Мы освещаем новости культуры Узбекистана: театр, кино, музыка, история, литература, просвещение и многое другое. |
|
|
11.09.2020 / 18:54:15
Ўзбек рақси дунё назарида«Хоразм рақси ўта қадимий ва қизиқарли, аммо бу каби ўзгаришлар давом этаверса, анъаналар йўқолиб кетади» ЛаурелГрей. «Silk Road Dance Cаmpany»рақскомпаниясининграҳбари
Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси, Вашингтонда мамлакатимиз мустақиллигининг 29 йиллигига тайёргарлик доирасида ўзбек рақс санъатини ўрганиш бўйича икки ҳафталик «Silk Road Dance Camp 2020» лойиҳасига старт берилган эди. Ушбу лойиҳанинг ҳаммуаллифи, халкаро микёсда таниқли олима «Silk Road Dance Campany» рақс компаниясининг раҳбари америкалик Лаурел Грей хоним бошчилигида 22 августдан 30 августгача Zoom дастури орқали Хоразм ва Бухоро рақс мактабларини ўргатиш бўйича онлайн машғулотлар олиб борилди. Машғулотларни Хоразм рақс мактаби бўйича мен («Лазги» ансамблининг бош балетмейстери Шоназар Ботиров) ва Бухоро рақс мактаби бўйича Ўзбекистон халқ артисти, «Узбекистон» ашула ва рақс ансамблининг бадиий раҳбари Мўминов Қодир Тошкинович олиб бордик. Ушбу лойиҳа доирасида ўқувчилар 29 август куни Ўзбекистон халқ артисти, Ўзбек халқ саҳна рақси асосчиларидан бири Мукаррама Турғунбоева музейига онлайн саёҳат килишди. Лойиҳа давомида Лаурел Грей хоним билан Ўзбек рақс санъати тарихи, ҳаракатлари, либос ва тақинчоклари ҳакида суҳбатлар олиб бордик. Лаурел Грей хоним ўзидаги мавжуд шокила, занг, тиллақош ва бошқа либос ҳамда (айниқса хоразмча) тақинчоқларни бизга намойиш қилар экан фахр билан – “Булар энг қадимийлари, мен буларни сотиб олганимга бир неча ўн йиллар бўлган. Булар мен учун жуда қадрли, негаки ҳозир Ўзбекистонни ўзидан ҳам бундайларини тополмайсиз, сизлардаги тиллақошлар анча катталашиб олдинги жозибасини бутунлай йўқотган, шокилалар эса бисерлардан килиняпти” – деди. Тўғриси мен Грей хонимдаги бу нарсаларни ва Грей хонимнинг ўзбек рақс санъати учун жонкуярлик қилаётганини кўриб жуда хурсанд бўлдим. Аммо на Ўзбекистонлик, на Ўзбек бўлмаган америкалик бир аёл Ўзбек рақс санъати ва этнографиясининг қадимийлигига фахр билан шунчалик эътибор бераётган бир пайтда биз нимага эътибор каратяпмиз?... Ҳақиқатдан ҳам тиллақошлар йилдан йилга минорадек катталашиб бормокда. Аслида тиллақош пешонага тақиладиган нозиккина, худди Ўзбек аёлига ўхшаб бежиримгина тақинчок эмасмиди. Бугун эса бу тақинчок Хонумон киядиган ҳиндларнинг эркакча бош кийимини такрорлаб турибди. Хоразм шокилаларини олайлик. Қуббасимон икки қаватли томчига ўхшаш майда тилларанг япрокчалардан иборат шокилалар 80 – 90 йилларга келиб лўлиларнинг тангасимон тақинчоғи билан алмашиб колди. Бу ҳам етмагандек 1997 йилдан кейин шокилалар пистон ва бисер каби енгилгина матохлар билан яна ўрин алмашади. Нафақат шокила, балки хоразмча тахя ва зангларни ҳам шу матохдан тайёрлаб бошладик. Хоразмча сочпопукларнику умуман топиб бўлмайди. Саҳнавий либослар ўзбек этнографияси ҳисобланиб, саҳнада бутун дунёга ўзбекни ўзбеклигини, унинг маданияти, маънавиятини намойиш қилади. Аммо бугун нима бўлябди?.. раққосаларимиз либосларнинг этаги остидан, европада бир неча аср олдин урфдан қолган сеткалик этак (подюбник) кийишни бошлашди. Нима эмиш, бусиз майдонда раққосанинг қомати кўринмасмиш. Буям етмагандек либосларни Туркман аёллариники каби ерга тегадиган қилиб кийишябди. Чунки бу раққосанинг бўйини узун қилиб кўрсатармиш. Ваҳоланки ўзбек аёллари кўйлагининг этаги оёкнинг тўпиқ қисмигача тушган. Ҳозир эса раққосаларимизнинг либослари ўзидан узун, ер супуриб юради. Бундан ташари либосларни жозибали қиламан деб балетмейстерларимиз туркманча безаклар, қозоқ ва қирғизча жимжимали этак ва енглар қўшиб ташлашган. Тиллақош сингари тақинчоқларни, дурра каби бош кийимларни йилдан йилга катталаштириб юборишябди. Савол туғилади – биз ўзи саҳнада нимани намойиш килишимиз керак?.. Рақс санъати бузилиб кетди, ҳаракатлар ўзгариб миллийлигини йўқотиб борябди, рақс мактаблари бир - бирига аралашиб, қоришиб кетди деб аюҳаннос соламизу, ўз айтганимизга ўзимиз амал килмасдан яна ўша йўлда давом этамиз. Агар ўзимиз айтган гапга ўзимиз амал қилмасак, гапиришдан нима наф. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Гулмира Мадраҳимова куйинчаклик билан – “битта раққосани ҳақиқий раққоса қилиб етиштириш учун камида 8 – 10 йил вақт кетади. Энди бу хақиқий раққоса бўлиб етишди, ҳар қандай рақс асарни юракдан ҳис қилиб ижро қила олади деган пайтимизда ўша раққосанинг саҳнадан кетадиган пайти келган бўлади” – дейди. Олдинлари бундай эмас эди. Кўплаб раққосалар 40 – 45 ёшида ҳам саҳнада рақс тушишган. Шунинг учун ҳам ўлмас асарлар яратилган, кўплаб раққосалар эса ўз рақс мактаб (услуб)ларини яратишган. Бугун эса рақс санъатига бўлган талаб бошқача. Раққоса рақс тушишни билмаса билмасин, аммо бўйлари узун, қомати келишган ва юзи чиройли бўлсин!.. Аммо рақс ҳам санъатнинг бир тури, унга ҳам истеъдод, иқтидор керак эканлиги назардан четда қолмоқда. Ўзбекистон халк артисти Гавҳар Матяқубова – Гулчеҳра Исмаилованинг бирор жойда концертда қатнашишини эшитиб колсак, ҳар қандай муҳим ишимиз бўлса ҳам ўша концертга бир амаллаб чипта топиб бориб олардик, чунки Гулчеҳра опадан кўплаб ҳаракатларни кўриб, ўрганиб қайтардик – деган эди. Юрагида санъатга меҳри баланд бўлган, истеъдоди ва иқтидорига ишонган раққосаларгина юрагида ўт билан катъий ҳаракат қила олади. Рақс санъатига фақат пул манбаи сифатида қараш ва айни пайтда «юриб турган» урфлар ортидан қувиш, ўзбек рақс санъатини ҳам, этнографиясини ҳам йўқлик сари етаклайди. Бу эса ҳақиқий фожеа бўлади. Ўзбекистон халк артисти Қодир Мўминов – Биз саҳнага ўз асарларимиз орқали ўзбек йигитларининг мардлиги, аёлларимизнинг ҳеч қайси бир халкда, миллатда бўлмаган ибо, ҳаё, назокатини олиб чиқамиз ва шу билан бутун дунё халқларини рақс санъатимизга мафтун қила оламиз – дейди. Танқид келажак меваси, муҳтарам Президентимиз Мирзиёев Шавкат Миромонович ҳам ҳар бир ишга танқидий назар билан қарашликни кўп такрорлайди. Сўзимни мухтасар қилар эканман ҳамкасбларимга яна бир бор анъаналаримизга садоқатли бўлайлик дейишни лозим топдим. Акс ҳолда Лаурел Грей хоним таъкидлаганидек анъаналаримиздан айрилиб қолишимиз турган гап. Келинг азизлар, ўзлигимизни йўқотмайлик. Токи кейинги авлод орқамиздан номақбул гап гапирмасин. «Лазги» ашула ва рақс ансамблинингБош балетмейстери: Ботиров Ш. Х
|
|