Мы освещаем новости культуры Узбекистана: театр, кино, музыка, история, литература, просвещение и многое другое. |
|
|
14.02.2019 / 23:03:35
Сиз меъморсиз, МукаррамахонСиз меъморсиз, Мукаррамхон, Шаклларга ҳукмингиз ўтган; Сиз яратган қаср бенуқсон, Санъатингиз камолга етган.[1] Ҳ.Ғулом
Йиллар ўтсада инсонлар қалбида мухурланиб қолган туйғулар ҳамон ўз кучини кўрсатаркан. Мукаррама Турғунбоева ижодида ўзбек профессионал рақси ўзининг юқори босқичига эришди. Унинг рақси сохта ҳолатлардан, қуруқ мақомлардан ҳолидир. Раққосанинг рақсини томошабин соддалиги, оддийлиги учун севади. Рақсдаги соддалиқ бу олижаноблик туйғулари, хусусиятлари, ҳаётнинг тўғри акс этишидир. Соддалик инсонга гўзаллик бахш этади. Турғунбоеванинғ рақслари, улардан энг шўхлари ҳам, биргина озод бўлган тананияг ҳаётий шодлигини, ҳаракатлардан завқланишни, чуқур инсоний ҳис-туйғуларнигина эмас, балки туйғу ва ижодий фикр эгаси бўлган инсоннинг қадр-қимматини улуғлашдан иборатдир. Раққосанинг кўзлари жўшқин кечинмаларни ўзига итоат қилдирувчи, турли-туман ҳис-туйғуларнинг бир-бирига боғловчи фикрлар билан ёниб туради. Турғунбоеванинг ўйинлари инсоннинг энг яширин, энг самимий туйғуларини қўзғатувчи, эшитган сари завқлантирувчи мусиқадир. Агар унинг рақсини тасвирий санъат билан таққослаб кўрсак, унинг яратган санъат асарлари нафис, гўзал, мураккаб расмларни эслатади. Бу расмда қаламнинг ҳар бир чизиғи керак, агар бирор чизиқ ўчириб ташланса образ бузилади. Ўзбек профессионал рақслари Турғунбоева ижросида инсоннинг чексиз туйғулари, ғоят кучли кечинмалари ва теран ўй-фикрларининг ранго-ранг хазинасидир. Мукаррама Турғунбоева 1913 йилда Фарғонанинг кичкина қишлоқларидан бирида дунёга келган. У ёшлик пайтида ота- онасидан етим қолиб, Фарғонадаги қариндошларидан бириникида тарбияланган. Амакиси уни ўз қизидек севса-да, Мукаррамнинг ёшлиги кўп қийинчиликлар билан ўтган. Бутун ҳамма ёқда янги ҳаёт барқ уриб, мактаблар, техникумлар, институтлар очилаётган; хотин-қизлар жаҳолат дунёси — паранжини улоқтириб, ўқишга, ва ишга интилган бир вақтда Мукаррам учун бу йўллар берк эди. Аммо уятчан Мукаррама бу қонун-қоидаларга бўйсунмади, паранжи ёпинмади; у «динсизларга» қўшилди.[2] Мукаррама Турғунбоева хотин-қизлар педагогика техникумига қадам босиб кирган кундан бошлаб кечгача ўқир, уйга қоронғи тушганда қайтарди. Мукаррама ўқиб юрган даврларидан бошлаб техникумдаги истедодли қизлар билан биргаликда техникум доирасида ўтказиладиган консертларда чиқа бошлади. Студент қизларнинг берган концерти кўп томошабинларга маъқул бўлар эди. Шунинг учун ҳам Мукаррам амакисининг бозордаги гўшт дўкони олдида эрталабдан бошлаб техникум қизларининг аввалги кун берган концертлари ҳақида гап борарди. Мукаррама амакисининг сўкишларига, дўқига, калтакларига ҳам чидаб, эрталаб йиғидан шишиб, қизариб кетган юз-кўзларини юварди-да, яна дугоналари олдига жўнарди. Эрталабдан кечгача улар билан бирга бўлар— ҳар куни кечқурунлари рақс ва ашула тугарагининг репетицияларида қатнашарди. Шу кунлари шаҳарга Тамарахоним гастролга келди. Мукаррама унинг ўйинларини кўргандан сўнг: «Мен артистка бўламан» деб қатъий қарор қилди. Бунинг учун эса Самарқандга бориш керак эди... Мукаррама Самарқандга жўнади ва 1929 йил 16 сентябрдан бошлаб, Ўзбек Эксперименталь музикали драма театрига ишга қабул қилинди. Фарғона шаҳрининг бозорида эса «Қандай шармандалик! Қиз бола юзини очиб, минг-минглаб эркаклар олдида ўйинга тушса! Фалончи қаособнинг жияни» деган миш-мишлар тарқай бошлади. Амакиси бу «ачиниб» айтилган сўзларни эшитмаганликка олар, ёмон ният билан берилган маслаҳатларга қулоқ солмас эди. Лекин бу маслахатлар борган сари кўпайиб кетди: «У сени ҳам, бизни хам шарманда қилди! Бу иснодни унинг қони билан ювиш керак! Хўп, де! Уни йўқ қиламиз. Агар сен қўрқсанг, ўзимиз уддасидан чиқамиз!» Бу хақда Самарқандда хам, театр гастролга борган шахар ва қишлоқларда хам миш-миш гаплар борар эди. Мукаррамнинг баъзи «дўстлари» унинг чет-четларда пойлаб: «Сени ўлдирмоқчилар!», «Эхтиёт бўл!», «Мўйсафид амакингни шарманда қилганинг учун у сендан ўч олмоқчи!», «сахнадан кет, яширин, бошқа томонларга қочиб кетгин!» деб «маслахатлар» берардилар. Аммо, Мукаррама театрдан кетмади: у ердан ўзига ишончли дўстлар ортдирди. Лекин, ўлим хавфи ҳали ҳам йўқолгани йўқ эди. Бундан бир неча ой илгари революция душманлари томонидан ўзбек актрисалари Турсуной, Нурхон, Холчахон, ўзбек маданиятининг отоқли арбоби Ҳамза Ҳакимзода Ниёзийлар ўлдирилган эди.[3] Шу вақтлардан Мукаррамани кўпроқ рақс санъати қизиқтирар эди. У соатлаб Уста Олимнинг моҳир бармоқлари остидан тўлқинланиб чиқаётган рақс ритмларини тинглар. Тамарахоним қўлларининг енгил, мураккаб, жимжимадор, моҳирона ҳаракатларини диққат билан кузатар эди. Рақснинг енгиллиги, равонлиги раққосанинг кундалик меҳнати ва ижадкорнинг ғайрати натижаси эканлигини Мукаррам ўша пайтлардаёқ англаган эди. Мукаррама жуда ҳаракатчан, зийрак ва ғайратли шогирд бўлсада, лекин у жуда уятчан ва тортинчоқ эди. Бир ўзи репетиция қилганда жуда яхши ўйнар, лекин унинг ўйинини биров томоша қилиб турса, уялганидан беихтиёр ерга қараб олар, қаддини тутиб ололмас, ҳаракатлари сусаяр эди. У репетиция ва спектаклларда Тамарахоним ўйинини диққат билан кузатарди-да, репетиция тамом бўлганда ўз-ўзига: «йўқ! Мен ҳеч қачон бундай ўйнай олмайман, ҳеч қачон!» дерди ва... Яна кўпроқ ғайрат билан ишлар эди. Мукаррама Турғунбоевага театрда ишлаган биринчи йиллари (1936 йилгача) рақс маҳоратини ошириш, классик рақсларимизни яхши ўрганиш янги рақсларни ижод этиш «сирларини» эгаллаш йиллари бўлди. Шу йилларда у, ўз репертуарига Уста Олим ва Тамирахоним томонидан саҳналаштирилган «Катта ўйин», «Занг», «Дучаво», «Уфори сохта», «Садр», «Қари наво», жанговар «Усмония» рақсларини ва ўйин билан ижро этиладиган турли-туман яллаларни киритди. Ички шижоат, ғайрат билан суғорилган бу рақслар катта маҳоратни талаб қилар эди. Мукаррама рақс техникасини яхши эгаллаб олганлиги сабабли 1934 йилда очилган хореография мактабига ўқитувчи сифатида тавсия этилди. Мукаррама Турғунбоева халқ ўйинларининг саҳна вариантларини яратар экан асосий ҳаракатлар шаклини ўзгартиш йўли билан таъсирчан ҳаракатларни танлаб олар, бойитар, ижро этиш техникасини такомиллаштирар ва натижада янги, ихчам рақслар вужудга келар эди. Мукаррама Турғунбоева халқ ўйинларини сон-саноқсиз янги ҳаракатлар билан, ёрқин ҳис-туйғулар билан бойитиб, халқнинг ўзига хос хислатларини ажойиб усталик билан ифодаловчи бир неча Хоразм, Бухоро, Фарғона, Помир оммавий рақсларини яратди. Мукаррамахоним сон-саноқсиз рақсларни борган сари, тобора умумлаш- тириб, кўркамлаштириб, уларнинг мазмунга айланган шаклига сайқал бериб, шундай бир ниҳоя чекига етказдики, ундан сўнг ўзга рақс устаси бунчалик рақсларга сайқал бера олмасди. Шунинг учун ҳам кўп йиллар оммавий рақсларга эга бўлмаган ўзбек халқи Мукаррама Турғунбоева яратган оммавий рақсларни ўз ижоди каби севиб ардоқлайди. 1957 йилда Мукаррама Турғунбоева «Баҳор» ўзбек қизлар рақс ансамблини ташкил этди. Ансамбл жамоси асосан хореографик билим юртини тугатган қизлардан иборат эди. Бу ансамблда Турғунбоева ўзбек халқ ўйинларининг саҳнага қўйиш ва замонавий ўзбек рақсларининг янги формаларини яратиш соҳасидаги фаолиятини давом этдирди. М.Турғунбоева “Бахор” рақс ансамблида кўплаб истедод эгаларини тарбиялади шулардан бири Ўзбекистон халқ артести бугунги кунда ўзбек рақс санъатининг энг нуроний устаси, онахони Қундуз Миркаремовадир. Қ.Миркаремова М.Турғунбоева ҳамда у киши саҳналаштирган рақслар хақида шундай эслайди; - Мен қанча хохламайин у дамлар ўтиб кетди. Худди тонгда кўм - кўк майсалар устига қўнган шудринг қуёш чиққанда унинг ўтлий тафтида қандай ҳавога сингиб кетса, лекин у бир онлик вақтда майсаларга қанчалик ором бахш этганини сўз билан ифодалаш қийин бўлганидек устоз М.Турғунбоева шогирдларига берган меҳрини ҳам сўзлаш жуда мушкул. Бу инсонни биз фақат рақс устаси деб эмас, мехрибон ва сирдош опа, жойи келганда акалардек қаттиқ қўл, ҳар доим ўз борлиғини табеатга ином этадиган саховатлий она ер қиёфасида эслаймиз. Қорли тоғлардан оқиб тушадиган зилол сув қақраган ерга қандай жон бағишласа, М.Турғунбоева ижоди ҳам ўзбек миллий рақс санъати ривожига худди шундай рух бахш этди. Устознинг ўзбек миллий рақс санъатига кириб келиши зулматли оқшомни тўлин ой ёғдуси қандай ёритган бўлса, у инсоннинг ғоялари ҳам миллий рақсимизни равнақ топтирди. М.Турғунбоева ижодида мутлоқо тушуниб бўлмайдиган жумбоқ йўқ эди. Устоз бор фикирларини, янги рақс ғояларини табеат ва хокисор ўзбек халқи хаётидан олар, фақат уларга озгина бадиий ишлов берарди халос. Шунинг учун ҳам устоз саҳналаштирган рақсларнинг барчаси мафтункор ва дил тортар бўлса керак.[4] Ўзбек рақсининг машҳур устаси Мукаррама Турғунбоева ижодида ҳақиқий бадиий шаклга эга бўлган меҳнат ва турмушдан олинган рақсларнинг ҳаракатлари, ҳаракатларнинг жонлантирилган образларн, ўзбек профессионал рақсларидаги инсон ҳис-туйғуларининг жўшқин кечинмалари ва энг нозик оҳангларини ўзига бўйсундирган ажойиб кучи ва маънодорлиги, теран фалсафий ўй-фикрлар ва воқелик, заргардек усталик билан ишланган ҳаяжонли пантомима рақслари, рақс санъатимизни бойитди. У балет спектаклининг тузилиш қонунларадан фойдаланган ҳолда миллий хореографик спектакль яратди. Бу хақда таниқли режиссёр Музаффар Мухамедов соднқ шогирди ҳақида зўр эхтиром билан шундай деганди: “Бу ажойиб талант эгаси театримизнинг стакчи солист раққосаси бўлиши билан бирга қатор спектакллар: «Зайнаб ва Омон», «Майсаранипг иши», «Зулматдан зиё» ва бошқа опералардаги рақсларни холисоно, чин кўнгилдан жамоатчилик асосида саҳналаштириб келди. Уни биз «Бахор»нинг яратувчиси ҳамда Навоий номли катта академпк театр боғбонларидан бирн деб биламнз”[5]. “Баҳор»нинг чет мамлакатларда қозонган ҳурмат-эътибори ўзбек санъати, миллий рақсимиз довруғини бутун оламга таратди. Дастлабки даврдаги «Баҳор» раққосалари «Наманганнинг олмаси»ни, «Тошкент баёти»ни, «Андижон полькаси»ни, «Уйғурча рақс»ни жуда табиий халқ йўлида, «Занг»ни, «Катта ўйин»ни, айниқса, «Баҳор вальси»ни эса анчагина умумлашган услубида, аммо, ҳар қалай, чуқур миллий тарздаги рақс руҳида ижро этардилар. Мукаррамахоним ўзининг нафис таланти, узбек санъатни ривожлантиришдаги олий хизматлари билан халқ мехр – муҳаббатига сазовор бўлди. Ижодкорнинг таланти ва маҳоратида ўзбек халқиникг энг яхши хислатлари; фикрнинг равшанлиги, кечинмаларнинг теранлиги, ҳис-туйғуларнинг софлиги, камтарлик, меҳнатсеварлик, меҳрибонлик, инсонни мафтун этувчи ширин сўзлик туйғулари бетакрор рақсларида ўз аксини топганди. Мукаррама Турғунбоева 1978 йил 26 ноябрь куни орамиздан кетди. Унга нисбатан вафот этди, дейиш эмас, ҳалок бўлди, дейиш тўғрироқ бўларди. Унинг шиддаткор фантазияси рақсдан рақсга етакларди. Рақсга бўлган меҳр-муҳаббати унинг ўзидан ҳам кучлироқ эди. У рақс билан яшаркан, қалбида борини, умри бўйи нимаки қозонган бўлса барчасини одамларра бахш этиб келди.[6] М.Турғунбоева актреса сифатида: "О'ртоқлар"да Анорхон, "Ҳалима"да Холжон хола, "Фарҳод ва Ширин"да Ёсумон, "Аршин мол олон"да Асия ва Зебони, "Ичкарида"да Озодахон ва о'йинчи қиз Асалхон образларини яратди. Ижро этган "Тановар", "Занг", "Роҳат", "Катта о'йин", "Муножот", "Пилла", "Андижон полкаси", "Хумор", "Жонон", " Фарг'она рубоийси", "Ко'зларингни яширма", "Зор этдинг", хоразмча, бухороча дилбар рақслари о'збек санъатининг го'зал намуналари дея тан олинган[7]. Бу рақсларнинг ҳар бири ўз тарихига эга, шулардан Тановар рақси келиб чиқиши ўзгачадир. Тановар куйини тинглаган инсон секин аста ўйга чўмади, ашуласини эшитиб эса қалби ўртанади аммо, “Тановар” рақсини кўрганда бутун бадани дир – дир титрай бошлайди. Чунки бу эрк қўшиғи, қалб ноласи, юраклар орзусидур. Куйида эшитилса, ашуласида хис қилинса, рақсида эса ўша дард чеккан аёл кўрилади. Тановар севгини очиқ изхор этиш ҳақидаги орзудир. Тановар рақси ҳам ўзига хос тархга эга. 1930 йил Москвада қўйилаётган консертларнинг бирига таниқли ўзбек раққосаси Мукаррама Турғунбоева ҳам ташриф буюради ва у ерда ажойиб рус балеринаси Гелсер ижросида “Ўлаётган оққуш” балетини кўради бу балет М. Турғунбоевада жуда катта таассурот қолдиради, қалбини тўлқинлантириб юборади, машаққатли мехнатда чидамли бўлишга ундайди. Шундан сўнг Мукаррамахоним ўзбек рақсида ҳам мана шундай ўтли рақсни яратишни ва ижро этишни ўз олдига мақсад қилиб қўяди. Раққоса Москвадан қайтиб келиши билан бутун Фарғона водийси бўйлаб куйи, оҳанги, мазмуни билан бир-бирига ўхшайдиган аёллар қўшиғини йиға бошлади ва уста раққосалар ҳамда қўшиқчилар бу ўзига хос аёллар қўшиқ –рақс жанрини “Тановар” деб аташларини аниқлади. Тановар устида у жуда кўп ишлади хар бир қўшиқ мазмунини мунтазам ўрганиб чиқди ва шу асосида 1943 йилда “Тановар” рақсини яратди[8]. Рақснинг “Тановар” деб номланишини Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган санъат арбоби, профессор Темур Махмудов шундай изохлайди “Менинг фикримча Мукаррама опа ўз рақсини Тановар деб аташини сабаби Фарғона водийсида аёллар ижро этадиган куй қўшиқларнинг умумий номи Тановар бўлганлиги учун эмас, балки бу рақснинг биринчи ижроси вақтида махси ковуш кийиб рақс ижро этилган, ана ўшанда махси ковишнинг ғирчиллаши раққосага ритм бериб турган, шу даврларда махсидўз косиблар бу ғирчиллашни тановар деб аташган. Балки шу сабабдан Мукаррама опа ҳам ўз рақсини “Тановар” деб атаган бўлса ажаб эмас”[9]. Мукаррамахоним ўзининг рақс ижро этиш услуби билан чинакам нодир халқ раққосаси эди. - Тановар бу оддий рақс эмас уни хар ким ҳам ижро этаверса тўғри бўлмайди. Мукаррама опа хаётлик даврларида ҳам кўпчилик раққосалар бу рақсни ҳаракатларини махорат билан ижро этишарди лекин, томошабинларни Мукаррама опанинг ижроси қизиқтирарди. Негаки опа “Тановар”ни ижро этишни бошлаганда буткул ташқи оламни унутиб, фақат шу рақс ва унинг дарди билан яшарди. Опа бу рақсни ижро этиб бўлгач бир қанча вақтгача шу образдан чиқа олмасди. Бундай ижро хар кимга ҳам насиб этавермайди. Мукаррама опа нафақат ажойиб санъат устаси балки тенги йўқ оила бошлиғи ҳам эди. Опа доимо ўз шогирдларини биринчи ўринда оилавий шароитини ўйлар, агар оила тинч бўлса, хеч бир оилавий муоммолар инсонни безовта қилмаса шундагина хотиржам ижод қилиши мумкун деб хисобларди, деб эслайди Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби Акбар Мўменов[10]. Мукаррам Турғунбоева бошлаб берган йўл бугунги кунда Республикамизда кундан-кунга ўсиб бораётган ўзбек миллий рақс санъати ривожи учун улкан хизмат қилмоқда. Хозирда Тошкент Давлат миллий рақс ва хореография оилй мактабида тахсил олаётган талаба қизлар М.Турғунбоева ижро этган ва саҳналаштирган рақсларнинг барчасини мукаммал ўрганади, ҳамда шу рақслар асосида ҳар йили май ойида М.Турғунбоева таваллуд топган кунда ўтказиладиган “Мукаррама Турғунбоева” номидаги рақс танловида қатнашиши мумкун. Манашу рақс танловида қатнашиб 1 ўринни қўлга киритган, “Нихол” мукофоти совриндори, бугунги кунда “Тановор” ва “Муножот” рақсларининг моҳир ижрочиларидан бири Мирзаева Сеҳриё Мукаррамахоним рақслари хақида ўз фикирларини билдирди. - Ҳар доим “Тановор” ёки “Муножот” рақсларини ижро этаётганимда бу рақс- дилдаги дардни исхор этувчи, саодатни орзу қилувчи, ёлғизликдан севиклиси томон, инсонлар томон интилишдек оташин иштиёқ яширинган қалб эшигини ланг очиш рақсидир деб биламан. Устоз М.Турғунбоева ҳам шу рақсларни ижро этаётганда манашу туйғуларни хис қилган бўлса ажаб эмас[11]. М.Турғунбоева ижоди хақида қанча гапрсак, ёки шогирдлари ҳамда замондошлари билан фикирларимизни ўртоғлашсак кўплаб ажойиб манбаларни билишимиз мумкун.
Нурбек Ғофуров [1] Фарида Усмонова “Баҳор маликаси” Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти Тошкент— 1974.й. 3.б. [2] “Мукаррам Тургунбаева” Ўзсср Давлат Бадиий Адабиёт Нашриёти Тошкент — 1959.Й.32.Б. [3] “Мукаррам Тургунбаева” Ўзсср Давлат Бадиий Адабиёт Нашриёти Тошкент — 1959.й.51.Б [4] O’zbekiston xalq artesti Qunduz Mirkaremova bilan suxbat. Suxbatlashdi. N.G’ofurov. 2016.03.10.6 [5] Фарида Усмонова “Баҳор маликаси” Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти Тошкент— 1974.й. 30.б. [6] Л.Авдеева “МукаррамаТурғунбоеванинг Ракси” Тошкент Ғ.Ғулом номндаги Адабиёт ва саньаг нашриёти 1989.й. 8.б. [7] М.М.Хайруллаев. Буюк истэьдод соҳиблари. Тошкент «Адолат». 2002. 111.б. [8] Л.Авдеева. Ўзбекистон рақс санъати.Ўзсср давлат бадиий адабиёт нашриети т о ш к е н т — 19 6 0.й. 81.б [9] Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган санъат арбоби, профессор Темур Махмудов bilan suxbat. Suxbatlashdi. N.G’ofurov. 2015.01.15. [10] O’zbekiston Respublikasi хизмат кўрсатган san’at arbobi Akbar Mo’menov bilan suxbat. Suxbatlashdi. N.G’ofurov. 2017.04.18. [11] “Nixol” mukofoti sovrindori Mirzayeva Sehriyo bilan suxbat. Suxbatlashdi. N.G’ofurov. 2019.05.02.
|
|