Мы освещаем новости культуры Узбекистана: театр, кино, музыка, история, литература, просвещение и многое другое. |
|
|
10.02.2024 / 10:31:53
МАДАНИЙ ЗИЁЛИЛИК ДАРАЖАСИ УЛУҒВОР ИНСОНИнсоннинг зиёлилиги, маданиятининг даражаси нима билан белгиланади? Агар у санъат ва маданият арбоби, сиёсатчи бўлса-чи?!.. Мени ўйлантириб келган ана шу саволларга жавоб топмоқчи бўлганимда авваламбор кўз олдимда санъат ва маданият арбоби Бахтиёр Сайфуллаевич Сайфуллаевнинг мваънавий қиёфаси кўз олдимга келади. Ошкоралик, демократия, мустақиллик шаббодаси МДҲ давлатлари сингари юртимизда ҳам эса бошлаган 1980-йилларнинг ўрталарида Бахтиёр ака Сайфуллаев режиссёрлигида саҳналаштирилган Республика Олий таълим муассасалари талабалари, завоб ва фабрика ишчилари бўлган ёшлар ўртасида ташкил қилинган, телевизор экранлари орқали кўрсатиладиган “Қувноқлар ва зукколар” танловининг “Муаммо, муаммо, муаммо” шартида жамиятнинг оғриқли муаммолари ва уларни ечиш механизми сатира жанрида кулги остида саҳнада кўрсатилиши ўша пайтдаги амалдорларни анча-мунча ўйлантирган, масалаларни ҳал қилишга ундаган эди. Ҳозир ахборот компьютер технологиялари жадал ривожланган даврда бу гапим анча эриш туюлар-ку, бироқ 1980-йилларда телевидение ахборот ташувчи восита сифатида катта кучга эга эди. Гарчи мактаб ўқувчиси бўлсам ҳам ўша пайтда тенгдошларим қатори “Қувноқлар ва зукколар” кўрсатувини катта қизиқиш билан кўрар, ундаги “Муаммо, муаммо, муаммо...” шартини синфдошларим билан бирга муҳокама қилардик ва атрофимизда яна қандай муаммолапр мавжудлигини ўйлаб, ўзимизча ҚВЗнинг ўқувчилар учун мослашган шаклини Бахтиёр аканинг кўрсатуви шаклу-шамойилида ишлаб чиққандик. 1988-1990-йилларда мустақллик нафаси эпкинлари барча соҳа сингари санъат ва маданият соҳасига ҳам кириб келди. Ўшанда сўз усталарининг “ҚИЗИҚЧИ-88”, “ҚИЗИҚЧИ-89”, “ҚИЗИҚЧИ-90”, қўшиқчи-хонандаларнинг “КАМОЛОТ” ТАНЛОВЛАРИ ТАШКИЛ ҚИЛИНИБ, Республикамиз ҳудудларидаги энг истеъдодли, етук ёш санъаткорлар саралаб олинган эди. Ушбу барча танловларнинг ўтказилишида Бахтиёр аканинг ҳам режиссёр, ҳам ташкилотчи сифатида катта ҳиссалари бўлган. Айнан мана шу танловлар халқимизга Муҳриддин Ҳолиқов, Муҳаммадкарим Соипов, Ғиёс Бойтоев, Шомаҳмуд Шораҳмедов, Нуриддин Ҳайдаров, Охунжон Мадалиев сингари халқ севган хонандаларни, Обиджон Асомов, Ботир Муҳаммадхўжаев, Мирза Холмедов, Ҳожибой Тожибоев сингари маҳоратли қизиқчиларни танитди. Танлов якунида якунловчи сўз танлов режиссёрига берилар, Бахтиёр ака Сайфуллаев танлов ва унинг иштирокчилари ҳақида гапирганлари ҳали ҳам хотирамда турибди. Санъат ва маданият жонкуяри сифатида улар бирор ёш истеъдод соҳибини пайқасалар дарроқ уни қўллаб-қувватлаб, санъат ва маданият соҳасида ўрнини топишга ёрдам берар эдилар. Бундан ташқари Бахтиёр ака Сайфуллаев ўша даврда “Тошкент гўзали”, “Ўзбекистон гўзали” сингари танловларда ҳам режиссёрлик қилганлар. Интернет сарҳади - ҳозирги жамиятимизнинг қиёфасини кўрсатувчи яққол кўзгу. Бахтиёр ака Сайфулаев аввал вазир, сўнг сенаторлик фаолиятини олиб бораётган даврларида FACEBOOK ижтимоий тармоқдаги шахсий саҳифаларидан кундалик сифатида фойдаланиб, ҳар куни амалга ошираётган ишларининг фотосуратларини қўйиб борар эдилар: Унда чекка ҳудудларда қаровсиз ётган мусиқа ва санъат даргоҳларини назорат қилганлари, янги мусиқа мактаби ёки маданият саройининг очилиши, санъаткорлар ва ёш истеъдод эгалари билан суҳбат жараёни, санъат ва маданиятнинг дипломатик корпус вакиллари билан музокаралар акс этарди. Кишини таажжубга солган жиҳат – бу одам қишнинг қаҳратони, ёзнинг жазмрама 45-50 даражадаги саратонига қарамай; ҳали Термиз, ҳали Қорақалпоғистон, ҳали водийда маданият соҳасининг вакиллари шарт-шароитини ўрганиб юрадилар, наҳотки ўзларини аяшни билмасалар, - деб кишини ўйлантирар эди. 2017 йил маданият вазири бўлган пайтларида “Миллий тикланиш” партияси билан ҳамкорликда 7200 та археологик ва маданий мерос объектларининг паспорт реестрининг тузилганлиги Маданият вазирлигининг ўша пайтда ваколатида бўлган Маданий мерос агентлиги учун қилинган катта иш бўлди. Зеро, ижтимоий тармоқларда ҳали Шаҳрисабз, ҳали Жиззах, ҳали, Хоразм, ҳали Бухородаги маданий мерос объектлари ҳақида маҳаллий жамоатчиликнинг жонкуярлик билан билдирган аччиқ фикрлари вазирликнинг энг оғриқли нуқтаси эди. Объектлар рўйхати тузилган паспорт эса улар ҳолатини назорат қилиш имконини берарди. Хиванинг “Ичан-қалъа” музей қўриқхонасига кириш учун электрон турникетларнинг ўрнатилиши ҳам Бахтиёр ака Сайфуллаев даврида амалга оширилди. Бу амалиёт давлат бюджетига олинаётган даромадга нисбатан анча даромад келтирди. 2018 йилнинг сентябрида мамлакатимиз раҳбари, Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан Шаҳрисабз шаҳрида илк марта юксак даражада Мақом анжумани ўтказилди. Ҳафталик анжуман фаолияти ўз ичига илмий-амалий конференция, тадбирнинг очилиш ва ёпилиш маросимлари, иштирокчиларнинг чиқиши, Мақом музейининг очилиши сингари тадбирларни ўз ичига олди. Мақом фестивалида 73 мамлакатнинг санъаткорлари, мусиқашунос олимлари, санъат ва маданият арбоблари, менежерлар иштирок этди. Бахтиёр ака ҳар бир санъаткорга санъаткорона, олимга олимона, дипломатик корпус вакилларига дипломатик нуқтаи-назардан муомала қилар, ўзимизнинг оддий халқ вакилларига эса ўз яқин кишисини кўргандек самимиятлари бор эди. Ахир маданият соҳасида нақд ярим аср - 51 йил фаолият олиб борган шахснинг шогирдлари бисёр бўлиши, табиий-да!.. Маданият вазирининг қабул кунлари қабулхона олдида соҳага оид масалаларни ҳал этиш учун нажот истаб келган кишилар кўп бўларди. Ана шундай кишилардан бири Парижда Муҳиддин қори Ёқубов, уста Олим Комиловлар билан бирга ўзбек санъати довруғини дунёга кўрсатган Ўзбекистон халқ артисти Тамарахонимнинг шогирди, раққоса Гулчеҳра Юсупова вазирлик қабулхонасида Бахтиёр ака Сайфуллаев билан учрашди. Ижтимоий тармоқда Тамарахоним қабридаги ёдгорлик қаровсиз аҳволда қолгани ёзилгани, агар вазирлик рухсат берса, машинасини сотиб бўлса ҳам қабртошини ўз ҳисобидан тикламоқчи эканлигини йиғлаб билдирди. Вазир ўн чўнтагидан дастрўмолчасини олиб, Гулчеҳра опага берар экан, “Тамарахоним ҳозирги ўзбек санъатига тамал тошини қўйган анъаткорларимиздан бири. Наҳот уларнинг қилган хизматларининг хотираси ҳурмати вазирлик бюджет маблағидан битта ёдгорлик тошини ўрнатиб бера олмаса!.. Хафа бўлманг, машинангизни ҳам сотманг. Бу иш билан шахсан ўзим шуғулланаман!!!” – деди. Гулчеҳра Юсупова билан вазир учрашуви 2017 йилнинг якунида бўлган бўлса, 2018 йилнинг апрелида Тамарахонимга бағишланган ёдгорлик тоши Чиғатой қабристонида Халқ артистининг қабрига ўрнатилди. Камина учун байрам тадбирининг саҳналаштириш жараёни ниҳоятда қизиқарли, саҳналаштириш жараёнида нималарга эътибор берилар экан-а, деган саволимга доим жавоб топишга интилардим. Мустақиллик байрамимизнинг 27 йиллиги Форумлар саройида репетиция қилиниш жараёнини Бахтиёр ака Сайфуллаевнинг FACEBOOK саҳифасида кўрдим ва улар режиссёрлик қилаётганларини ўқиб, агар рухсат берсалар материал ёзишим учун репетицияни кузатиш истагимни билдирдим. Бахтиёр ака ёрдамчилари маълум вақтда Форумлар саройи олдида мени кутиб олишини билдириб, рухсат бердилар. Ишонасизми, репетиция жараёнида халқ ҳофизи бўладими ёки энди бошланаётган санъаткорми барчаси давлат тадбирининг юксак савияда ўтиши учун яхлит бир организм бўлиб ишлашини ҳис қилдим. Хонанданинг қадам ташлашидан то, ҳар бир сўзни аниқ ва тиниқ талаффуз этилишигача эътибор берган вазир-режиссёр иштирокчиларга гоҳ танбеҳ берар, гоҳ оталарча қўллаб-қувватлардилар. Ҳатто Шерали Жўраев ҳам саҳнада Бахтиёр акага сўзсиз бўйсуниб, эҳтиром кўрсатганликларига гувоҳ бўлдим. Эътиборимни дуторчи қизлар билан бирга соз чертган навниҳол украин қизи тортди. Бахтиёр ака, унга “Василиса, қизим” деб ўзбек тилида мурожаат қилганликларидан ажабланиб, у қиз билан интервью олиш мақсадида яқиндан танишдим. Василиса Найпак асли фарғоналик бўлиб, 5 ёшида аввал онасидан, 12 ёшида отасидан жудо бўлиб, Меҳрибонлик уйида тарбияланган, у йил Давлат консерваториясига ўқишга ҳужжат топширибди. “Ниҳол” давлат мукофотининг вилоят босқичида ўрин олиб, Республика босқичида ҳам қатнашаётганлигини, агар Республика босқичида ўрин ола олмаса, ўқишга кира олмаслигини, шунинг учун танловга астойидил тайёрланаётганлигини айтди. Суҳбатимиздан 3 кун ўтиб Василиса Найпак Ниҳол мукофотининг Республика босқичи ғолиби бўлди, Консерваторияга имтиёзли равишда ўқишга кирди. 2018 йилда бўлса, Зулфия номидаги Давлат мукофотининг соҳибасига айланди. Агар ўша пайт Бахтиёр ака қизга ишонч билдириб, саҳнада ўзини тутиш бўйича сабоқ бермаганларида ким билади, у қизнинг тақдирига қандай битик битилган бўларди. Сенаторлик пайтларида Бахтиёр Сайфуллаев ўз ҳудудларидаги мактабга кутубхоналаридаги китоблардан анчасини қутиларга жойлаб туҳфа этардилар (Бу ҳам ижтимоий тармоқдаги саҳифаларидан маълум). Интервью олиш жараёнимда улар шундай деган эдилар: “Бир дўстим бор – у ҳеч қачон менга хиёнат қилмайди, дардимни жимгина эшитади, мулоҳаза билдиради, тегишли хулоса чиқаришимга ёрдам беради. У дўстим китобдир!” Бахтиёр ака Сайфуллаев умрларининг охирги кунларигача янгиликларни ўрганиб, уларга интилиб, ҳаётга татбиқ этишга ҳаракат қилиб яшадилар. Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси томонидан ташкил қилинган театр гастролларини мунтазам қолдирмай, томоша қилардилар. Антракт пайти ёки спектаклдан сўнг спектакль ҳақида 3-4 оғиз фикр алмашардик. Айримларга кичкина лавозимча тегиб қолса, дарров оёғи ердан узилиб, атрофидагиларни танимай қолади. Бахтиёр акага бундай иллат ёт эди. Устоз академик Наим Каримовнинг Муҳиддин қори Ёқубов ҳақидаги китобларини чоп этиш масаласи бўйича тегишли идорага йўллаган мурожаатлари беэътибор қолдирилиб, ўзлари ҳам тегишли инстанция раҳбари қабулига кира олмаётганликлари тўғрисидаги видео-мурожаатлари “ROST-24.UZ” сайтида чиққач, камина ҳам ижтимоий тармоқдаги саҳифамда, “энциклопедик билим соҳиби бўлган, 90 ёшдан ошган олимни сарсон қилиш тўғримикан?!” – деб бонг уриб ёздим. Хабаримни ўқиган Бахтиёр ака Сайфуллаев менга хабар қолдириб, Наим ака Каримовнинг телефон рақамини сўрадилар. Устоз профессор билан боғландиларми ёки йўқми, буниси менга қоронғу; бироқ бир неча ой ўтиб Муҳиддин қори Ёқубов ҳақидаги китоб нашрдан чиқди. Бахтиёр Сайфуллаев маданият соҳасидаги ҳар бир масалага бефарқ эмас эдилар. Бахтиёр ака Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси лавозимида фаолият олиб бориш жараёнида ҳозирги ёшларни қизиқтираётган масалалар уларни бефарқ қолдирмаган. 2023 йилнинг 15 февралида Қўмита мажлисини чақириб, унинг барча аъзоларига хабар юборилади, бироқ 14 февраль тарқалган мудҳиш хабар барчани “наҳотки...” дея ҳайратга солади. Кишининг ишонгиси келмас эди. Ахир куни кеча мулоқот қилган инсон, бугун орамизда йўқ бўлса?!.. 15 февралдаги мажлис Фируза опа Муҳаммаджонова айтганларидек, “Эгасиз мажлис” бўлди. Ўзбек маданиятининг жонкуяри, қуйи пиллапоялардан энг юқори пиллапоягача кўтарилган Бахтиёр ака Сайфуллаевнинг руҳлари шод, жойлари жаннатдан бўлсин!
Нигора УМАРОВА
|
|