Ўзининг мазмундорлиги, тарбиявийлиги ва умрбоқийлиги билан санъатнинг бошқа турларидан ажралиб турувчи фольклор санъати халқимизнинг турмуш тарзи, дунёқараши, руҳий-эстетик олами, ички кечинмалари юксак бадиий ифода эттирилган азалий қадриятдир. Истиқлол йилларида Президентимиз раҳнамолигида халқимиз маънавий меросини ўрганиш, мазмунан шаклланиб, бугунги ойдин кунларимизгача етиб келган фольклор асарларини тўплаш ва кенг тарғиб этишга катта эътибор қаратилди. Миллий қадриятларимизнинг барҳаётлигини намоён этувчи Наврўз умумхалқ байрамининг республика миқёсида кенг нишонланиши натижасида фольклор-этнографик жамоаларининг фаолияти жонланиб, янги бадиий ҳаваскорлик жамоалари шаклланди.
Ҳозирда Маданият ва спорт ишлари вазирлиги тасарруфидаги Маданият ва аҳоли дам олиш марказларида жами 64 та фольклор ансамбллари фаолият юритмоқда. Бу жамоаларнинг 52 тасига Маданият ва спорт ишлари вазирлиги Ҳайъатининг қарорига асосан “Халқ ҳавас¬корлик жамоаси”, 2 тасига “Болалар намунали жамоаси” унво¬ни берилган. Ушбу жамоаларда икки мингга яқин ҳаваскор ижро¬чилар санъатнинг ўзлари севган йўналишлари бўйича ижодий фаолият олиб бормоқдалар.
Республика халқ ижодиёти ва маданий-маърифий ишлар илмий-методик маркази томонидан ўзбек фольклор санъатининг турли жанрларини ўрганиш, қадимий анъаналаримиз, халқ оғзаки ижодининг ноёб намуналарини сақлаш, ёшлар орасида кенг тарғиб этиш, бадиий ҳаваскорлик жамоаларининг дастурларини янгилаш, ижро йўллари, саҳна либослари, мусиқа асбобларининг ҳудудий ўзига хослигини таъминлаш, жойларда фаолият юритаётган фольклор-этнографик жамоалари фаолиятини ривожлантириш юзасидан қатор чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.
2015 йилнинг 28-31 май кунлари Бухоро вилояти Бухоро шаҳар Лаби Ҳовуз мажмуасида “Ипак ва зираворлар” XIV анъанавий халқаро фестивали доирасида Маданият ва спорт ишлари вазирлиги Республика халқ ижодиёти ва маданий-маърифий ишлар илмий-методик маркази томонидан Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, “Ўзбектуризм” Миллий компанияси, “Олтин мерос” халқаро хайрия жамғармаси, Республика “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси ҳамда Бухоро вилояти Маданият ва спорт ишлари бошқармаси ҳамкорлигида фольклор-этнографик жамоаларининг “Умидбахш наволар” Республика кўрик-фестивалининг ўтказилиши ана шу ишларнинг мантиқий давоми бўлди. Унда танловнинг вилоят босқичи ғолиблари иштирок этдилар.
- Кўрик-фестивални ўтказишдан кўзланган асосий мақсад ҳам Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 7 октябрда тасдиқланган “2010-2020 йилларда номоддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, асраш, тарғиб қилиш ва улардан фойдаланиш Давлат дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги 222-сонли қарори ижросини таъминлаш, фольклор санъатини янада ривожлантириш, фольклор-этнографик жамоаларини қўллаб-қувватлаш, мусиқа чолғулари ва саҳна либосларининг ҳудудий ўзига хослигини таъминлаш, миллий маросим ва удумларнинг саҳнавий талқинларини яратишга алоҳида аҳамият қаратиш, ансамблларга ёш истеъдодли ижрочиларни жалб этиш, ҳар йили ўтказиладиган Наврўз умумхалқ байрамини кўтаринки руҳ ва юқори савияда ўтказиш, халқимиз, айниқса, ёш авлод қалбида аждодлар меросига юксак эҳтиром, миллий ва маънавий қадриятларимизга чексиз ҳурмат туйғусини оширишдан иборат. Ижрочиларнинг чиқишлари намойиш этилган дастурнинг бадиий қиммати, мусиқа чолғулари ва саҳна либосларининг ҳудудга хослиги, ижро маҳорати, овоз ва созларнинг уйғунлиги, саҳна маданияти каби мезонлар асосида соҳа мутахассисларидан иборат Ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳоланади.
Илк марта ташкил этилган мазкур анъанавий Республика фестивалини ўтказиб бориш ижодкорларни илҳомлантириши, қадимий фольклор намуналарини излаб топиш, уларга сайқал бериш, бугунги тинчлик замонни тараннум этадиган янги қўшиқлар яратишга ундаши, қолаверса, кўплаб ҳаваскор ижрочиларни кашф этишга хизмат қилади, - дейди Республика халқ ижодиёти ва маданий-маърифий ишлар илмий-методик маркази директори Азамат Ҳайдаров.
Танловда иштирок этган Бухоро шаҳар Бобур номидаги Маданият ва аҳоли дам олиш марказининг “Моҳи-Ситора”, Жиззах вилояти Жиззах туманининг “Зебомхон”, Навоий вилояти Навбаҳор туманининг “Ёр-ёр”, Наманган вилоятининг “Гулдиёр”, Хоразм вилояти Хива туманининг “Хива”, Самарқанд вилояти Оқдарё туманининг “Миёнкол”, Сирдарё вилояти Гулистон туманининг “Сайхун йигитлари”, Қашқадарё вилояти Қарши шаҳридан “Ойдиной”, Сурхондарё вилояти Бойсун туманидан “Бойсун”, Андижон вилояти Балиқчи туманидан “Зилол”, Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳридан “Навбаҳор”, Фарғона вилояти Қўқон шаҳрининг Раҳимахон Мазоҳидова номидаги “Қўқон ёр-ёри”, Тошкент шаҳридан “Дурдона” фольклор-этнографик ансамбллари қатнашдилар.
Жамоалар ўз ҳудудларига хос бўлган қадимий халқ қўшиқлари ва рақслари, айтишувлар, миллий халқ ўйинлари, урф-одат ва маросимларни ўзида акс эттирувчи театрлаштирилган томоша дастурларини намойиш этиб, нафақат халқимиз, балки чет эллик меҳмонлар олқишига ҳам сазовор бўлдилар.
Назокат Аҳмедова