Ўзбек миллий рақс осмонида яна янги бир юлдуз порламоқда. Баxши ва бетакрор фолклор санъати юрти саналган ажиб воҳа Сурҳондарё вилоятининг Шеробод туманида таваллуд топиб вояга етган Зиёева Ситора ўзиниг ўзбек миллий рақс санъатига бўлган муҳаббати ва унда эришган кўпгина улкан натижалари билан ўз тенгдошларига ўрнак бўлиб келмоқда. Бугунги кунда Ўзбекистон давлат хореография академиясининг иқтидорли талабалари қаторидан жой олган Зиёева Ситора ёшлигидан рақс санъатига ўзгача меҳр қўйди. У бу борадаги ўзининг илк сабоқларини Сурҳандарё вилояти Шеробод туманидаги “Маданият уйи аҳоли дам олиш маскани”да олди. Устозларининг берган сабоқлари ҳамда ўз устида тинмай ишлаши натижасида 2006 йил “Янги авлод” болалар ижодиёти фестивалида “Сурхонча” рақс билан иштирок этиб ғолиб бўлди. Истедотли қизалоқ кўрик танловда қатнашиш мобайнида Тошкент давлат миллий рақс ва хореография олий мактаби ўқитувчилари назарига тушади ва унга профессионал даражада рақс санъатидан таълим олиш билдирилади.
Ситора 7 синфдан бошлаб хореография билим юрти мактаб интернатида ўқий бошлайди. Шу билан бирга профессионал рақсга бўлган илк қадамларини ташлади. Таълим олиш жараёни давомида Ситора “Рақснинг сеҳрли олами” телевизион кўрик танловида ҳамда турли-хил давлвт тадбирларида фаол иштирок этиб келди. У ўзининг илк халкаро тоифадаги ютуқларини 2016 йил Қозоғистон Республикасининг Алмата шаҳрида бўлиб ўтган 5 халқаро “Орлео” рақс кўрик танловида Бухоро рақс санъати мактабига оид “Ларзон” рақси билан бошлади. Кўрик танловда Ситора фаҳрли 2 ўрин соҳибаси бўлди.
Устозларидан олган билим кўникмалари ва Ситоранинг тиришқоқлиги тинмай ўз устида ишлаши раққосага европанинг кўпгина давлатларида хусусан Германия, Швецария, Чехия, Полша, Финландия, Эстония, Латвия каби мамлакатларда ўтказилган бутунжаҳон миллий рақс фестивалларида қатнашиш бахтига мушарраф этди. Бундан ташқари қаҳрамонимиз хорижий давлатлардаги кўпгина “Ўзбекистон кунлари” концерт дастурларида ҳам фаол иштирок этиб келмоқда. 2018 йил мамлакатимизда илк бор ўтказилган “Бухоро жилолари” кўрик танловида Республика финал босқичида Ситора фахрли 3 ўрин соҳибаси бўлди. Ушбу кўрик танловдан сўнг қаҳрамонимиз ўз устида янада кучли ишлашни, миллий рақс соҳасида изланишлар олиб боришга жиддий киришди. Натижалар кутилганданда зиёда бўлди. 2019 йил у “Ниҳол” давлати мукофоти совриндори ҳамда Европа бўйлаб 53 кунлик турли-хил рақс фестиваллари ва миллий рақс кўрик танловларида иштирок этиш бахтига муяссар бўлди. Ёш раққоса бу билан чекланиб қолмай 2019 йил 25 сентабрдан 6 октабригача бўлиб ўтган Жанубий Кореянинг Андон шаҳрида бўлиб ўтган “24-Mask dance” халқаро фестивал доирасида ўтказилган халқаро кўрик танловда 12 давлатдан келган 128 иштирокчи орасида бронза медалига сазовор бўлди. Ситора ўзи эришган ютуқларининг сабаби юртимизда миллий рақсимизга берилаётган юксак эътиборда ҳамда устозлари Дилбар Юнусова, Гулмира Мадраҳимова, Нигина Негматова, Гулнора Мажидовалардан олган сабоқларида деб билади. Ситорадан биринчи устозингиз ким деб сўраганимда қаҳрамонимиз ўз хотираларида “Менинг биринчи устозим онам Замира Хўжамқулова. Мен чамаси икки, уч ёшлик жажжи қизалоқлигимда мен ошҳонада, онажоним уй-рўзғор ташвишлари билан овора пайтларида телевизорда янграган куй-қўшиқларга рақсга тушушимни пайқаб, қўлимдан етаклаб санъат даргоҳларига олиб борганлар ва ўз касбимнинг моҳир ижрочиси бўлишим учун мени хамиша қўллаб-қувватлаганлар” деб эслайди. “Менга бор меҳрини, куч-қувватини аямай, қалб-қўридан таълим берган барча устозларимдан миннатдорман. Улардан олган билимларимни келажакда педагогик фаолиятим давомида ёш авлодга тўла-тўкис етказишга ҳаракат қиламан” дейди у. Бундан ташқари Ситора келажакда ўзи яшаётган Сурҳондарё рақс услубини Сурҳондарё рақс мактабини яратиш истаги ҳам мавжуд.
Юртдошимизга келажакдаги ишларида улкан зафар ва омадлар тилаймиз. Ишонаманки, у ўзбек миллий рақс санъатида бунданда юқори натижаларга эришишда ўз изланишлари билан ўчмас из қолдиради.
Ўзбекистон давлат хореография академияси “Санъатшунослик” таълим йўналиши 3-курс талабаси Рисолат АХМЕДОВА