Мы освещаем новости культуры Узбекистана: театр, кино, музыка, история, литература, просвещение и многое другое. |
|
|
24.03.2018 / 22:58:36
Балет санъатининг Ўзбекистонда пайдо бўлишиXX аср бошида Ўзбекистонда балет санъати ўз ривожини бошлаган. 1916 йилдан сайёҳ раққос ва қўшиқчилар пайдо бўлиб, улар ўз санъат маҳоратларини турли шаҳарлар кезиб намойиш этишган. Илк мусиқали труппани қўшиқчи ва театр арбоби Мухиддин Қори Ёқубов Фарғона шаҳрида ташкил қилади. 1929 йилда машҳур ўзбек ёзувчиси Ҳамза Хакимзода ўзбек намунали этнографик труппа ташкил қилиб, унда артистлар рақс ва қўшиқ билан "Аршин мол олан", "Ҳалима" каби мусиқали пьесалар ижро этишади. Труппага Мухиддин Қори Ёқубов, Уста Олим Комилов, Тамарахоним, Ҳалима Носирова, Гавхар Раҳимовалар ҳам келишади. 1930 йилларда Тошкент шаҳрида иккита театр ўз фаолиятини олиб боради. Ўзбек мусиқали театри ва муҳожир рус қўшиқчилари ва раққослардан ташкил топган Рус давлат опера театри. Спектакллар "Колизей" Цицинадзе цирк биносида бўларди. Кейинчалик у Давлат Опера театри номи билан ўзгартирилди. Театрда балетмейстер И.Арбатов, П.К.Йоркин, А.Р.Томский, М.Ф.Моисеевлар ишлаб, 1932 йилда М.Ф.Моисеев томонидан Чайковскийнинг "Оққуш кўли" балети қўйилади. Балет ролларини Е.Семенова, Г.Покровская, В.Губская, Т.Кутасова, А.Томский, Н.Довгелли, В.Нежданов, Е.П.Новиков, Г.Галетко, О.Абрикосов, Б.Шевчуклар маҳорат билан ижро этишган. Аста-секин балет репертуарларига композитор Б.Асафьевнинг балетмейстер А.Р.Томский томонидан саҳналаштирилган "Боғчасарой фаввораси", Глиернинг "Қизил мак"и, Крейннинг балетмейстер Ф.Лопухов ижод намунаси "Лауренсия" балетлари киради. 1933 йилда ушбу жамоанинг базасида ўзбек мусиқали театр ташкил топади. Ўзбек мусиқали театр саҳнасида Т.Б.Ростислав ва Уста Олим Комилов томонидан саҳналаштирилган биринчи миллий "Пахта" балети қўйилади. Бу ўзбек халқ рақси ва пантомимасини қўллашнинг илк уриниши эди. 1939 йилда композитор Ф.Тальнинг мусиқасига А.Томский "Шоҳида" балетини саҳналаштириб, унда ўзбек халқининг босмачларга қарши кураши хақида гапирилади. 1941 йилда Брусиловский мусиқаси асосида балетмейстер В.И Губская ва И.Арбатовлар "Гуландом" балетини яратишди. Улар билан бирга Тамарахоним ва Уста Олим Комиловлар ишлашди. Евгений Барановский В.Чебукианнинг "Тоғ юраги" ("Сердце гор")ини, классик балет хореография матнини мураккаблаштириб, грузин халқ рақсига урғу бериб, қайта ишлайди. 1944 - 1953 йиллар Опера ва балет театрининг бош балетмейстери П.К.Йоркин бўлади. У кенг доирадаги репертуар яратиб, 1947 йил – композитор Л.Делибнинг "Коппелия", Минкуснинг "Дон Кихот" балети, 1948 йил – П.И.Чайковскийнинг "Оққуш кўли" балети, 1951 йил – композитор Василенконинг "Оқ билак" ва "Озода" балетлари, шунингдек, 1952 йилда композитор Мушель ва балетмейстер Е.Барановский "Балерина" балетларини саҳналаштирди. Ўзбек балети санъати ривожида рус балетмейстерлари ва педогоглар томонидан ўзбек мумтоз рақси ва балети ривожида асос яратилди. Янги балетлар саҳналаштириш учун мумтоз рақсни профессионал даражада ўзлаштирган мутахассислар лозим бўлди. Балет мактаби ташкил қилиш, опера-балет санъати ривожлантириш ва шу асносда опера-балет театр биноси қурилиши масаласи кенг қўйилди. 1947 йилга келиб бундай театр барпо этилди. Ҳозирги кунда ушбу театр Алишер Навоий номли Давлат академик катта театр деб аталиши фахрлидир. Ушбу йили ўзбек мусиқали театри ва рус опера жамоалари бирлашиб, биргаликда ишлай бошладилар.1948 йилга келиб эса ўзбек миллий шоири, ёзувчиси Алишер Навоий номи берилади. Театр Тошкентнинг энг гўзал масканига айланди. Халқнинг манъавияти ва маданиятини, ундаги ютуқлари Ўзбекистон балет санъатининг мулки бўла бошлади. 1947 йил 11 декабрда биринчи ўзбек балет мактаби асосида педогог-устоз, хореография санъати хусусиятларини билган М.А.Харатов ва Ленинград хореография билим юртини тамомлаган З.Н.Афанасьевалар бадиий раҳбар бўлган Тошкент Давлат Хореография билим юрти ташкил топди. 1997 йилда Ўзбек хореография билим юрти базасида Тошкент Давлат Миллий рақс ва хореография олий мактаби ташкил топди. Балет мактаби пайдо бўлгандан классик ва халқ йўналишини битирган ўқувчилар сони 3420 ни ташкил қилади. Рақснинг барча турлари бўйича малакали балет артистларини тарбиялашга Халқ артист, Ўзбекистон халқ артисти, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, Қорақалпоқ халқ артисти, санъат арбоблари каби устозлар меҳнат қилмоқдалар. 2004 йилда эса Олий ва ўрта таълим вазирлигининг қарори билан мактаб Хореография коллежи мақомини олади. Балет мактабининг янада ривожланишида йил бўйи қилинган ишлар намойиши бўйича ҳисобот концерт дастури катта аҳамиятга эга. 70 йиллик даврида мактабга кўпгина мутахассислар раҳбарлик қилдилар.
Тошкент давлат миллий рақс ва хореография олий мактаби "Санъат назарияси ва тарихи" кафедраси ўқитувчиси Низамутдинова Мадина
|
|