“Замонавий театр ва замонавий спектакль қандай бўлиши керак?” - деган саволга 27-29 октябрда ўтказилган «Ill Home» фестивалида озгина бўлса-да жавоб топишга ёш ижодкорлар ҳаракат қилишди. Ўтказилган фестиваль шиори: “Атрофимиздаги – театр. Театр - руҳиятимиздадир” деб танлангани бежиз бўлмаган кўринади. Бунда ёш режиссёрларга саҳна маконидан, мослашувчан макондан ташқарига чиқиб ижодларини намоён этиш имкони берилди. Марказий Осиё мамлакатларининг 15 га яқин ёш режиссёрлари ҳамда драматик санъат мактабининг артист ва талабалари, театршунослар, мусиқачилар, саҳна рассомлари ( актёр Борис Гафуров, рассом Шуҳрат Абдумаликов, санъатшунос Мухаббат Туляходжаева (Ўзбекистон), Сухроб Назимов (Тожикистон), Thibaut de Ruyter (Германия), Женя Беркович, Юрий Квиатковский, Алексей Жеребцов (Россия) театр лабораториясининг машғулотларида қатнашиб, машғулотлар самараси ўлароқ, қилган ишларининг натижасини томошабин эътиборига ҳавола этишди. Лойиҳа Ўзбекистондаги Швейцария идораси ҳамда Шаҳзода Клаус фонди (Нидерландия) ҳомийлигида амалга оширилди.
“Саҳна санъатининг мақсади- ҳаёт ҳақиқатини акс эттириш, актёрлар эса замон тарихининг жарчиларидир” – деган эди буюк драматург Вильем Шекспир. Ҳақиқатдан ҳам шундай эмасикан, деган савол туғилди менда “Илҳом” театрда саҳналаштирилган (“саҳналаштирилган” десам хато бўларо-ов) қўйилган “Гераклнинг 12 жасорати” деган спектаклни кўриб. Бундай дейишимга асосий сабаб - воқеалар саҳнада эмас, балки театрнинг турли жойларида, гардеробда, ташландиқ галереяда, йўлакда, театр дурадгорхонасида, томда, кинозалда, кўчадаги фаввора ёнида, зинапояларда бўлиб ўтади. Фақат биргина кўриниш саҳнада кўрсатилди. Қизиқарли томони шундаки, бунда биз томошабин эмас, балки спектаклнинг иштирокчисига айландик, актёрлар билан бирга ҳаракат қилдик. Натижада эса Геракл ва унинг атрофидагиларни ҳис этган алам-изтиробларга шерик бўлдик. “Илҳом“ театрининг бадиий раҳбари, актёр Борис Ғафуровнинг спектаклда ўз қаҳрамони номидан айтган, «Ill Home» (инглиз тилида бу “касалхона” демакдир)га хуш келибсиз. Буц ерда қалби мажруҳлар даволанади. – деган сўзлари спектаклнинг моҳиятини очиб бергандек бўлди.
Қадимги юнон мифологиясининг қаҳрамони Гераклнинг жасорати ва мифологияга нима учун мурожаат этиш театр лабораторияси асосчиларига керак бўлиб қолди?
Миф — қарама-қаршиликлар (яхшилик-ёмонлик, зулмат-зиё, кун-тун) акс этган икки қутбли воқеалар ривожига ўхшаб кўринади. Воқеалар онгимизда ғира-шира намоён бўлади-ю, қайсидир қирраси ҳаётимизнинг бир қиррасини кўрсатгандек бўлади. Қадимий инсоннинг тасаввуридаги воқеаларга назар ташлаб, чалкашликлар калавасининг бир учини топгандек бўласиз гўё. Бу эса хаёлот ва ҳаёт ўртасидаги ипдир. Балки шунинг учун ҳам мифологик воқеалар саҳналаштирилганмикан?
Йўлбошчимиз томошабинлар гуруҳидан орқада қолмасликка ва четдаги турли нарсаларга алаҳсимасдан унинг ортидан эргашишимизга чорлади. Бизнинг – 20 нафар томошабиннинг театрнинг зим-зиё йўлаклари, совуқ кўчадаги, қоп-қоронғу том ва хоналаридаги фонуслар йўлимизни ёритган “сайримиз” ана шу тарзда бошланди.
Дастлабки саҳнада Гераклнинг туғилиш жараёни гардеробда рамзлар (бешик, беланчак, исириқ. туморлар) ёрдамида, “Алла” қўшиғи орқали кўрсатилди. Бу “Алла” - ғафлатдан ўйғотувчи, бедорликка чорловчи, огоҳликка ундовчи алла эканлигини спектакль сўнггида англаб етдик.
Баъзан инсон қоронғуликдан қўрқади. Қўрқоқлик жасоратнинг акси. Ичимиздаги асосий душмандир. Инсон қўрқиши оқибатида ҳаётидаги ўз олдига қўйган кўп эзгу мақсадларига эриша олмайди. Спектакль қаҳрамони Геракл эса қўрқувни туғилибоқ енгади. Беланчагига тирмашган икки илонни бўғибгина тез ва осонгина ўлдириб қўя қолади.
Гераклнинг тақдирига доимий тарзда бир-бирига қарши кучлар – Зевс ва Гера (Зевснинг аёли) таъсирини кўрсатади. Бу икки илоҳ(юнон мифологиясига биноан)даги ҳислар, Зевсдаги – ҳукмронлик, илм олишга интилиш, комилликка интилиш, уни юксакликка кўтарган бўлса, Герадаги – бахиллик, вайронкорлик, тажовузкорлик, қаҳр уни беихтиёр ҳаракатлар қилиб кейин афсусланишига олиб келади. Шу тарзда қаҳрамонимиз ўзига илк сабоқни олади., қилингане гуноҳлар учун айбдорни қидирмай ва ўзни айбламай, бу тақдир ва тангри томонидан берилган инъом – АҚЛдан фойдалана билмаслик оқибати эканлигига ишонади.
Қизиғ-а, қадимги Юнонистон асотирининг қаҳрамони қаерда-ю, бугунги куннинг инсони қаерда?! Гераклнинг илк жасорати (режиссёр баҳром Қурбонзода (Тожикистон) маҳлуқлар Тифон ва Ехидна томонидан дунёга келган немей шерини ўлдириши бўлиб, бунда кучлиликни кўрсатиш, вақтдан унумли фойдалана билиш, инсоннинг ўз ҳирс ва эҳтиросларини бошқара билиш каби маъно мужассам. Маълумингизким, шер олов, қуёш, ҳукмронлик, олийжаноблик рамзи ҳисобланади. Унинг тимсолида Исо(АВ), Будда, Дониёл пайғамбар, ҳиндлар сиғинган илоҳ – Вишну, Мисрда Сехмет, Тефнут, Хаторлар тасвирланган.
Қуёш тимсоли сифатида шер вақтдан тўғри фойдаланиш белгиси ҳамдир. Сайёрамиз қуёш атрофида айланиши бир йил – 12 ой деб белгилангани ҳолда вақт тимсолини кўрсатиши бежиз эмасга ўхшайди. Рим саркафагларида ҳам, ўрта асрда ғарбдаги кўмиш маросимида ҳам, Миср асотирлари маҳлуқи Ааму тимсолида ҳам шер кўрсатилган.
Файласуф Карл Юнгнинг фикрича, ёввойи шер ичимизда онгсиз равишда сақланган кучли эҳтирос тимсоли бўлиббаъзи ҳолларда жаҳл чиққанда инсон ўзини-ўзи бошқара олмаганида намоён бўлади. Агар Немея йўлбарсини Ехиднадан дунёга келганини нуқтаи назаридан қарайдиган бўлсак, у иккиюзламачилик-мунофиқлик рамзи дейиш ҳам мумкин. Инсон ўз мақсадига эришиши учун ўз манфаатини ўзгалар манфаатидан устун қўяди. Баъзан ўзи билмаган ҳолда атрофидагиларга зара етказади. Ехидна ярми аёл. Ярми илон тарзидаги маҳлуқотдир. Илон Шарқда нафси аммора сифатида келтирилади. Мизенсаҳнани кўра туриб “инсон нафсини енга олсагина жасорат кўрсата олади” деган фикр пайдо бўлди. Гераклнинг “Тоғ тоғ билан учрамайди, одам одам билан учрашади” деган гапи ҳам фикримизни тасдиқлагандек бўлди. Бугунги кунда ўз манфаати йўлида ў қариндош-уруғидан, ака-укасидан, дўстидан юзкўрмас бўлиб кетаётган одамлар кўп эмасмикан қаторимизда?
Геракл қуёш илоҳи Аполлон камони ёрдамида немея шери билан 30 кун давомида курашади. Бу эса ҳар куни ўзингни ичингдаги манманликни ўлдиргин, у билан курашгин деган мазмунда эмасмикан?.. Бекорга тасаввуфнинг яссавия тариқатида “ўлмасдан туриб ўлиш” таълимоти берилмаган. Ичида мудраб ётган ҳайвонни уйғотиб, камчиликларимизни сабр-тоқат ва қатъият қалқони ила “ўлдириш” орқали инсон нафсини ўзига бўйсундира олади.
Инсон ҳис-туйғулари ҳар доим унга бахт олиб келавермайди. Баъзан инсон ҳисларга берилиб ақл кўзи бекилади. Гераклда ҳам шундай. У ўзининг қадду-қоматига, кучига ишонган қаҳрамон. Бироқ унинг шон-шуҳратига эришишига бир ўзи сабабчимикан? Атрофидаги дўст-ёрлари-чи? Баъзан асосий ишни қилган имнсон четда қолиб кетиб, ишга шунчаки қўл урган кимдир одамлар наздида қаҳрамонга айланади. Тисей ва Геракл ўртасида ҳам худди шундай вазият юзага келган. Натижада эса уларнинг дўстлиги ёвликка айланди.
Спектаклда ёш режиссёрлар томонидан ишлатилган бундай ғоявий топилмаларни кўп келтириш мумкин. Биргина кинозалда кўрсатилган, қутурган буқалар подасининг одамларни қувлаш саҳнаси ҳам, инсонлар ўз муаммоларидан ўзлари қочишади. Муаммонинг кўзига тик қараб, уни ечиш даркор эмасмикан, муаммо ечилмас экан, у сени таъқиб этаверади, деган ғояни, қўлингдан келса ўзгалар муаммосига ҳам томошабин бўлмай уни ени ечишга ёрдан бер” деган фикрни англаш мумкин. Бугунги глобаллашув даврида интернет тармоғида бирор нохуш воеа ёки чорасизликни қўл телефонига муҳрлаб, тармоққа жойлаштираётганлар озми?
Бир пайтлар ёзувчи Фёдор Камоловнинг “Гераклни нима қилиш керак?” деган ҳикоясида бир бола иншосида, “Гераклни ёмон кўраман. Чунки у йўлида дуч келган хатарни кучи орқали мағлуб этади. Маҳлуқотларни ўлдиради, янчади” деб ёзган эди. Бу орқали инсон гарчанд кучли бўлса ҳам, у кучини ақл билан ишлатмас экан у тажовузкор, вайронкор бўлашини англаш мумкин. Шарқда комил инсон ақлан етук, жисмоний жиҳатдан бақувват, соғлом, маънавий жиҳатдан пок инсонни комил инсон дейилади. Гераклни эса биз комиллик тимсолида кўра олмаймиз. Чунки у хотини ва болаларини ўлдириши эвавзига тавқе - ланъатга эришди, тавқе лаънатни ювиш учун эса Зевс томонидан тақдирига битилган 12 жасоратни кўрсатди. “Сўнгги пушаймон – ўзингга душман” деган гап бор. Ақл билан иш юритмаслик Гераклга кўп панд беради.
“Гераклнинг 12 жасорати”даги кўринишларнинг ҳар бири кишини ўзига четдан кузатишга, ўзини-ўзи таҳлил этишига, бефарқлик каби тузатса бўладиган касалликни тузатишга ҳамда огоҳликка даъват этди. Зеро, огоҳлик давр талаби.
Нигора Умарова