Мы освещаем новости культуры Узбекистана: театр, кино, музыка, история, литература, просвещение и многое другое. |
|
|
06.04.2016 / 23:51:55
Қалбдан чиққан қизгилар кўргазмасиЎзбекистон Бадиий академиясининг Халқаро маданият карвон саройида таниқли ёғоч ўймакор устаси Эргаш Алиевнинг “Қалбдан чиққан чизгилар” деб номланган шахсий кўргазмаси очилди. Унда муаллифнинг 50га яқин асарлари намойиш этилди. Санъат – инсоният тафаккурининг бетимсол маҳсули. У кишилар ўртасидаги меҳр-муҳаббат ришталарини мустаҳкамлайди, ҳар биримизни мўъжизавий гўзаллик сари етаклайди. Ушбу омиллар ҳисобга олинган ҳолда юртимизда тасвирий ва Амалий санъат ривожига катта эътибор берилаётгани бежиз эмас. Ҳар бир устанинг яратган буюмларидаги турли геометрик шакллар, ўсимлик безаклари ниҳоятда нозик дид билан ишланган. Ушбу асарларда ҳар бир устанинг ўзига хос услуби кўзга ташланади.
Уста Эргаш Алиев Тошкент анъанавий ёғоч ўймакорлик мактабининг машҳур вакилларидан бири. У ўймакорликнинг барча классик усуллари ва ўймакорлик техникалари – “пардози”, “ислими”, шунингдек ёғоч танлаш техникаси ва улар уйғунлашувини мукаммал эгаллаган моҳир уста. Кўргазмада ижодкорнинг шахмат тахтаси, лавҳлар, лаганлар, курсилар жамланмаси, бежирим қутичалар каби ижод намуналари томошабинларни нақшларнинг жозибаси билан ўзига ром этди.
Кўргазманинг очилишида юртимизнинг машҳур уста ҳунармандлари Бадиий академия томонидан мунтазам ташкил этиб келинаётган тадбирлар орқали ўзбек халқ бадиий ҳунармандчилиги ва амалий санъатини янада ривожлантиришга катта ҳисса қўшилаётганини таъкидлаб ўтишди. Бу соҳадаги аждодларимизнинг бой меросини асраш, ёшларни миллий ҳунармандчиликка жалб қилиш орқали уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилаётганлиги таъкидланди.
Эргаш Алиев ёғочга турфа нақшлар солиш билан бирга, шогирдларга ўймакорлик санъати сирларини ўргатиб келмоқда. Унинг асарлари мамлакатимиз ва хорижда ўтказилган танловларда юқори баҳоланган. Маҳоратли уста 2001 йилда “Дўстлик” ордени билан тақдирланган.
Источник: http://art-academy.uz/
|
|