Мы освещаем новости культуры Узбекистана: театр, кино, музыка, история, литература, просвещение и многое другое. |
|
|
25.12.2019 / 18:27:02
Хореография ЮНЕСКО эътирофида2019 йил 24 декабрь куни Тошкент давлат миллий рақс ва хореография олий мактабида Ўзбекистонда Номоддий маданий мерос намуналарини ўрганиш ва таҳлил этиш юзасидан Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти билан ҳамкорликда ўқув семинари ташкил этилди. Ўқув семинарига Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти “Чолғу ижрочилиги” кафедраси мудири, профессор Тошматов Ўразали Ғофурович ва Ўзбекистон давлат Табиат музейи Кўргазмалар бўлими бошлиғи Абдуллаева Гуларо Бегиқуловналар ташриф буюришди. Порфессор Ў.Тошматов томонидан ЮНЕСКОнинг “Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш” тўғрисидаги Конвенциясининг репрезентатив рўйхатига кўра, Ўзбекистон Республикасидан 7 та номоддий маданий мерос ҳисобга олинганлиги ҳамда булар бугунги кунда муҳофаза қилинаётганлиги ҳақидаги жуда қизиқарли маълумотлар тақдим этилди. Айниқса, 2019 йил хореография йўналишида “Лазги” рақсининг ЮНЕСКОнинг Номоддий маданий мероси репрезентатив рўйхатига киритилгани, рақс санъатига жаҳон эътибори ва эътирофининг алоҳида намунаси эканлиги таъкидлаб ўтилди. Хоразм “Лазги”си ҳақида янги рисола яратилгани ва фильм суратга олингани айтиб ўтилди. Ушбу лойиҳа устида ишчи гуруҳнинг кўплаб мутахассислари фаолият юритиб юксак натижани қайд этишган алоҳида айтилди. Ишчи гуруҳ таркибида Олий мактаб профессор-ўқитувчиларидан И.Г.Горлина ва У.Н.Мухамедоваларнинг ҳам иш олиб борганликлари эътироф этилди. Ўзбек ҳалқининг номоддий маданий мероси, урф-одатлари, анъаналари, маросимлари, байрамлари бугунги кунда битмас тугамас маънавий бойлиги эканлиги алоҳида айтиб ўтилди. Ўзбекситон давлат Табиат музейи ходими Г.Абдуллаева ҳам семинар иштирокчиларига ўзининг маърузаси орқали табиат инъом этган номоддий маданий меросимиз ҳақида қизиқарли маълумотларни тақдим этди. Тошкент давлат миллий рақс ва хореография олий мактаби “Хореография” кафедраси доценти И.Горлина ўзбек рақси ҳақида қуйидаги фикрларни билдириб ўтди. “Ўзбек рақси деганда Фарғона, Бухоро, Хоразм ижрочилик мактаблари кўз олдимизга келади. Хоразм рақс мактабидан “Лазги” рақсини ўзига хослилиги шундаки, тизза оёқлари озгина букилган ҳолда, елка ва қўлларни қалтиратган тарзда тез ҳаракатланган ҳолда ижро этилади. Бу бошқа халқ рақс ҳаракатларида такрорланмайдиган бетакрор жараёндир.” Тошкент давлат миллий рақс ва хореография олий мактаби “Санъат назарияси ва тарихи” кафедраси катта ўқитувчиси, санъатшунослик фанлари номзоди П.Э.Ташкенбаев ҳам “Лазги” рақси ҳақида қуйидаги фикрларни билдириб ўтди. “Лазги” рақси нафақат юртимизда, Ўрта Осиёда балки чет мамлакатларда ҳам таниқли рақсларимиздан биридир. Бугунги кунда Лазги рақсининг тўққизга яқин тури бизга маълум”.. Жаҳон ҳамжамиятининг эътирофига сазовор бўлиш, айниқса хореография соҳасида юксак натижага эришиш, номоддий маданий ва маънавий меросмизни асраб-авайлаш, тарғиб қилиш ва келажак авлодга ўз ҳолича етказиш, “Лазги” рақсининг барча турларини мукаммал асраш, шу билан бирга Бухоро, Фарғона, Сурхондарё рақс йўналиши мактабларини ҳам жаҳон эътирофига олиб чиқиш хореограф ва санъатшуносларнинг асосий вазифасидир - дея таъкидлади “Хореография санъати” факультети декани М.И.Холмуродова
Гулзайнаб ЗУЛХАЙДАРОВА
|
|