Жорий йилнинг 16 декабрь куни Тошкент давлат миллий рақс ва хореография олий мактабида "Хореография санъати" кафедраси томонидан “Истеъдодли ёшлар билан - келажак сари!” мавзусида тадбир бўлиб ўтди. Тадбирни Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган санъат арбоби, Қорақалпоғистон халқ артисти Коркмас Сагатов кириш сўзи билан очиб, истеъдодли ёшларимизга ўзининг билим ва тажрибалари асосида маслаҳатларини берди.
Мазкур тадбирда олий мактабнинг ёш иқтидор эгалари ўзларининг ижод намуналаридан айрим лавҳаларни намойиш қилдилар. Бунда “Венский вальс” рақсини “Sport ball” рақслари бўйича Ўзбекистон, Латвия, Қозоғистон кубоги чемпионлари Дмитрий Ли, Виолетта Бабаянц, “На бўлғай” рақсини “Ниҳол” Давлат мукофоти соҳибаси Сетора Зиёева, “Нозанин” рақсини Мукаррама Турғунбоева номидаги Республика рақс кўрик-танлови 1-ўрин соҳибаси Алина Бабешко, “Гопак” рақсини “ДАНС-ПРЕМИУМ” халқаро кўрик-танлови 1-ўрин соҳиби Сардор Атабуллаев, “Эсмеральда” балетидан вариация “OPEN ASIA” халқаро кўрик-танлови 1-ўрин соҳибаси Алина Гизатуллина, “Ноз айлама” рақсини “Ниҳол” Давлат мукофоти соҳиби Улуғбек Очилов ва 3-курс талабаси Мерей Мирманова, “Қарғалар” рақсини "OPEN ASIA” халқаро кўрик-танлови 2-ўрин соҳиби Казбек Аметов, “Бухороча рақс”ни "OPEN ASIA” халқаро кўрик-танлови 2-ўрин соҳибаси Маржона Юсупова, “Чуст пичоқлари” рақсини “РЕЙТИНГ УСПЕХА” халқаро санъат фестивали Гран-При соҳиби Данияр Абылбаев каби келажагимиз умидлари ўзларининг чиқишлари билан барчанинг кўнглига санъатнинг сўнмас илҳомларини бахшида этдилар.
Тадбир сўнгида олий мактаб раҳбарияти томонидан иштирокчиларга фахрий ёрлиқлар ва эсдалик совғалари топширилди.
Истеъдодли ёшлар ҳамиша ватанимизнинг фахри ва ғурури, шундай экан уларнинг ижодларига муваффақиятлар тилаб, келгусида ёш ижодкорларимиздан янгидан - янги ижод намуналарини кутиб қоламиз.
Равшан ХУРРАМОВ
ТДМРХОМ матбуот хизмати котиби