Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг III «INFOLIB-2014» Миллий ахборот-кутубхона ҳафталиги доирасида Ўзбекистон халқ артисти Ҳалима Носирова таввалудининг 100 йиллигига бағишланган хотира кечаси бўлиб ўтди.
Тадбирда филология фанлари доктори, адабиётшунос олим Наим Каримов, санъатшунослик фанлари доктори Ҳамидулла Акбаров, артистнинг яқин инсонлари - Ўзбекистон халқ артисти Элёр Носиров, санъатшунослик фанлари доктори, Ўзбекистон халқ артисти Офелия Юсупова, Ўзбекистон халқ артисти Клара Юсупова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Роза Юсупова, санъаткор Раҳима Юсуповалар қатнашиб, иштирокчиларгша Ҳалима Носирова ҳақидаги ёрқин хотираларни сўзлаб бердилар.
Тадбирда Ҳалима Носирова ижросидаги “Мен ўзбек қизиман” (шеър муаллифи Асқад Мухтор, композитор Манас Левиев) қўшиғи фотоальбом тапрзида медиа воситалар орқали намойиш этилди.
Адабиётшунос Наим Каримов Ҳалима Носированинг Чўлпон билан бўлиб ўтган сканъат ва адабиёт ҳақидаги суҳбатларини, турмуш ўртоғи адиб Комил Яшин билан меҳр-муҳуббатда яшаб, ўша даврда қийин аҳволда, ночор яшаган инсонларнинг фарзандларини, гарчи ўзларининг икки фарзанди бўлса-да, ўз бағрига олиб тарбиялаганликлари; санъатшунос Ҳамидулла Акбаров эса Хўжаназар Ҳувайдо қаламига мансуб “Бир бузуқ вайронадур ул уйдаким ёр ўлмаса...” матлаъли ғазал билан бошланувчи қўшиқнинг яратилиши, санъаткор ҳақида яратилган тўлиқ метражли ҳужжатли фильм хусусида сўзлаб берди.
Буюк санъаткорнинг фарзанди Нодира Нўъмонованинг Ҳалима Носирова ҳақидаги хотиралари видеолавҳа орқали кўрсатилди. Унда Нодира Нўъмонова қуйидагиларни сўзлади :“Онам бутун умрини санъатга бағишлади. У ўзбек эканлигидан доимо фахрланарди. Кўп вақтини ижодга, ижодий сафарларга ажратишига қарамай, бизга ҳам катта эътибор қаратарди. Сафардан қайтишида бизга нарса олса, доимо иккита олиб. Бири сенга бўлса, иккинчисини нарса олишга ота-онасининг қурби етмайдиган ўртоғингга илингин, – деб тайинлар эдилар. Улар доимо қўлидан келганича инсонларга, элига яхшилик қилишга ундардилар”.
Ўзбекистон Миллий консерваториясининг чолғучилари ҳамда мураббий, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Комилахоним Бўриева бошчилигидаги талабалар И. Бобоева, Д.Зохидова, Ф.Зияева ва У.Хусанбоевалар Ҳалима Носирова ижро этган “Эй, ёри хуш келибсиз”, “Чаман ичра”, “Ёр васли” қўшиқларини куйлашди.
Ўзбекистон халқ артисти Элёр Носиров Ҳалима Носировага бағишланган “Мен ўзбек қизиман” китобининг яратилиши ҳақида гапириб, санъаткор эли, юрти олдида ўз қадр-қийматини топгани, хизматлари юқори баҳоланиб, Ўзбекистон халқ артисти, юртбошимиз томонидан эса “Эл-юрт ҳурмати ордени” билан тақдирланганлиги ҳамда унинг ижодий ва ҳаётий фаолияти ижодкорларга доимо ўрнак бўлиши ҳақида айтди ҳамда кутубхона маъмуриятига ва ижодий кеча ташкилотчилари ва иштирокчиларига ўз миннатдорчилигини билдирди.
Нигора Умарова