Мы освещаем новости культуры Узбекистана: театр, кино, музыка, история, литература, просвещение и многое другое. |
|
|
17.04.2018 / 21:59:32
Миллий симфоник оркестрининг 80 йиллигига бағишланган концертЎзбекистон Форумлар саройида Миллий симфоник оркестрининг 80 йиллигига бағишланган Open Spring — Moviy bahor концерт дастури тақдим этилди. Дирижёрлик пультини бошқараётган Алибек Кабдураҳмонов концерт бошиданоқ уни бир қолипдагидек расмий эмас, балки ноодатий самимий ўтказилишини томошабинларга таъкидлаб, "80 ёшга тўлган Миллий симфоник оркестрининг асосий мақсади жонли ижро ва жонли мусиқа билан ўтишини", - уқтирди. Концерт жараёнида Вивальдининг "Йил фасллари"дан Баҳор таронаси, "Ишдаги ишқ", "Чинор тагидаги дуэль", "Маҳаллада дув-дув гап", "Аёл ифори" кинофильмларидаги мусиқа оҳанглари жаранглади. Ўзбек санъаткорлари Фрэнка Синатранинг "My Way", Уитни Хьюстон ва Modern Talking, ABBA гуруҳларининг қўшиқларини ижро қилишди. Муножат Йўлчиева, Насиба Абдуллаева, Фаррух Зокиров, Зиёд Эшонхўжаев, Ўктам Ҳакимов, Тоир Қўзиев, Шуҳрат Зокиров, Женисбек Пьязов, Барно Исматуллаева, Хуршид Иноғомов, Сабина Мустаева, Камилла Астанақуловаларнинг соҳир овозлари залда ўтирганларни ўзига ром қилди. Дирижёрлар Алибек Кабдураҳмонов, Асадбек Аюбжоновларнинг дирижёрлик пульти олдидаги маҳорати, ўзини тутиши, импровизациясига гап йўқ. Обид Асомовнинг Москвадаги Катта театрдаги балет томошаси ҳақидаги аскияси ҳам маромида, бачкана эмас. Мусиқа, қўшиқ янграши жараёнида гўзал табиат манзаралари, Усто Мўмин (Алексей Николаев), Раҳим Аҳмедов, Чингиз Ахмаров ишлаган суратларининг тасвири оҳанг ҳамоҳанг намойиш қилинди. "Биз фонограмма орқали қўшиқ куйланишимга қаршимиз" – деб мусиқа кечасини якунлади Алибек Кабдураҳмонов. Оркестрнинг бадиий раҳбари Ўзбекистон халқ артисти Исмоил Жалилов, оркестр бундан кейин ҳам томошабинларга юқори савияда мусиқани етказиши учун тинмай ҳаракат қилишини айтди ҳамда ҳомийларга ўз миннатдорчилигини билдирди.
Умида УСМОНОВА
|
|