Мы освещаем новости культуры Узбекистана: театр, кино, музыка, история, литература, просвещение и многое другое. |
|
|
15.02.2020 / 22:33:16
Бобур ижоди ва фаолиятига бағишланган давра суҳбатиЗаҳириддин Муҳаммад Бобур Ўрта аср Шарқ маданияти, адабиёти ва шеъриятида ўзига хос ўрин эгаллаган адиб, шоир, олим бўлиши билан бирга йирик давлат арбоби ва саркарда ҳамдир. Бобур кенг дунёқараши ва мукаммал ақл-заковати билан Ҳиндистонда Бобурийлар сулоласига асос солиб, бу мамлакат тарихида давлат арбоби сифатида номи қолган бўлса, сержило ўзбек тилида ёзилган «Бобурнома» асари билан жаҳоннинг машҳур тарихнавис олимлари қаторидан ҳам жой олди. Унинг нафис ғазал ва рубоийлари туркий шеъриятининг энг нодир дурдоналари бўлиб, «Мубаййин» («Баён этилган»), «Хатги Бобурий», «Ҳарб иши», Аруз ҳақидаги рисолалари эса ислом қонуншунослиги, шеърият ва тил назарияси соҳаларига муносиб ҳисса бўлиб қўшилди. Заҳириддин Муҳаммад Бобур 1483 йилнинг 14 февралида Андижонда туғилган бўлиб, бу йил унинг таваллуд топган кунга 537 йил тўлди. Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ташаббуси билан, Республика тожик миллий маданий маркази ҳамкорлигида “Сен ҳам соғинғасен меҳру вафо била” деб номланган давра суҳбати ташкил этилди. Тадбирда Адабиёшунос олимлар, Республика Миллий маданий марказлар раҳбарлари ва фаоллари, жамоатчилик вакиллари, талаба ёшлар ва ОАВ ходимлари иштирок этдилар. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари Қўмитаси бош мутахассиси, ЎзМу профессори Неъматжон Полвонов йиғилганларни қутлаб, “З.М.Бобур ҳаётида Алишер Навоийнинг ўрни” мавзусида нутқ сўзлади. Тадбирда ЎзМУ География кафедраси докторанти Ҳусниддин Бойқобиловнинг “Бобур асарларида жой номлари ва таҳлили”, А.Навоий номидаги Тошкент Давлат Ўзбек тили ва адабиёти университети Филология фанлари номзоди, доцент Гулбаҳор Ашурованинг “Бобур ижодининг бадиий хусусиятлари”, ЎзМУ тарих фанлари доктарантиОтабек Алмардоновнинг “Бобурнома” асарида Халқ дипломатияси” мавзуларидаги маърузалари тингланди. Маърузачилар Бобур ўзининг маълум ва машҳур асарлари билан тарихнавис адиб, лирик шоир ва ижтимоий масалалар ечимига ўз ҳиссасини қўшган олим сифатида халқимиз маънавий маданияти тарихида муносиб ўрин эгаллашини алоҳида қайд этиб ўтдилар. Бобурнинг асарлари дунёнинг кўплаб тилларига таржима қилиниб, қайта ва қайта нашр этилмоқда, севиб ўқилмоқда, мутолаа қилинмоқда. Унинг шоир сифатидаги сиймоси ўзбек мумтоз адабиётида Ҳазрат Алишер Навоийдан кейинги энг улуғ сиймодир. Адабиётимизнинг бу икки устуни таваллуд топган саналарнинг кетма-кетлигида ҳам ажиб бир илоҳий боғлиқлик бордек гўё... Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси бош мутахассиси Неъматжон Полвонов ўз фикрларини билдириб, шундай деди: “Шу кунларда мамлакатимизнинг барча вилоятларида Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг 537 йиллиги кенг нишонланмоқда. Бобур нафақат йирик салтанатни қурди, нафақат ўзбек давлатчилик тарихида катта роль ўйнади, ва нафақат бадиий ижод билан ўзбек адабиётини юксакларга кўтарди, у оддий бир инсон сифатида ватанга муҳаббат, ватан соғинчи билан яшаб, ўзининг дил изхорларини асарларида баён қилди. Бугун бу ерга йиғилган турли миллат вакиллари Бобур ижоди, унинг ҳаёти, ватанга бўлган меҳру-муҳаббати ҳақида ўзларининг фикрларини айтишаяпти. Шу жумладан Ўзбекистон Миллий университети олимлари, докторантлари Бобур ижоди, унинг турли қирралари, Бобурнома асаридаги мамлакатлар жойлари тўғрисида, унинг халқ дипломатияси, дипломатик фаолияти тўғрисида, шунингдек, Бобур ва Навоий ижодининг бир-бирига ҳамоханглиги тўғрисида қизиқарли марузалар тингланди. Ўйлайманки, шундай буюк шахсларнинг ҳаёти, ижоди, уларнинг фаолиятини ўрганиш бугунги кунда халқлар орасидаги бирликни, дўстлик ниянада мустаҳкамлайди”.
Тадбирда Бобур ғазалларидан шеърлар ўқилди, мумтоз куй ва қўшиқлар ижро этилди.
Қўмита ахборот хизмати
|
|