Мы освещаем новости культуры Узбекистана: театр, кино, музыка, история, литература, просвещение и многое другое. |
|
|
22.02.2020 / 22:24:56
ТEҲРОНДА "ЎЗБEКИСТОН – БУЮК ИПАК ЙЎЛИ ЧОРРАҲАСИДА" НОМЛИ ФОТО КЎРГАЗМА ЎЗ ИШИНИ БОШЛАДИЖорий йилнинг 17-феврал куни Иқтисодий Ҳамкорлик Ташкилоти (ИҲТ) Маданият институти фотогалереясида ўзбек фото рассоми, Ўзбекистон Бадиий академияси аъзоси Ҳусниддин Атонинг "Ўзбекистон - Буюк Ипак Йўли чорраҳасида" мавзусидаги фото кўргазмаси очилди. Кўргазма Ўзбекистон Республикасининг Теҳрондаги элчихонаси, ИҲТ Маданият институти ҳамкорлигида ташкил этилган бўлиб, унинг очилишида ижтимоий-сиёсий, ишбилармон, маданий доиралари ва оммавий ахборот воситалари, Эронда аккредитациядан ўтган дипломатик корпус ва халқаро ташкилотлар вакиллари тадбирнинг меҳмонлари сифатида иштирок этишди. Ўзбекистон Республикасининг Теҳрондаги элчихонаси, ИҲТ Маданият институти, Ўзбекистон Бадиий академияси ҳамда Тошкент Фотосуратлар уйи кўмаги билан ташкил этилган кўргазмада ўзбек халқининг бетакрор маданияти, урф-одатлари, анъаналари, шунингдек, қадимий тарихий, маданий диққатга сазовор жойлар ва Ўзбекистоннинг бой меросига бағишланган фотосуратлар намойиш этилди. Кўргазмада намойиш этилган 80 дан ортиқ фотосуратлар ташриф буюрувчиларда катта қизиқиш уйғотди. Шунингдек, тадбир доирасида Алишер Навоийнинг ижодий мероси тадқиқотчиси, эронлик доктор Муҳаммадзода Ҳусайн Седдиг томонидан нашр этилган "Алишер Навоийнинг форс тилидаги мактублари" китобининг тақдимоти бўлиб ўтди. Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистоннинг Эрон Ислом Республикасидаги Фавқулотда ва мухтор элчиси Баҳодир Абдуллаев ушбу кўргазманинг Теҳронда очилиши нафақат Ўзбекистон ва Эрон, балки ИҲТга аъзо давлатлар ўртасида маданият ва санъат соҳасидаги алоқаларни ривожлантиришдаги муҳим ва муваффақиятли қадам эканлигини таъкидлади. Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхонаси раҳбари таъкидлаганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев ташаббуси билан ҳар йили маданият ва санъат соҳасида кўплаб фестиваллар, конференциялар, форумлар ва кўргазмалар ўтказилиб келинади, Эрон ва Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар ушбу тадбирларнинг доимий иштирокчилари ҳисобланади. Институт раиси Ўзбекистоннинг бой моддий ва номоддий маданий қадриятлари ва мероси тўпланган очиқ осмон остидаги музейлар давлати эканлигини, бундан ташқари, Ўзбекистон ислом оламининг кўплаб буюк алломалари ва мутафаккирларининг ватани ҳисобланиши ҳақида ўз маърузасида сўзлаб ўтди. Унинг сўзларига кўра, асрлар давомида Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарлари Буюк Ипак йўли ҳаётида муҳим рол ўйнаган ва "Ўзбекистон Буюк Ипак йўли чорраҳасида" фотокўргазмаси бу ҳақиқатга мос келади. Меҳмонларнинг сўзларига кўра, фотосуратларда Ўзбекистон ёрқин, ўзига хос ва бетакрор минтақа сифатида тасвирланган. Буюк тарихий обидалар тасвири кўп асрлик тарихни ва дунё тамаддунининг энг муҳим даврларини акс эттиради. Фотосуратларнинг аксарияти хушмуомала ва меҳмондўст Ўзбекистон халқининг ҳаётига бағишланган. Таъкидлаш жоизки, тадбир Эрон оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилди. Жумладан, ушбу кўргазма ва А.Навоий китобининг тақдимотига бағишланган материаллар газеталарда чоп этилди.
|
|