Мы освещаем новости культуры Узбекистана: театр, кино, музыка, история, литература, просвещение и многое другое. |
|
|
28.06.2018 / 22:09:59
Дўстлик ришталари мустаҳкамланмоқдаЖорий йилнинг 26 – 30 июнь кунлари Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси Рустамбек Қурбонов бошчилигидаги бир гуруҳ ходимлар Қозоғистонга хизмат сафарига келишди. Делегация таркибида “Ўзбекистон-Қозоғистон” дўстлик жамияти аъзолари ҳам иштирок этишди. Ташрифнинг биринчи куни Шимкент шаҳри Қозоғистон халқи Ассамблеяси биносида йиғилиш ташкил этилди. Унда Қозоғистон ўзбеклари этномаданий бирлашмаларининг “Дўстлик ҳамжамияти” кенгаши аъзолари, фаоллари, шунингдек, Туркистон вилояти, Шимкент шаҳри ва туман ўзбек этномаданият бирлашмаларининг раислари ва фаоллари иштирок этишди. Дўстлик ҳамжамияти раиси Икром Ҳошимжонов йиғилганларни Ўзбекистондан ташриф буюрган меҳмонлар билан таништириб, сафарнинг мақсад ва вазифалари ҳақида сўзлади. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси Рустамбек Қурбонов йиғилганларга Қўмита фаолияти ҳақида ахборот берди. Тадбир доирасида мактаб кутубхоналари ва этномаданий бирлашмаларига Тошкентдан келтирилган 435 дона таниқли ўзбек ёзувчи ва шоирларининг бадиий китоблари топширилди. Учрашув чоғида ватандошларимиз томонидан кўплаб таклифлар киритилди. Улар ўзбек мактаблари учун дарсликлар етказиб бериш, ўзбек тилида адабий китоблар етказиш, фильмлар, рассомларнинг кўргазмалари, бадиий гуруҳларнинг ташрифи, таниқли артистлар билан ижодий учрашувлар ташкил этиш, турли давра суҳбатлари ва илмий анжуманлар ўтказиш, ёш иқтидорли саъат ихлосмандларини Тошкентдаги Глиер номли мусиқа мактабига юбориш ва бошқа масалалар тўғрисида таклифлар билдиришди. Туркистон вилояти таълим бошқармаси методика марказининг ўзбек тили ва адабиёти мутахассиси Шахло Норалиева жумладан шундай деди: “Ўзбекистон Республикасидан келган вакиллар билан учрашув биз учун оламшумул тарихий аҳамиятга эга бўлди, чунки ҳар қандай ҳолатда ҳам икки давлат ўртасидаги ҳалқаро дўстлик, ҳамкорлик, тотувлик масалалари кўрилмоқда. Бугунги кунда Ўзбекистон ва Қозоғистон давлатлари ўртасида ҳам иқтисодий, ҳам маданий ҳамкорликларни мустаҳкамлаш бўйича меморандумни имзолаш режалаштирилган ва унга биз ўзимизнинг бир неча таклифларимизни бердик. Бугунги кунда Қозоғистондаги ўзбек мактаблари ўқитувчиларини Ўзбекистонга малака ошириш курсларига юборишни ташкил қилиш, ўзбек тили ва адабиёти ихтисослиги бўйича ўзбекистонлик мутахассисларининг тажрибасини ўрганиш биз учун жуда муҳим. Вилоятимизда кейинги йиллар давомида кўпгина устозларимиз нафақага чиқиш арафасида туришибди. Уларнинг ўрнига келадиган ёш мутахассислар етишмайди. Шунинг учун бизнинг мактабимиздаги битирувчилар грант асосида ёки шартнома асосида Тошкентга бориб таълим оладиган бўлса, биз учун энг долзарб масалалардан бири ечимини топган бўлар эди. Ундан ташқари илмий йўналишдаги ўқув курслари ҳам йўлга қўйилса биз учун бемалол ўзбек тили бўйича докторлик ёки номзодлик диссертацияларимизни ёқлаш имкони туғилар эди. Мана шу масалалар меморандумда ўз аксини топса, албатта, иккала давлат учун кенг имкониятлар очилади”. Меҳмонлар Сайрам ҳудудидаги муқаддас қадамжоларни зиёрат қилишди. Шунингдек, Ўзбекистон делегацияси аъзолари вилоят ўзбек драма театрига ташриф буюриб, жанубий қозоғистонлик томошинларга самимий саломларини етказишди. Тадбир давомида “Дўстлик” ҳамжамиятининг анъанавий “Давлат тилини билиш фарзинг” деб номланган кўрик танлови ғолибига Халқлар дўстлиги олий ўқув юртида давлат бюджети асосида таълим олиши учун сертификат топширди. Меҳмонлар театр репертуаридан жой олган “Мажбур бўлдик – қиз бўлдик” ҳажвий саҳна асарини томоша қилдилар. Шундан сўнг делегация аъзолари Осиёда ўзаро ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича конференцияда иштирок этиш ҳамда унинг доирасида Қўмита ва Қозоғистон халқи Ассамбеяси ўртасидаги меморандумни имзолаш мақсадида Астана шаҳрида учиб кетишди.
|
|