Мы освещаем новости культуры Узбекистана: театр, кино, музыка, история, литература, просвещение и многое другое. |
|
|
21.02.2019 / 10:53:13
Суҳбат. Устоз ижодкор Ўктам Мирзаёр талабаларни қизиқтирган барча саволларга жавоббердиЯқинда ЎзМТРК “Ўзбекистон” телерадиоканалининг катта муҳаррири, филология фанлари номзоди Ҳ.Ҳамроеванинг “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг муҳаррири, серқирра истеъдод соҳиби Ўктам Мирзаёр билан ижодий суҳбатида Тошкент давлат миллий рақс ва хореография олий мактаби санъатшунослик йўналиши 3-босқич талабалари иштирок этишди. Адабиёт ва санъат, миллий рақс ва мусиқага оид энг долзарб муаммолар ўртага ташланди. Устоз ижодкор Ўктам Мирзаёр талабаларни қизиқтирган барча саволларга жавобберди. Хусусан, олий мактабнинг 3 – босқич талабаси Ҳуснорахон Шодиеванинг “Назаримизда ўзбек анъанавий миллий рақси ва бугунги замонавий ўзбек рақси бир-биридан ажралиб қолгандек туюлади, қолаверса, севимли газетамизнинг шу мавзуда давра суҳбати ўтказиш нияти борми?”, деган саволига таниқли адиб, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг бош муҳаррири Ўктам Мирзаёр шундай жавоб берди: - Биз санъатимизнинг барча турлари ҳақида билишимиз , унинг тарихини ўрганишимиз шарт. Миллий рақс борасида жуда катта масалани кўтардингиз. Ҳозирги кунда миллий рақсларимиз ҳаракатларида тезкорлик асосий планга ўтиб, улар қайсидир маънода европа рақсларига ўхшаб қолаяпти . Миллий қадриятларимиздан узоқ, жазавага ўхшаган рақслар пайдо бўлаётганлиги ташвишли ҳол. Бизнинг бутун дунёга кўз – кўз қиладиган, ўзбекона шарм - ҳаё билан уйғунлашган ниҳоятда гўзал миллий рақсларимиз бор. Мисол учун 45 кун давом этган Катта Фарғона канали қурилишида Тамарахоним, Мукаррама Турғонбоева каби буюк санъаткорларимиз ўзларининг бетакрор рақс ва лапарлари билан барчанинг кўнглини кўтарган, уларга ишчанлик кайфиятини бахш этган. Уларнинг либослари, рақслари, ҳатто табассумларидан ҳам миллий руҳ уфуриб турган. Атлас кўйлаклар, дўппилар билан барчага бирдек ёққан. Ҳозирги кунда миллий кийимларимизни қолоқлик деб ўйлайдиганлар ҳам бор.Раққосалар борган сари ҳам кийинишда, ҳам рақс ҳаракатларида Европадан ортда қолмасликка уринишяпти. Уларда эса аксинча, бизнинг миллий кийимларимизга жуда қизиқишади. Шундай экан мен ўйлайманки, миллийликдан чиқмаган ҳолда, яъни эскисини бузмасдан, унинг негизи асосида янги рақсларни яратсак, айни муддао бўларди. Бу борада, албатта, газетамизда давра суҳбати уюштириш ниятимиз бор. Унда рақс усталари, раққос ва раққосалар билан бир қаторда , сиз талабалар ҳам фаол иштирок этасизлар, деган умиддаман. Мавзуга оид қандай янги ғояларингиз, таклифларингиз ва фикрларингиз бўлса, марҳамат.Сизлар билан ижодий ҳамкорлик қилишга доимо тайёрмиз, -деди “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси бош муҳаррири Ўктам Мирзаёр. Ҳар бир мамлакатнинг дунёдаги мавқеини юксакларга кўтаришда албатта, барча санъат турлари сингари миллий рақснинг ҳам ўрни ва аҳамияти беқиёсдир. Чунки, у бизнинг қадимий урф – одатларимиз, қадриятларимиз ва анъаналаримизнинг рамзидир. Миллий рақсимизни ардоқлаб, авайлаб келажак авлодга етказиш энг масъулиятли вазифаларимиздан биридир!
Равшан Хуррамов
|
|