Мы освещаем новости культуры Узбекистана: театр, кино, музыка, история, литература, просвещение и многое другое. |
|
|
19.05.2018 / 00:15:25
Туркманистонда Ўзбек киноси кунлари бошландиАшхободда Туркманистонда Ўзбек киноси кунларининг очилишига бағишланган маросим бўлиб ўтди. Тадбирда Туркманистоннинг академик ва жамоатчилик доиралари, давлатга қарашли ва хусусий етакчи сайёҳлик агентликлари, Ашхободда аккредитациядан ўтган дипломатия корпуси вакиллари, ўзбек диаспораси аъзолари, ўрта таълим мактаблари ўқувчилари ҳамда олий таълим муассасаларининг талабалари иштирок этдилар. Туркманистон телевидение, радиоэшиттириш ва кинематография давлат қўмитасининг Оғузхон номидаги Туркманфильм” бирлашмаси директори Я.Шадурдиев ўз нутқида ўзбек ва туркман халқларини анъавий дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатлари боғлаб туришини алоҳида таъкидлади. - Ишончим комилки, Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Гурбангули Бердимуҳамедов ўртасидаги алоҳида илиқ ва ишончли муносабатлар Ўзбекистон – Туркманистон алоқаларини янги юксакликка олиб чиқиш имконини берди, - деди Туркманфильм” бирлашмаси директори. – Хусусан, Туркманистон Президентининг жорий йил апрель ойида Ўзбекистонга буюрган давлат ташрифи мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларни, шу жумладан, маданий-гуманитар йўналишдаги ўзаро алоқаларни ривожлантиришга қўшимча туртки берди. Бугунги тадбирни ҳам бунинг яққол мисоли сифатида қайд этиш мумкин. Туркманистондаги Ўзбек киноси кунлари икки мамлакатнинг ижод аҳлига ўзаро тажриба алмашиш ва кинематография соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш учун жуда қулай имконият яратади. Я.Шадурдиев, шунингдек, Ашхободдаги ушбу маданий тадбир маҳаллий томошабинларни талантли ўзбек кино усталари томонидан яратилган сўнгги ижодий ишлар билан таништириши баробарида халқларимиз ўртасидаги қардошлик ришталарини мустаҳкамлаш, уларни янада яқинлаштириш ва икки халқнинг бой маданий меросидан воқиф қилишга кўмаклашишини ҳам қайд этди. Туркманистонда Ўзбек киноси кунларининг очилиши маросими доирасида режиссёр Ж.Аҳмедовнинг “Тундан тонггача” номли асари намойиш этилди. Эслатиб ўтамиз: Ўзбек киноси кунлари афишаси мамлакатимиз кино санъати ижодкорлари томонидан турли йилларда турли жанрларда суратга олинган 5 та фильмдан иборат. Жумладан, кинонамойиш доирасида режиссёр Ж.Аҳмедовнинг “Тилим қурсин”, З.Мусоқовнинг “Абдуллажон” ва “Новда”, Х.Ҳасановнинг “Чавандоз” номли фильмлари туркманистонлик томошабинларнинг эътиборига ҳавола қилинади.
“Жаҳон” АА, Ашхобод
|
|