Мы освещаем новости культуры Узбекистана: театр, кино, музыка, история, литература, просвещение и многое другое. |
|
|
12.02.2021 / 20:03:11
Бобокалонимиз Бобур таваллудининг 538 йиллиги муносабати билан китобхонлик танловиЗаҳириддин Муҳаммад Бобур Ўрта аср Шарқ маданияти, адабиёти ва шеъриятида ўзига хос ўрин эгаллаган адиб, шоир, олим бўлиши билан бирга йирик давлат арбоби ва саркарда ҳамдир. Бобур кенг дунёқараши ва мукаммал ақл-заковати билан Ҳиндистонда Бобурийлар сулоласига асос солиб, бу мамлакат тарихида давлат арбоби сифатида номи қолган бўлса, сержило ўзбек тилида ёзилган “Бобурнома” асари билан жаҳоннинг машҳур тарихнавис олимлари қаторидан ҳам жой олди. Заҳириддин Муҳаммад Бобур 1483 йилнинг 14 февралида Андижонда туғилган бўлиб, бу йил унинг таваллуд топган кунга 538 йил тўлади. Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасида Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 538 йиллигига бағишлаб “Сен ҳам соғингайсен меҳру-вафо бирла” мавзусидаги китобхонлик танлови ташкил этилди. Тадбирда бобуршунос олимлар, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзолари, Тошкент давлат шарқшунослик университети ва Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети профессор-ўқитувчилари, Республика миллий маданий марказлар раҳбарлари ва фаоллари, талаба ёшлар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этдилар. Китобхонлик танловининг мақсади - қадимий ва бетакрор диёримиздан етишиб чиққан буюк аллома, адиб ва саркарда Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг бой маънавий меросини, умумбашарий цивилизация, маданият. дунёвий ва диний илм-фан тараққиётига улкан ҳисса қўшган ноёб асарларини келгуси авлодларга етказиш, унинг нодир меросини, ибратли ҳаёти ва ижтимоий фаолиятини ҳар томонлама чуқур ўрганиш ва тарғиб этиш, ёшларимизни миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашдан иборат. Тадбирга ташриф буюрганларни Қўмита раиси ўринбосари Азамат Тошев қутлаб, Бобур миллатлараро тотувлик ва дўстлик куйчиси бўлиб, турли динлар ва турли миллатлар макон топган Ҳиндистонни бирлаштириб, халқнинг ягона бир давлат қўл остида тинч ва хотиржам, жипслашиб яшаши учун имкон яратганлигини алоҳида қайд этиб ўтди. Буюк саркарданинг ҳарбий санъати юксак эътирофга сазоворлигини таъкидлади. Шу боис бугунги кунда мамлакатимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишдек улуғ мақсад йўлида янги Хоразмийлар, Берунийлар, Ибн Синолар, Улуғбеклар, Навоий ва Бобурларни тарбиялаб берадиган муҳит ва шароитлар яратилаётганлигига эътиборни қаратди. Тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзосиҲулкар Ҳамроеванинг “Бобурнинг ҳаёти ва ижоди инсонни комилликка етакловчи улкан маънавий меросдир”, Тошкент давлат шарқшунослик университети профессори Боқижон Тухлиевнинг “Бобур ва бобурийларнинг жамиятда миллатлараро тотувлик ва динлараро бағрикенгликни таъминлашдаги улкан тарихий мероси”, Тошкент давлат шарқшунослик университети профессори Адҳамбек Алимбековнинг “Бобурнинг босиб ўтган йўлидаги географик жой номлари ва таҳлили”, А.Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети доценти Гулбаҳор Ашурованинг “Бобур ва бобурийлар меросининг ёшларни миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашдаги аҳамияти” мавзуларидаги маърузалари тингланди. Маърузачилар Бобурнинг гўзал хулқ-атвор эгаси, тақво, шижоат, ҳалоллик, вафодорлик, сабр-тоқат, ҳиммат, адолат, раҳм-шафқат каби ҳислатларни мужассамлаган ва бу ҳислатлар унинг ижодида ҳам ўз ифодасини топганлигини қайд этишди. Бобурнинг асарлари дунёнинг кўплаб тилларига таржима қилиниб, қайта ва қайта нашр этилмоқда, севиб ўқилмоқда, мутолаа қилинмоқда. Унинг шоир сифатидаги сиймоси ўзбек мумтоз адабиётида Ҳазрат Алишер Навоийдан кейинги энг улуғ сиймодир. Адабиётимизнинг бу икки устуни таваллуд топган саналарнинг кетма-кетлигида ҳам ажиб бир илоҳий боғлиқлик бордек гўё... Ўтказилган китобхонлик танлови ёшлар онгида Ватанимиз тарихи, миллий ва умуминсоний қадриятлар. ижтимоий ҳаёт ҳақидаги тушунча ва билим-кўникмаларини янада юксалтириш, миллий адабиётимизнинг дурдона асарларини ёшлар ўртасида кенг тарғиб этиш орқали халқимизнинг асрий орзу-умидларини рўёбга чиқарадиган буюк ва қудратли авлодни шакллантиришга хизмат қилади. Тадбир доирасида барча талаба ёшлар ижросида Бобур ғазалларидан намуналар ўқиб берилди. Иштирокчилар танлов шартлари асосида ўз билимларини синовдан ўтказишди. Жараён Ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳолаб борилди. Тадбир якунида танлов ғолиблари эълон қилиниб, ғолиблар ташкилий қўмитанинг қимматбаҳо совғалари билан тақдирландилар.
|
|