Мы освещаем новости культуры Узбекистана: театр, кино, музыка, история, литература, просвещение и многое другое. |
|
|
24.01.2020 / 22:03:16
ДЎСТЛИК ҚАДРЛАНГАН ЮРТДавлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Мурожаатномасини тинглаб, унда билдирилган фикрлар, таклифлар, ҳаётбахш ғояларни назаримда барча ҳамюртларимиз юрагидан ўтказди. Бунда ҳар бир соҳа вакили ўзи учун тегишли ва устувор бўлган вазифаларни белгилаб олгани, шубҳасиз. Президентимиз томонидан кўтарилган долзарб масалалар қаторида жамиятимизда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш вазифасига ҳам алоҳида урғу берилгани бизнинг Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитамиз зиммасига ҳам катта масъулият юклайди. Мурожаатномада жорий йилда юртимизда 30 июль – Халқаро дўстлик куни муносабати билан “Дўстлик” ҳафталигини ташкил этиш ҳамда ушбу ҳафталик доирасида “Дўстлик” халқаро форум-фестивалини ўтказиш таклифи илгари сурилди. Аслида дўстлик деган бир қарашда оддий, аммо пурмаъно тушунча ортида инсоннинг энг яхши ахлоқий фазилатлари, одамлар ўртасидаги умумий манфаатлар, ўзаро ҳурмат ва ёрдамга асосланган муносабатлар, инсон ҳаётининг шахсий ҳамдардлик, меҳр-муҳаббат, самимийлик, инсонийлик, ўзгаларга кўмаклашиш, яхшиликка хайрихоҳлик каби маънавий жиҳатлари, эзгу ғоялар мужассам. Шунингдек, у тинчиликни таъминлаш, маданий хилма-хилликни асраб-авайлаш ва қўллаб-қувватлашда жамиятлар ўртасида кўприк вазифасини бажариб, жаҳон ҳамжамиятидаги ҳамжиҳатлик, ҳамфикрлилик ва самимий мулоқот, халқлар, мамлакатлар, маданиятлар ва шахслар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, тинчлик саъй-ҳаракатларини илҳомлантиришга хизмат қилади. Ҳозирги нотинч ва таҳликали замонда дунё ҳамжамияти олдида турган, инсоният дуч келаётган мураккаб муаммолар, хавф-хатарларни биргаликда бартараф этишда, турли таҳдидларнинг олдини олишда барча эзгу ниятли инсонларни, айниқса, қўшни мамлакатлар билан биргаликда, нуфузли халқаро ташкилотларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштиришни бугун ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда. Ушбу глобал масалаларни ҳал этишда дўстлик ҳал қилувчи куч бўлади, деб ишонч билан айтишимиз мумкин. Шу боис, давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган мазкур таклиф нафақат жамоатчилигимиз, балки хорижий мамлакатлар, керак бўлса, халқаро ташкилотларнинг эътиборини тортишига ишонаман. Қолаверса, 30 июль – Халқаро дўстлик куни муносабати билан ўтказилиши таклиф этилган бу каби тадбирлар ҳали ҳеч бир мамлакат томонидан илгари сурилмаган янгилик, десак адашмаймиз. Эзгуликнинг қаноти бўлади, дейишади. Бундай хайрли ғояни ҳаётга тадбиқ этиш, жаҳон ҳамжамиятини яна бир бор ўйлантиришга, Ўзбекистоннинг дунёдаги ижобий имижини янада оширишга хизмат қилади.
Рустамбек ҚУРБОНОВ, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси
|
|