Мы освещаем новости культуры Узбекистана: театр, кино, музыка, история, литература, просвещение и многое другое. |
|
|
15.12.2018 / 18:27:56
Янги Ипак йўлида Мовий контейнер12 декабрь куни, “Янги Ипак йўлида санъат” номли халқаро кўргазма очилиш маросими бўлиб ўтди. Унинг ташкилотчиларидан бири сифатида Ўзбекистон Республикаси Маданият Вазирлиги қошидаги Маданият ва санъатни ривожлантириш Жамғармаси иштирок этди. Кўргазма “Янги Ипак йўлида Мовий контейнер” лойиҳаси доирасида амалга оширилиб, ўн кун давомида Ўзбекистон тасвирий санъат галереясида фаолият кўрсатади. Ипак йўлида жойлашган мамлакат, тез суръатларда халқаро коммуникацион платформага айланиб боради. Тошкент, мақсади инсонларни бирлаштиришга қаратилган “Янги Ипак йўлида Мовий контейнер” номли маданий-иқтисодий лойиҳанинг биринчи “бекати”га айланди. “Мовий контейнер” – Европа ва Хитойни бирлаштириб турувчи йўллар бўйлаб мулоқот қилиш платформасидир. Халқаро “Янги Ипак йўлида санъат” кўргазмасининг ташкилотчилари сифатида Ўзбекистон Республикасининг туризмни ривожлантириш Давлат қўмитаси, Санъат ва дизайн соҳасида Германия – Хитой маданий алмашинув бирлашмаси (DCKD, Германия) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Маданият Вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Маданият Вазирлиги қошидаги Маданият ва санъатни ривожлантириш Жамғармаси, Ўзбекистон санъат Академияси, Ўзбекистон тасвирий санъат галереяси ҳамкорликда иштирок этдилар. Кўргазманинг расмий очилиш маросимида, Германия Федератив Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги элчиси – Гюнтер Оверфельд қутлов сўзи билан чиқди. Ўз сўзида у: “Қадимий Ипак йўли марказида жойлашган Ўзбекистон, минг йиллар давомида Осиё ва Европа ўртасида савдо ва маданий алмашинувда карвонсаройлик қилиб келади. Бизнинг ғоямиз: давлатлар ўртасида алоқа ўрнатиш орқали, Буюк Ипак йўлида жойлашган мамлакатларнинг иқтисодий ривожланиши ва маданий ўзаро айрбошлашни таъминлашдир. Менинг фикримча, маданият ва санъат соҳаларидаги ўзаро айрбошлашувсиз, давлатлар ўртасида тушуниш ва мулоқотни яратиб бўлмайди. Хитойнинг қадимий файласуфи Лу Сюнь, бир вақтлар, дунё фақатгина инсонлар ўртасидаги чегаралар йўқ бўлгандагина мукаммал бўлади, деб қайд этган. Бу ҳолатда фақатгина бир-бирига ғамҳўрлик қилиш мавжуд бўлади. Инсонлар ўртасидаги чегарани йўқ қилишдаги энг яхши ва мақбул йўл, бу менинг назаримда санъат ва маданият йўлидир. Шу сабабли, “Мовий контейнер” лойиҳаси доирасида ўтадиган барча кўргазмаларни ўтказишда омад тилаб қоламан”. Шунингдек, ўз қутлов сўзи билан Санъат ва дизайн соҳасида Германия – Хитой маданий алмашинув бирлашмаси раиси - Цзянь Го ҳам чиқди. “Ўзбекистон, Германия ва Хитой билан бир қаторда, лойиҳанинг энг асосий давлатлари учлигига киради. Мамлакатингиз раҳбарларининг саъйи ҳаракатлари туфайли, маданият соҳасига алоҳида – юқори эътибор қаратилмоқда. Маданият ёрдамида биз ҳамкорликнинг бошқа соҳаларида ўзаро келишувларга эришишимиз мумкин. Яъни маданий алмашинув ёрдамида, иқтисодий алмашинувга ҳам ўтишимиз мумкин ва бу жуда муҳимдир. Шу тариқа биз Буюк ипак йўли моделига келамиз”. DCKD ва унинг Ўзбекистондаги ҳамкорлари Дуйсбург шаҳрида 2018 йил июнь ойидаги очилиш маросимида бўлгани каби резонансни кутишмоқда. Ўшанда кўргазмани томоша қилгани 20 000 дан ортиқ инсонлар ташриф буюришган эди. Тошкентда ҳам Дуйсбургда бўлиб ўтган кўргазма элементлари намойиш этилади. Экспозицияда ЮНЕСКО Бутунжаҳон меросига киритилган Дуньхуан ғарбий-хитой қоялар ёзуви билан бир қаторда, турли Хитой санъат академияларининг замонавий рангқаламда ишланган санъат асарлари ҳам киритилган. Кўргазманинг бир қисми замонавий санъатга: Корина Герц ва Ульрике Мёшель каби фоторассомлар ишларига бағишланган. Экспозициядаги янги ишлар буюк мусаввир Катарина Зивердингнинг асарлари ҳисобланади. Ўзбекистон номидан замонавий рассомларнинг 60 та асарлари намойиш этилган. Куни кеча бўлиб ўтган пресс-конференция вақтида, иштирокчилар ўзаро фикрлар алмашишди ва яқин орада амалга ошириладиган лойиҳаларни муҳокама этишди. Улардан бири Дуньхуан академиясининг ижрочи директори Доктор Жао Шеньлиан бўлиб, у ўз сўзида қуйидагиларни қайд этди: «Бизнинг университетимизда биз тарихий обидаларни сақлаб қолиш бўйича мутахассисларни тарбиялаймиз ва Буюк Ипак йўлидаги бундай тадбирлар биз учун жуда муҳимдир. Масалан, бизда Қирғизистон ва Ҳиндистонлик мутахассислар таълим олишган. Шу сабабли, биз ушбу ҳудуддаги мамлакатлар билан санъат йўналишида ҳамкорлик қилишга умид қиламиз. Маълумки, сизларнинг Самарқанд, Хива каби шаҳарларингизда кўплаб тарихий обидалар мавжуд. Айнан Дуньхуан ва Самарқанд, Буюк Ипак йўли шаклланишида асосий ролни ўйнаган». Куннинг иккинчи ярмида, Ўзбекистон санъат Академиясининг Марказий кўргазмалар залида “Янги Ипак йўлида санъат” мавзусидаги форум ташкил этилди. Сўзга чиққанлар орасида, Ўзбекистон Республикаси Маданият Вазирлиги қошидаги Маданият ва санъатни ривожлантириш Жамғармаси лойиҳалар менежери Шахноза Ишматова ҳам бор эди. Ўз сўзида у, 2019-2022 йиллар давомида Жамғарма томонидан Германия, Хитой, Россия ва АҚШда қатор кўргазмалар ўтказилишини қайд этиб ўтди. Жумладан, Хитой Миллий музейи (Пекин), Тарихгача давр ва дастлабки тарих музейи (Берлин) ва «Гараж» замонавий санъат музейи ходимлари билан бир нечта кўргазмалар ўтказилиши режалаштирилган. “Мовий контейнер” маданий-иқтисодий поезди Германияга қайтгунига қадар, у Остона (Қозоғистон) ва Пекин (Хитой) шаҳарларида тўхтаб ўтади. Қайтишда эса, Пирея (Греция) шаҳрида тўхташ имконияти кўриб чиқилмоқда. Сўнгги бекат, кейинги йили Дюссельдорф шаҳри бўлади. Германиядан Хитойгача ва ортга бўлган бутун маршрут бўйлаб, учта контейнер Ўзбекистоннинг имидж рекламаси билан безатилади.
|
|