Мы освещаем новости культуры Узбекистана: театр, кино, музыка, история, литература, просвещение и многое другое. |
|
|
03.03.2020 / 20:11:30
Ижодий учрашувҲар бир кунимиз эсда қоладиган воқеларга бойлиги билан бизнинг ҳаётимизда ёрқин из қолдирмоқда.Ўтган йилнинг якунида ЮНЕСКОнинг 14-сессиясида Номоддий маданий меросни ҳимоя қилиш бўйича ҳукуматлараро қўмитаси “Лазги”ни инсониятнинг номоддий меросининг репрезентатив рўйхатига овоз бермасдан кенг консенсус асосида киритишни маъқуллади. Шу тариқа Хоразм рақси – “Лазги” инсониятнинг номоддий маданий мероси репрезентатив рўйхатига Ўзбекистон маданий меросининг элементи сифатида киритилди. Бу тарихий ҳодисанинг амалга ошишида Ўзбекистон халқ артисти, “Энг яхши балетмейстер” номинацияси ғолиби, “Шуҳрат” медали ва “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳибаси Гавҳар Матёқубованинг хизматлари беқиёсдир. Яқинда Ўзбекистон давлат хореография академияси “Санъат назарияси ва тарихи” кафедрасининг ташаббуси билан ўтказилган тадбирда атоқли санъаткор Г.Матёқубова иштирок этди ҳамда “Лазги”нинг ЮНЕСКО рўйхатига киритилиши, ўзининг “Лазги” китобининг ёзилиш тарихи тўғрисида гапириб, жумладан шундай деди: - Бутун дунёни ҳайратга солаётган Хоразм рақслари шўх ва асов Амударёга ўхшайди.Бу азим дарё юзлаб ирмоқларга бўлингани каби, бизнинг ўйин ва рақсларимизнинг ҳам 100 дан ортиқ хили бор. Уларнинг кўпчилиги минг йиллик тарихга эга.Биргина “Лазги” рақсларининг оз эмас, кўп эмас, 9 хил тури мавжудлигини , уларнинг пайдо бўлиши, ривожланиши ва чет элларга ёйилиши ҳам ўзига хос. Бу рақс ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди.Касби-кори, ёши, диний эътиқоди, миллатидан қатъий назар “Лазги” ҳаммани бирдек мафтун этади.Ўзбек миллий рақс санъатига бераётган эътиборлари учун биз Муҳтарам Президентимиздан ниҳоятда миннатдормиз.Шунингдек,бу юксак эътибор бизнинг зиммамизга улкан масъулият юклайди.Сизлар бўлажак санъатшунослар, ўзбек миллий рақслари тарихини, турларини, номларининг этимологияси ва этнографиясини мукаммал ўрганишингиз, илмий тадқиқотлар яратишингиз зарур.Биз катта авлод сизлар билан ижодий ҳамкорлик қилишга ҳамиша тайёрмиз.
“Санъатшунос” тўгарагининг Р.Пардабоев, Г.Қурбонова, С.Бобожонова каби талабалар ўзбек рақсининг ривожланиши ва Хоразм рақс мактабини юксалишига доир фикрларини билдиришди.Учрашув қизғин баҳс-мунозара тарзида ўтди. Гавҳар Матёқубова Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Рақс санъати соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш ва илмий салоҳиятини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ўзбек маънавияти, маданияти тараққиётида янги саҳифа очганини алоҳида таъкидлади ҳамда Тошкент давлат миллий рақс ва хореография олий мактабининг академия мақомига сазовор бўлгани билан талабаларни табриклади ва келажакда ижодий ҳамкорлик қилиш, маҳорат дарслари ўтиш ҳақидаги таклифларни маъқуллади. Тадбирда “Санъат назарияси ва тарихи” кафедраси мудири, филология фанлари бўйича фалсафа доктори М.Муродова, филология фанлари номзоди Ҳ.Ҳамроевалар иштирок этишди. Учрашув талабаларда катта таассурот қолдирди. Бобуржон Муллажонов, Рузахон Мирзакаримова, Мадина Эргашева, Санъатшунослик йўналиши 2-босқич талабалари
|
|