Мы освещаем новости культуры Узбекистана: театр, кино, музыка, история, литература, просвещение и многое другое. |
|
|
26.04.2018 / 21:28:55
"Ниҳол" илмий-маданий жамияти фаоллари билан учрашувЎзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси бошчилигидаги делегация аъзолари яқинда Германия Федератив Республикасида хизмат сафарида бўлишди. Сафар доирасида Германиянинг қатор вазирлик ва идоралари раҳбарлари билан учрашувлар ўтказилди, немис сиёсий, академик ва жамоатчилик доираларининг вакиллари иштирокида давра суҳбати бўлиб ўтди, «Delicanto» халқаро таомлар фестивалида иштирок этишди. Шунингдек, 2015 йилда Германияда ташкил этилган “Ниҳол” ватандошлар жамияти аъзолари билан учрашиб, долзарб масалалар ҳусусида фикр алмашишди. Жамият аъзолари асосан ватанимиздан борган ёшлар, талабалар, илмий изланишлар қилаётган ёш олимлар ва Германиядаги немис корхоналарида ишлаётган йигит ва қизларимиздан иборат. Унинг асосий мақсади икки давлат ўртасидаги маданий алоқаларни тиклаш, тажриба алмашиш, мулоқот қилиш орқали ҳамкорликни мустаҳкамлаш. Шу билан бирга, жамиятда ёш авлодга миллий қадриятларимизни, урф-одатларимизни ўргатиш, мамлакатимизда рўй бераётган ислоҳотлар билан таништириш ишлари ҳам олиб борилади. Ўзбек ёшлари Германияда илмий салоҳияти кучли мутахассислардан ҳисобланади. Улар ўз лойиҳаларини Ўзбекистонда тадбиқ этишга тайёрлигини таъкидлашди. Камолиддин Бедиев 15 йилдан бери Германияда яшаб мактабда немис тилидан дарс бериб келади. Ўзбекистон Ёшлар иттифоқининг Германиядаги вакили. Шу йил 10-16 апрель кунлари Тошкентда ўтказилган “Ёш Ватандошлар” фестивалида Германиядан борган делегат сифатида қатнашиб, бешта давлатлардаги ёшлар иттифоқининг расмий вакилларидан бири ҳисобланади. У Тошкентда бўлган учрашув чоғида шу йил сентябрь ойида катта илмий конференция режалаштиришаётганини айтди. “Ниҳол” жамияти ватандошларнинг ўз она тилларини эсдан чиқармасликлари, маданияти ва урф-одатларини сақлаб келишлари учун кўп ишларни амалга оширмоқда деди. Жумладан, Берлин шаҳрининг энг катта кутубхонасидаги залини бир йилга ижарага олишган. У ерда ҳафтада бир кун ўзбек курслари ташкил қилинган. Шунинг учун ўзбек тили дарсликларининг етишмаслиги айтиб ўтди. Германияда хозирги кунда 8та ўзбек-немис жамиятлари фаолият олиб бормоқда. Шу борада “Ниҳол” жамияти улар билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиб биргаликда тадбирлар ташкил этиш ниятида эканини билдирди. Қосимжон Тоғаев – 15 йилдан бери истиқомат қилади, мактабда немис ва инглиз тилларидан немис болаларга дарс беради. Жамият аъзоларининг юртдошлар билан доим учрашиб, турли тадбирлар ташкил қилиши, спорт мусобақалари, миллий ўйинлар, куй ва қўшиқлар ижро этиши ҳақида гапириб ўтди. Илмий изланишлар қилаётган ёш олимлар Берлиндаги кутубхонада йиғилишиб, тақдимот қилишади. У ерда немис олимлари ҳам иштирок этиб, ўз изланишлари билан ўртоқлашадилар. Бундан ўзбек ёшлари ўзлари учун маълум хулосалар чиқаришади деди. Ғофур Худойберганов мактабда немис тили ва математика фанларидан дарс беради. Суҳбат давомида у элчихона ходимлари ёрдамида Ўзбекистонлик ватандошларнинг паспорт билан бўлган муаммоларини ҳал этишда ва уй-жой масалаларида амалий ёрдам кўрсатилиши ҳақида гапирди. Жалол Хўжаев “Ниҳол” жамиятининг янги аъзоси: “Германияга илм излаб келганман, бизнес бошқаруви бўйича магистратурада ўқиб хозир немис консалтинг компаниясида проект менеджер бўлиб ишлаб келаман. Уч йилдан бери оилам билан шу ерда яшаб келамиз. “Ниҳол” жамияти билан танишишга элчихонамиз ходимлари бевосита ёрдам қилишди. Хозир катта лойиҳа устида иш олиб бораяпмиз. 2018 йил Президентимиз томонидан “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” деб эълон қилинган. Чора-тадбирларнинг асосий қисми хориж тажрибасини ўрганиш, турли соҳалардаги илғор технологияларни Ўзбекистонга олиб кириш. Германияга Ўзбекистондан жуда кўп ватандошлар келишган. Ўқиб, илм олишаяпти, илмий изланишлар устида иш олиб боришаяпти. Геманиядаги турли компанияларда фаолият қилиб келаётган ёшларда ўзларининг янги ғоялари бор. Бироқ, бу ғояларни Ўзбекистонда тадбиқ қилиш учун маъмурий ёки молиялаштириш билан боғлиқ муаммолар мавжуд. Биз бу муаммолар ҳақида шу йил январь ойида ёшлар иттифоқи вакиллари келишганида муҳокама қилган эдик. Шунда ёш олим ватандошлар иштирокида катта конференция ташкил этиш ҳақида режалар ишлаб чиқдик. Конференцияга 100дан ортиқ Европа давлатларида фаолият олиб бораётган ўзбек ёшларнинг иштироки таъминланади, унда шахсан мен ҳам медицина соҳаси бўйича ўз лойиҳам билан иштирок этаман. Менга ўхшаш илм устида ишлаётган ёш ўзбек ватандошлар кўп. Улар ўз ғояларини Ўзбекистонга бориб амалга ошириш ниятлари катта. Мақсадимиз уларни шу умумий платформа орқали бирлаштириш ва энг асосийси, конференция тугаганидан сўнг барча мақола ва маърузаларни йиғиб, мақолалар тўпламини чоп этиш ва турли ташкилотларга тарқататиш. Улар шу илмий ғоялар билан танишиб, ўзлари учун тўғри келган йўналиш бўйича алоқа ўрнатиб биргаликда амалга оширишади”, - дея таъкидлаб ўтди. Суҳбат чоғида Ўзбекистоннинг Германиядаги элчихонасида шу каби учрашувларнинг мунтазам ўтказилиши ва юртимиздан борган ўзбек фуқароларига амалий ёрдам бериб келинаётгани ҳақида айтиб ўтилди. Элчихона ходимлари меҳмонлар шарафига дастурхон ёзиб, ош тортишди, қизғин мулоқотлар бир пиёла чой устида давом этди.
|
|