Мы освещаем новости культуры Узбекистана: театр, кино, музыка, история, литература, просвещение и многое другое.

Ru   En

Поиск по сайту
Главная
Панорама
Вернисаж Театр Кинопром Музыка Турбизнес Личная жизнь Литература Мир знаний
08.04.2018 / 00:03:13

Соҳибқирон ва санъат


Ўзбекистоннинг истиқлол йўлида дадил қадам ташлаши маънавий қадриятларимизнинг тиклана бориши, халқимиз ва юртимиз тарихи, унда катта ўрин тутган олиму фузалолар, шоирлар, давлат арбоблари ҳақида тўғри, одил фикрлар айтиш имконини берди. Амир Темур шахсияти, у тузган давлат, темурий подшохларнинг фаолияти тўғрисида ҳам холисона фикр, тўғри тасаввур ҳосил бўла бошлади. Қанчадан қанча тарихий манбалар, мақолалар чоп этилди.

Амир Темурга бағишланган қатор тарихий манбалар, айниқса, Ибн Арабшоҳнинг "Амир Темур тарихи", Шарафиддин Али Яздийнинг "Зафарнома", Низомиддин Шомийнинг "Зафарнома", Рюи Гонзалес де Клавихонинг "Самарқанддаги Амир Темур саройига саёҳат кундалиги" каби соҳибқиронга замондош бўлган, воқеаларни ўз кўзи билан кўрган ёки шу воқеалар иштирокчиларидан ўз қулоғи билан эшитган ҳамда воқеанависларнинг гувоҳликларига бевосита таянган кишилар томонидан ёзилган ниҳоятда инобатли ва бебаҳо манбалар барча олимлар учун айни муддао бўлди. Амир Темур ва темурийлар тўғрисида қалам тебратган Шарқ ва Ғарб мамлакатларидаги кўпгина кишиларнинг илмий ва бадиий асарлари истиқлол туфайли аста-секин, шу манбалар билан ҳам танишиш имкони туғилди.

Амир Темур қўҳна Турон мулкида мустаҳкам давлат ўрнатишга киришар экан, аҳолининг барча қатламларига, кўчманчиларга ҳам, ўтроқларга ҳам бирдай оталарча муносабатда бўлди. Чиғатой хонлари вайрон қилган шаҳарларни тиклашга, қалъалар, ҳандақлар билан ўраб уларни хавфсизлигини таъминлашни бошлади. Ўзи гарчи далаларда, боғларда яшашни, оддий юриш-туриш, кийинишни ёқтирса-да, шаҳарларни обод қилди, қасрлар, мақбаралар, масжид ва мадрасалар қурди, ҳунармандлик, чеварлик, санъатларнинг ривожланиши учун зарур шарт-шароит яратди. Бунинг натижасида XIV аср охирларидаёқ қурилишда бирга ишлаган меъморлар, усталар ўртасида ўзаро таъсир ва ўзига хос ижодий амалий бирдамлик юзага келган. Натижада наинки меъморлик, накқошлик, ўймакорлик ва бошқа қатор ҳунарларда, балки мусаввирлик, мусиқа, рақс, томоша санъатларида ҳам кескин юксалиш юз берди. Буни аксар олимлар уйғониш даври, темурийлар ренессанси деб атайдилар. Бунга мисол тариқасида қуйидаги холатни келтиришимиз мумкин. Яъни Амир Темур санъатга қанчалик эътибор берганини Соҳибқирон томонидан уюштирилган базмларда кўришимиз мумкин. Жумладан Амир Темур Рўм ва Шом юришидан буюк ғалабаларни қўлга киритиб, Самарқандга қайтиб келгач, бу Соҳибқироннинг Самарқандга тўққизинчи марта тантанали кириб келиши эди. У бу гал бешта неварасини уйлантиришга қарор қилади. Уларнинг орасида 10 ёшли Муҳаммад Тарағай-Мирзо Улуғбек ҳам бўлган. У Муҳаммад Султоннинг қизи Ўгай бекага уйланган. Хуллас, мана шу буюк музаффарият, невараларни уйлантириш муносабати билан Конигил мавзейида катта байрам, сайл ва базмлар уюштирилиб, уларда хилма-хил томошалар намойиш этилади. Бу тўғрида Низомиддин Шомий, Шарафиддин Али Яздий, Ибн Арабшоҳ, Ҳофизи Абру, Гонзалес де Клавихо завқ-шавқ билан ёзганлар.

Бунга Самарқанд аҳолиси, сарой аҳли, лашкарлар, узоқ-яқиндан келган меҳмонлар, элчилар, савдогарлар, энг сара санъаткорлар, ҳунар аҳли Конигилда жам бўлишган. Ўртада шаҳаншоҳ учун бир қанча саропардалар, чодирлар қурилган, бошқалар ҳам мансаблари ва наслу насабларига қараб унинг атрофида ўрнашганлар.

Томошаларга мўлжалланган махсус майдонлар, айвонлар, кўшклар, базмларга аталган қирқ устунли олий ва ҳашаматли қурилма ва бошқа кўплаб махсус саропардалар ҳам бўлган, албатта.

Ибн Арабшоҳ шундай хикоя қилади: "Ҳар бир ҳунарманд ўз ҳунарига боғлиқ нарсада жидду жаҳд кўрсатди, ҳар бир санъат аҳли ўз санъатига мансуб нарсада имконидан ҳам ошириб ҳунарини кўрсатдики, ҳатто бир буйрачи (қамишдан) мукаммал қурол-яроқли бир отлиқни ясаб чиқарди ва унинг суратини камолига етказиб, ҳатто тирноқларию киприкларини, ёй, қилич ва бошқа таалуқли нарсаларнинг (ҳаммасини) дақиқ усулида камолига етказиб ясади... Пахта титувчилар пахтадан тиклиги ярашган, баланд, пишиқ ишланган, гўзал суратли нафис ва чиройли мезана ясадилар... Шунингдек, заргарлар, темирчилар, этикдўзлар, ёй ясовчилар ва бошқа тоифалар хунармандлари, мусиқа, ҳазил-мутойиба ва латифалар соҳиблари ҳам ўз ҳунару санъатларини намоён қилдилар...

Халойиққа турли-туман ўйин-кулги ва лаззатлардан баҳраманд бўлиб, истифода қилиш тизгини бўшатиб юборилди... Шаҳар аҳли (гўё) бекиниб ётган кийиклар эдию (энди) улар бемалол уяларида керилиб ётган шерларга айланди. Улар ўйин-кулги жаннатига тушдилар. (Улардаги) мавжуд ғализлик ва дағаллик латофат ва зарофат билан алмашди.

Агар шу ерда бўлсанг эди, фақат чалинаётган уд созини... , сузилиб узатилаётган қадаҳни, куйлаётган ашулачини, соқийлик қилаётган жорияни, юриб шароб тутаётган соқияни, хушбўй гул юзлини, гул юзли маъшуқани..., киши ғанимат биладиган маишат фурсатларини ёки холи ҳақида нашида этиб, тараннум қилаётган лисонни кўрардинг".

Ибн Арабшоҳ таърифида баъзан киноя ва қочиримлар сезилиб турса-да, аммо у барибир Конигилдаги бу катта тўй-тантаналарга "нархи-наво арзонлиги, орзу-ҳавас ушалиши, замон мўътадиллиги, султон одиллиги, тани-бадан сиҳатлиги, вақти чоғлик, нафрат кўтарилиши, матлубга етишиш, маҳбубга висоллик ҳосил бўлди" деб баҳо беришга, бундай ҳашамат, улуғворлик, дабдаба қадим ўтган халифаларнинг ҳеч бирига, ҳатто ал-Маъмунга ҳам насиб этмаган деб якун ясашга мажбур бўлади.

Шарафиддин Али Яздийнинг Конигилдаги тантаналар, намойишлар, байрамлар ҳақидаги таърифу тавсифлари ҳам кизиқарли. У ҳар тоифа ҳунармандлар томонидан қурилган мезана, равоқ ва кўшклар, уларда кўрсатилган томошалар тўғрисида бошқаларга қараганда тўлароқ маълумот беради.

Сўз аввало заргарлар маҳорати хусусида боради. Улар кўшкларини нодир тошларнинг шодалари билан безаган, узук, зирак, билагузук ва бошқа тақинчоқлардан бу кекса дунё келинчакка ўхшайди, дуру гавҳарлар билан безатилган шоҳ кулоҳини айтмайсизми, борингки, моҳир заргарлар Конигилни бамисоли тилла конига айлантиришган. Заргарлар қандай томоша кўрсатгани номаълум. Бизнингча, улар рақс усталарини келин-куёвлардай кийинтириб, ўйинга туширган бўлсалар ажаб эмас.

Баззозлар шоҳи ва адрасдан баланд кўшк қурганлар. Афтидан, кўшк икки, балки уч ошёналик бўлиб, уларда тўшалган ипак гиламларда гўзаллар жойлашиб олганлар. Созандалар соз чалган, ҳофизлар куйлаган. Улар ўз наволари билан Зуҳро юлдузини ҳаяжонга соладилар. Овозлари булбулдай, сўзлари тўтидай, нозу карашмалари ила ҳам эркакларни, ҳам аёлларни лол қиладилар. Таналари сарв мисол, юзлари тўлин ойдай, гоҳ куйлашади, гоҳ қиссахонлик қилишади, гоҳ ҳазил-мутойиба билан халқни кулдиришади. Таърифдан маълумки, баззозларнинг кўшкида созанда, хонанда, раққос, қиссахон ва муқаллидлардан иборат катта бир гуруҳи томоша кўрсатган.

Қассоблар билан мўйнадўзлар тайёрлаган мезаналарда ниқобдорлар театрининг бутун бир томошалари намойиш қилинган. Али Яздий бу тўғрида ўзининг "Зафарнома" китобида шундай ҳикоя қилади:

Сўнгра қассоблар касбига мос

Кўрсатдилар кўп камёб томошалар.

Одам қўйга айланган, қаранг,

Пўстакни ёпиниб санъаткорона.

Олтин шохли, сўзловчи эчкилар

Бир-бирининг изидан борар.

Тошидан эчкидай, лекин пўстин ичида

Киши қалбин, ақлин ўртовчи паризодлардир.

Парилар баъзида сеҳр-жоду ила

Ташқи қиёфасин ўзгартириб турар.

Мана яна гоҳ филларга, гоҳ қўйларга айланиб, Янги суратларга кирмиш паризодлар.

Бу ўринда сўз қассоблар касабасининг ғилоф ва ниқоблардан фойдаланиб, уй ҳайвонларидан қўй ва эчкилар, қўлга ўргатилган филлар қиёфаларига киргани, шу қиёфаларда муайян томоша кўрсатгани ҳақида боради. Бунда одат тусида бўлган тарихий бир афсона акс эттирилган. Тахминимизча, бу Рустам тимсолига айланган қуёш маъбуди Митра билан боғлиқ афсонадир. Фил, қўй, айниқса, олтин шохли эчкиларнинг тимсоллари шунга ишора. Шубҳасиз, бунда қассоблар касабаси номидан малакали ўйинчилар қатнашган. Али Яздийнинг ижрочиларни киши қалби ва аклини ўғирловчи париларга ўхшатиши шундан гувоҳлик беради.

Мўйнадўзлар ҳам шунга яқин томоша кўрсатишган: Худди шундай моҳир мўйнадўзлар, бирлари қоплонга, бирлари арслонга айланди, яшириниб ҳар хил ҳайвонларнинг териларига, нақ танага жон бўлиб. Ҳам шаклан, ҳам ранги-рўйидан ўзларин тулкига, сиртлонга, қоплонга, силовсинга айлантирарди. Ташқидан йиртқичу, аслида пари.

Бунда ҳам малакали ижрочилар қатнашган, улар ёввойи ва йирткич ҳайвонлар қиёфаларида томоша кўрсатишган. Томошада афсонавий воқеа акс эттирилган, албатта.

Хуллас, барча касабалар ўз кўшк, мезана ёки чортоқларини қуриб, уларни ўз меҳнатлари маҳсулоти билан безаганлар. Муқим ёки ҳаракатланувчи ҳар бир қурилмада порлоқ юзли хонандалар, созандалар, ўйинчилар тўлиб-тошган бўлиб, уларнинг ранг-баранг наволари, усуллари, тимсоллари, ўйинлари, хумор ва жоду кўзлари, писта даханларидан сочилган шакар сўзлари — ҳаммаси ҳайратга солади. Шарафиддин Али Яздий бундай кўшк, мезана ва чортоқлар сонини 104 та деб кўрсатади. Бу минглаб санъаткорлар ва ҳунармандлар қатнашган деган сўз.

Мана шу юқорида тилга олиниб, бир даража таьрифланган томоша санъатлари ва ўйинларни халқнинг йил боши — наврўз, меҳржон каби мавсумий байрамлари, туғилиш, хатна ва раста тўйлари, уйланиш, касб-ҳунар, илм ва деҳқончилик билан боғлиқ маросимлар, давлат томонидан уюштириладиган тантаналар, баъзан рамазон ва қурбон ҳайитлари бир жойга тўплаган, юзлаб-минглаб ижрочиларни — малакали ва ҳавасманд созанда, хонанда, раққосларни, кулги усталарини, дорбозлар ва найрангбозларни, чавандозларни, спорт ўйинлари усталари ва ишқибозларини бир муддат (уч кундан икки-уч ойгача) муайян шароитда, руҳий ҳолатларда бақамти яшаб, маънан бир-бирларига яқинлашишлари, ўзаро таъсирланишига кенг йўл очган. Байрамлар, маросимлар, сайиллар, намойишлар фақат ижрочиларнинг эмас, умуман, халқнинг бирдамлигини кучайтиришга хизмат қилган. Амир Темур ва темурий подшоҳлар, шаҳзодаларнинг тўй ва байрамларга катта эътибор бериб келганлиги ҳам ана шундан.

 

Ганиев Жахонгир





Другие материалы рубрики

07.04.2018 / 23:43:30

Ўзбекистон-Польша: дўстона муносабатларнинг ривожи

2018 йил 6 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси делегацияси Ўзбекистоннинг Варшавадаги элчихонаси ҳодимлари ҳамкорлигида Польшанинг Хелм шаҳри мэриясида губернатор ўринбосари Йозеф Гурнас ва "Przyjazn-Dustlik" жамияти раҳбари Ирена Тагиева билан учрашди. Далее...

07.04.2018 / 23:24:45

Сотрудничество между аналитическими центрами Узбекистана и России укрепляется

На днях в России побывала делегация Узбекистана во главе с директором Института стратегических и межрегиональных исследований при Президенте республики Владимиром Норовым. Далее...

07.04.2018 / 22:44:23

Валентин Берестов — один из "назначенного круга"

Его стихи классичны в лучшем смысле этого слова, он наделен тонким чувством стиля и работает с одинаковым успехом во всех жанрах, причем эта работа сочетается с высокой культурностью, с упорной работоспособностью. Его нравственный облик внушает уважение всем, кто соприкасается с ним. Далее...

07.04.2018 / 10:57:06

Избран новый президент Федерации гимнастики Узбекистана

На пост, который раньше занимала Лола Каримова-Тилляева, избрана заслуженный тренер Узбекистана Зарина Абдуллаева. Далее...

06.04.2018 / 18:17:47

Эзгулик улашамиз

В.Успенский номидаги Республика Ихтисослаштирилган Мусиқа Академик Лицейининг Катта залида 2018-йилнинг 30-март куни В.Успенский номидаги РИМАЛ нинг 3-курс талабаси Фарҳодов Фаррухнинг "Болалар болаларга" номли хайрия концерти бўлиб ўтди. Далее...





22.11.2024 / 21:03:22
В Галерее Академии художеств Узбекистана состоялась церемония открытия выставки картин студентов Международного Вестминстрского университета в Ташкенте - (МВУТ)"Мастерство и вдохновение"
 
18.11.2024 / 23:53:49
"Новый взгляд"-так называется юбилейная персональная выставка Ибрагима Валиходжаева, представленная в Центральном выставочном зале Узбекистана. И это именно так
 


21.11.2024 / 11:28:03
В Ташкенте проходит фестиваль французского кино
 
19.11.2024 / 15:13:51
Успех узбекских кинематографистов .Фильмы узбекских кинорежиссеров получили высокую оценку на прошедшем в Туркменистане IV кинофестивале "Куркут ота".
 


22.11.2024 / 21:25:34
Концерт в епархии РПЦ артистов ГАБТ им. А. Навои: "Мы желаем счастья вам!"
 
21.11.2024 / 10:37:13
19 ноября 2024 года в Государственном Кремлёвском дворце , в программе " Дней культуры Узбекистана в России" состоялся концерт "Вечер звёзд Узбекистана".
 


24.11.2024 / 09:30:44
Евразийский Альянс горных курортов работает над повышением стандартов сервиса и продолжает расширять свои ряды
 
23.11.2024 / 05:35:11
6,5 миллиона туристов в Узбекистане: красивая цифра или манипуляция?
 

 





Главная Панорама Вернисаж Театр Кинопром Музыка Турбизнес Личная жизнь Литература Мир знаний

© 2011 — 2024 Kultura.uz.
Cвидетельство УзАПИ №0632 от 22 июня 2010 г.
Поддержка сайта: Ташкентский Дом фотографии Академии художеств Узбекистана и компания «Кинопром»
Почта: Letter@kultura.uz
   

О нас   Обратная связь   Каталог ресурсов

Реклама на сайте