Хоразм лазгиси, мақом, суворалари, достон ва халқ қўшиқларининг моҳир ижрочиси Комилжон Отаниёзов ўзбек миллий мумтоз қўшиқчилик санъатида ўзига хос ижрочилик мактабини яратди. Устоз санъаткор ўзининг бетакрор ижрочилик йўли ва яратган қўшиқлари билан ўзбек миллий санъати ва маданиятига катта ҳисса қўшди.
Комилжон Отаниёзов бастакор сифатида ҳам кўплаб ғазал ва муҳаммасларга куй басталаб, ўзбек мумтоз ашулачилик санъати учун бой мерос қолдирди. У басталаган «Салом, сенга Хоразмдан», «Муборак», «Ватан», «Олқиш», «Темир йўл», «Ўзбекистон», «Хоразм» каби қўшиқлар ўзининг оммабоплиги ва халқчиллиги билан ажралиб туради. Санъаткорнинг жозибали ва кучли овози ҳар бир асар талқинида тингловчининг қалбини ларзага солади.
Халқ қўшиқлари, достонлари, Хоразм сувора ва мақомларини маромига етказиб ижро этган Комилжон Отаниёзов Бобомурод Ҳамдамов, Ортиқ Отажонов, Олмахон Ҳаитова, Коммуна Исмоилова, Шариф Султонов, Отажон Худойшукуров каби юзлаб шогирдлар етиштирди.
Хоразм театридаги ижодий фаолияти давомида «Фарҳод ва Ширин»да Фарҳод, «Тоҳир ва Зуҳра»да Тоҳир, «Даврон ота»да Даврон ота, «Гулсара»да Қодир каби ўнлаб образлар яратди.
Муҳтарам Президентимиз томонидан 2015 йилнинг “Кексаларни эъзозлаш йили” деб эълон қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги Республика халқ ижодиёти ва маданий-маърифий ишлар илмий-методик маркази томонидан 2015 йилнинг 25-26 июнь кунлари Хоразм вилояти Шовот туманидаги Комилжон Отаниёзов номидаги маданият ва истироҳат боғида Ўзбекистон халқ артисти Комилжон Отаниёзов хотирасига бағишланган Республика кўрик танлови ўтказилади.
Мазкур кўрик-танловни ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистон халқ артисти Комилжон Отаниёзов яратган улкан ижодий услубни ёшлар орасида кенг тарғиб этиш, унинг бизга қолдирган бой маданий меросига эҳтиром кўрсатиш, устоз санъаткор куйлаган Сегоҳ, Дугоҳ, Феруз, Сувора ҳамда бошқа ашула ва қўшиқларини ижро эта оладиган ёш истеъдод соҳибларини аниқлаб, кашф этишдан иборат.
Бу каби танловлар асрий қадриятларимизга садоқат, ифтихор туйғуларига йўғрилган Ватанпарварлик, шукроналик, бунёдкорлик, бағрикенглик, меҳр-оқибат, муҳаббат каби мавзуларда куйлаб, катта ашула, халқ қўшиқлари йўналишида ижод қилаётган, устоз санъаткорларнинг ижодий меросига теран кўз, юксак эҳтиром билан боқиб, ўзбек миллий қўшиқчилик санъатига муносиб ҳисса қўша оладиган изланувчан, истеъдодли ижрочиларни кашф этиш, уларни қўллаб-қувватлаш, катта саҳналарда халқимизга садоқат билан хизмат қилишлари, ўз салоҳияти, иқтидори ва маҳоратини намойиш этишлари учун кенг имконият яратади.
Кўрик-танлов Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги Республика халқ ижодиёти ва маданий-маърифий ишлар илмий-методик маркази, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Республика Маънавият тарғибот маркази, Республика “Камолот” ЁИҲ Марказий Кенгаши ҳамда ҳудудий ҳокимлик органлари билан ҳамкорликда ўтказилади.
Танлов миллий ва мумтоз санъатимизни келажак авлод онгига чуқур сингдириш, иқтидорли ҳаваскор ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларга тўғри йўл-йўриқ кўрсатиш ва ўз овоз имкониятларини намойиш этишларига имкон беради.
Кўрик-танловнинг биринчи босқичи Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ҳамда вилоятларда, иккинчи – Республика босқичи Хоразм вилоятининг Шовот туманида жойлашган Комилжон Отаниёзов номидаги маданият ва истироҳат боғида ўтказилади.
Кўрик-танловда асарлар жонли ижро этилади. Танловда яккахон хонанда ва ҳаваскор мақом ижрочилари иштирок этишлари мумкин.
Танлов қатнашчиларининг ёши чегараланмайди. Ҳар бир иштирокчи Комилжон Отаниёзов ижро этган мураккаб, авжли Хоразм мумтоз ашулаларидан бирини ҳамда муаллифлик қўшиғини ижро этади.
Танловда ижро этиладиган муаллифлик қўшиқларида матннинг савияси, мусиқанинг миллийлиги, либослар ҳамоҳанглиги, ижрочининг овозни ишлатиш маҳорати, саҳнада ўзини тутиши эътиборга олиниб, Ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳоланади ва танлов сўнгида ғолиблар эълон қилинади.
Кўрик-танлов ғолиблари Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги Республика халқ ижодиёти ва маданий-маърифий ишлар илмий-методик марказининг I, II, III даражали дипломлари, қимматбаҳо совғалари, ҳомийлар ва ҳамкор ташкилотларнинг фахрий ёрлиқлари ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланадилар.
Назокат Аҳмедова
Республика халқ ижодиёти ва маданий-маърифий
ишлар илмий-методик маркази бўлим мудири
244-04-12