараши, ижодиётининг оламшумул қудрати ва бадиий жозибаси ҳақида билдирилиши зарур бўлган фикр-мулоҳазалар биринчи ўринда баён этилган. Шу орқали Ойбек миллатимизнинг икки буюк сиймосига бадиий ҳайкал қўйди. Булар: Навоий ва Ойбекнинг ўзи.
Биз миллатимизнинг севимли адиби, хаёл олами, ҳаёт руҳи ва ҳаёт шавқини ўз асарларида акс эттирган мўътабар Ойбекнинг бир қиррасинигина намоён этдик, холос. Ардоқли ижодкорнинг бошқа қирраларини ўзга мавзуларда баён этамиз ҳамда ушбу мавзунинг хотимасини Ўзбекистон қаҳрамони, ёзувчи Саид Аҳмаднинг Ойбек ҳақидаги қуйидаги сўзлари билан якунлаймиз:
“Одамлар бор, ўлгандан кейин унутилиб кетади.
Одамлар бор, ўлгандан кейин ҳам яшайверади.
Ойбек эса қанча узоқлашса, шунча яқинлашаяпти. Узоқлашгани сари қадри ошаяпти. Узоқлашгани сари овози тиниқ, ёрқин эшитилаяпти... Олимларнинг далолат беришича, ҳозир осмонда чақнаб турган сонсиз юлдузларнинг кўпи минг йиллар олдин сўнган, аммо уларнинг шуъласи ҳалигача келиб турибди.
Ойбек жисмонан сўнди, лекин унинг даҳоси таратган шуъла диларимизни ҳамон ёритиб турибди”.
Нигора УМАРОВА