«Шашмақом», «», Фарғона-Тошкент мақом йўлларидаги ашулалар, ҳамда мумтоз ва халқ мусиқа мероси намуналарининг маҳоратли ижрочиси Гулзода Худойназарова созандалар Бекзод Сафаров, Фарруҳ Воҳидовлар ҳамроҳлигида 19-Феарвлдан 11-мартга қадар Европанинг Германия, Польша, Белгия, Франция ҳамда Швецария давлатларидаги нуфузли концерт ва санъат саройларида яккахон концертлар беришди.
Бу галги ижодий сафар дастури асосини ЮНЕСКО номоддий маданий мероси рўйҳатидан жой олган «Шашмақом», ҳамда «Катта ашула» мусиқа меросидар туркум асарлар ташкил этган бўлиб, «Шашмақом» туркумининг «Наво» мақомига кирувчи «Сарахбори наво», «Дугоҳ» мақомидан "Сарахбори Оромижон», «Оромижон», ҳамда "Савти Чоргоҳ» асарлари туркум шаклида, катта ашула меросидан «Эй сеҳраси тобоним», «Ёлғиз» ва «Доғман» ашулалари ижро этилди. Бекзод Сафаровнинг дутор созидаги «Роҳат» халқ куйи ижроси муҳлисларнинг алоҳида эътирофига сазовар бўлди.
Айниқса, дунёнинг энг нуфузли саҳна саройларидан бўлмиш Берлиндаги «Пиер Боулез» саройи, Брусселдаги «Молиере» театри, Швецариянинг Сант Галлен теартидаги, ҳамда Германиянинг Гамбург Филармониясидаги концертлар давомли олқишлар билан якунланди. Ижодий жамоанинг Франциянинг Тоурс Университети «Мусиқашуносик» факультети ва Швецариянинг Сант Галлен теартидаги концертларида соҳа мутахассиси, дунё мусиқаси борасида халқаро эксперт Ҳусниддин Ато томонидан Ўзбекистон мусиқа маданияти, Шашмақом мусиқа мероси, мусиқа чолғулари ҳақида ҳам маълумотлар берилиб, тингловчиларни қизиқтирган саволларга ҳам жавоб берилди.
Гулзода Худойназарованинг ушбу сафари “OXUS Culture” маданият ташкилоти ва унинг хориждаги ҳамкор ташкилотларининг бир неча йиллик меҳнати самарасидир. Ушбу концерт дастурлари «OXUS Culture” ташкилотининг Ўзбекистон миллий мусиқа меросини халқаро саҳналарда кенг тарғиб этишга йўналтирилган навбатдаги лойиҳаси ҳисобланади.
Ҳусниддин Ато