Мы освещаем новости культуры Узбекистана: театр, кино, музыка, история, литература, просвещение и многое другое. |
|
|
30.10.2019 / 21:43:12
"Авлоний" фильмининг иккинчи эшилониБугунги кунда “Ўзбеккино” Миллий Агентлиги томонидан тарихий мавзудаги фильмларга алоҳида урғу берилмоқда. Катта шов-шувларга сабаб бўлаётган “Қўқон шамоли” фильми тақдимотига яқин турган бўлсак, улуғ жадидчи бобомиз Абдулла Авлоний ҳаёти ва ижодига бағишланган “Авлоний”фильми ҳам тайёр бўлиш арафасида. Ҳозирги кунда фильмнинг монтаж ишлари кетяпти. Албатта, кино умум санъат, унда кадр ортида қолиб кетадиган (кўмилиб кетадиган эмас) қатор инсонларнинг меҳнати, тинимсиз заҳмати ётибди. Уларсиз ҳеч қандай санъат асарини якдил тасавввур қилиб бўлмайди. Бугун сиз билан айнан улар“Авлоний” фильмининг иккинчи эшилони билан танишамиз Нигора Пўлатова “Авлоний” фильмининг либосчи-рассоми, – “Авлоний” фильми мен учун ҳақиқий мактаб бўлмоқда. Шу пайтгача тарихий кинога “қайчим ўтмас” ишдек қарар, хато қилишдан қўрқардим. Аммо суратга олиш бошлангач, ҳаммаси ўзгарди. Ғайрат ва илҳом билан ишламоқдамиз. Биринчи қадамни қаҳрамонларнинг ҳаёти ва яшаган даврини ўрганишдан бошладим. Ўзимга керакли маълумотларни ёзиб олдим. Сўнгра хомаки эскизлар чизиб, ранг танладим. Шуниси муҳимки, ранглар қаҳрамон руҳиятига мос тушиши шарт. Либос актёрга характерни очишга ёрдам бериши лозим. Абдулла Авлоний образи устида узоқ бош қотириб, еттита кийим тайёрладик. Тошкентдан йўлга чиқиши, саҳро, сарой, пароход ва отда юриши учун махсус либослар тикилди. Барчаси ўша даврдаги уст-бошлардек чиқди деб айтолмайман. Чунки ҳар бир ишга ижодкор руҳи сингади. Босиқроқ рангларни хуш кўрганим боис чизмаларимга бу ўз-ўзидан кўчади. Фильмда замонавий дизайн ва анъанавий услубларни уйғунлаштиришга уриняпмиз. Ҳар бир қаҳрамонга индивудал ёндашдик. Майда тақинчоқдан тортиб сарой ҳашаматини яратишгача баҳамжиҳат меҳнат қилмоқдамиз. Яхши жамоа билан ҳатто машаққатлар сезилмас экан. Олис чўлу саҳроларда ишлаш осон бўлмади, аммо уддаладик. Баъзан танлаган кийиминг камерада бўғиқ кўриниб қолади, чироқларнинг ҳам фойдаси тегмайди, шунда режиссёр “Бўлмайди!” дейди қатъий ва сен зудлик билан янгисини яратишинг керак. Барча маҳтал кутади, қанча нигоҳлар кузатувида ишлашинг керак: қайтадан чизишинг, эскиз олишинг ва тикувчига қўшилиб тикишинг керак. Аммо, боя айтганимдай, ишимни барча қийинчиликлари билан севаман, қадрлайман. Қаҳрамон Маткаримов “Авлоний” фильмининг рассоми, барча рассомларга хос камгап бўлса-да, барча ички сираларини картиналар орқали айтишни истовчи инсон. – Болалигимдан одамовиман, издиҳомни жиним суймайди. Балки, ёлғиз ижод қилиш учун ҳам рассомликни танлагандирман. Аммо тақдир ишини кўрингки, ҳозир энг серташвиш ва сершовқин санъат тури – кино ичидаман. “Авлоний” фильмига чақиришганида бошида рози бўлмадим. Аммо режиссёр Музаффар Эркинов мени муваффақиятга ишонтира олди. Кейин ўзим жадал киришиб кетдим. Ишни ҳар бир ҳолатни қоғозга туширишдан бошладик. Мингдан ортиқ кадрлар чиздик, ўхшамаганини ўчирдик. Очиғи, кўпидан кўнглим тўлмади, қайта-қайта уриндик ва ҳамон изланишдамиз. Кадрда кўришни истаган деталингни замонавий мавзудаги фильмга бемалол қўшишинг мумкин, тарихий картинада эса бунақа “ижодкорлик” кетмайди. Барчаси манбаларга таянган бўлиши, мозий ҳақиқатларига тўғри келиши лозим. Шуниси мураккаб-да! Афғонистон амири Омонуллохон саройини чизишда “Бу деталлар саройда ишлатилганми ёки йўқ”, дея роса бошим қотди. Иккиланиш онлари ижодкорга оғир, ўз-ўзидан қаламинг қўлдан тушади: соатлаб сукутга чўмасан, интернет титасан, китоб ағдарасан, тарихчилар билан маслаҳатлашасан. Шунда ҳам бўлмаса, бир неча кун ҳеч нима чиза олмайсан. Тарихий фильм, мажозан айтганда, рассом учун бўёғи қиммат, сершовқин картина экан. Баъзида сенинг кўриминг режиссёр нигоҳидан фарқ қилиши табиий. Рассом ҳар бир кадрдаги жозибани, рангларни, ўзаро мутаносибликни нозик илғай олиши ва буни режиссёрга исботлаб бериши керак. Энг муҳими, гоҳ осон, гоҳ қийин кечган съёмка кунларидан сўнг бир-биримизни табриклай оляпмиз, демак, жамоа ўзига ишоняпти. Ишонч бор жойда эса иккиланишлар тезда ғойиб бўлади. Равшан Мирзакамолов, “Авлоний” фильмининг оператори. Тасвирчилик касбимнинг нақадар машаққат эканлигини англаган, аммо бу камераларни жонидан ортиқ қадрлайдиган инсон. – Томошабин фильмни оператор нигоҳи билан кўради. Ижодий жамоа меҳнатини кўрсатиб бериш бизнинг зиммамизда. Масъулият елкадан босиб туради. Баъзида бир кадрни суратга олиш учун соатлаб уринамиз, шундаям тасаввурдаги тасвир чиқмаслиги мумкин. Нимадир камдек, етишмаётгандек туюлаверади. Режиссёр нигоҳидан ҳам буни пайқаш оғир. Ёқимсиз ҳолат... “Авлоний” фильмида кенг масштабли саҳналар кўп. Тўғрисини айтсам, юзлаб актёрларни бир кадрга муҳрлаш операторларнинг орзуси, аммо бу жудаям мураккаб иш экан. Туркманларнинг ҳужум саҳнаси, тўпларнинг гумбурлаши, пароходдаги талотўпларни умумий планда акс эттириш, яна қаҳрамон кўзлари орқали таҳликали вазиятни ифодалаш, минимал хато қилишга тиришиш, илҳақ одамларнинг ўткир нигоҳлари... Босим қанча юқори бўлмасин, кўнгил тўлмагунча, қиёмига етмагунча қайта-қайта суратга тушираверамиз, тушираверамиз... Амударё бўйлари, бепоён саҳролар, кенг водийлар минг йиллар мобайнида ўзгармай келмоқда. Шу манзараларни борича тасвирга олишга ҳаракат қилдик. Табиатнинг табиий руҳи картинамизга кўчиб ўтишини истадик.
Маҳбуба Эсонова пардозчи-рассом. Бу опанинг бир олам тажрибаси борки, у яратган образлар орқали ҳам буни кўриш мумкин. Қувноқ, меҳнатсевар, бошидан ўтказган (ишга оид албатта) ажзойиб-ғаройиб воқеаларни айтиб чарчамайдиган аёл – Аслида, Тошкентга ранг-тасвирчи рассом бўламан деб келганман. Аммо тақдир мени грим санъатига буриб юборди. Таҳсил давридаёқ одамларнинг юзига ва ундаги бўёқларга кўпроқ эътибор қилардим. Устозларимга ҳам асосан шу ҳақда савол берардим. Танишларимни бирор қиёфага солиб кўришни истардим. “Кел, сенга соқол тақайлик” , “Бурнингни бироз катта қилайлик”, дея дўстларимни ҳоли-жонига қўймасдим. Инсоннинг юзига яширган кайфияти – ниқоблари билан танишганим сари мато-мойбўёқлар мендан нари кетиб, одам қиёфасида жонли образлар яратиш санъати ҳаётимга айланди-қолди. Шу-шу, қирқ йилдан бери гримм столидаман. Тарихий фильмларда гримчининг меҳнати яққол кўринади, образ яратиш истеъдоди намоён бўлади. Шунинг учун бу жамоага катта иштиёқ билан қўшилдим. «Авлоний» фильми ёзнинг ўтли кунларида суратга олинди. Иссиқ ҳарорат ишимизни икки ҳисса қийинлаштирди, кўзлаган образинг қуёш тиғига узоқ бардош бермайди, бўёқлар терга қўшилиб оқиб тушади, шу боис режиссёрнинг ёнида аскар каби сергак туришинг керак. Қаватимда икки шогирдим бор: ёш ва чаққон қизлар, аммо сира улгурмаяпмиз. Учаламиз қўлимизда елим ва бўёқ билан ҳар бир кадр ортида бормиз. Томошабин фильмни кўрганда гирмчилар меҳнатини ҳам унутмайди деган умиддамиз!
|
|