Мы освещаем новости культуры Узбекистана: театр, кино, музыка, история, литература, просвещение и многое другое. |
|
|
16.01.2018 / 10:11:33
ТИНЧЛИК – УЛУҒ НЕЪМАТЮртимизда 14-январь – Ватан ҳимоячилари кунини миллий байрам сифатида катта тантана билан нишонлаш ўзига хос анъанага айланган. Бу бежиз эмас, албатта. Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 26 йиллигига бағишланган ана шундай байрам тадбирларидан бири 10 январь куни Ўзбекистон Республикаси Давлат Тарих музейида ҳам бўлиб ўтди. Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш "Нуроний" жамғармаси Тошкент шаҳар бўлими ҳамда Юнусобод тумани "Маънавият ва маърифат маркази" ҳамкорлигида ташкиллаштирилган мазкур анжуман "Ўзбекистон – ягона Ватаним, Миллий армиям – фахрим, таянчим!" шиори остида ўтказилди. Унда уруш ва меҳнат фахрийлари, туман бўлимлари фаоллари, адиблар, ўқитувчи-мураббийлар, санъаткорлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари, "Темурбеклар мактаби" курсантлари, пойтахтимиздаги коллеж ва лицейларда таҳсил олаётган ўқувчилар иштирок этишди. Байрам тадбирида сўзга чиққанлар, Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш "Нуроний" жамғармаси Тошкент шаҳар бўлими раиси Р. Каланов, "Нуроний" жамғармаси Республика бошқаруви "Хотин-қизлар кенгаши" эксперти, олима Ж. Шермуҳамедова, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Т. Эшбеков бугунги тинч, хотиржам ҳаётимиз Қуролли Кучларимиз томонидан ишончли тарзда ҳимоя қилинаётгани, мана шундай масъулиятли бурчларини сидқидилдан адо этаётган, тараққиётимиз барқарорлигига камарбаста бўлаётган ўғлонларимиз ҳақида тўлқинланиб, фахр-ифтихор билан гапиришди. Тадбир давомида ўқувчилар ўртасида қизиқарли савол-жавоб викторинаси ҳам ўтказилди. Унда ғолиб чиққанлар янги нашрдан чиққан китоблар ва эсдалик совғалари билан тақдирланишди. Муқимий номидаги мусиқали театр санъаткорлари томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар кечага алоҳида файз бериб, байрамона шукуҳ бағишлади.
Маъруф Н.УСМАНОВ
|
|