Мы освещаем новости культуры Узбекистана: театр, кино, музыка, история, литература, просвещение и многое другое. |
|
|
22.01.2020 / 22:25:25
АБДУЛЛА ҚОДИРИЙ ХОТИРАСИГА ЮКСАК ЭҲТИРОМ2019–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасининг миллатлараро муносабатлар соҳасидаги давлат сиёсати Концепциясини амалга ошириш бўйича “Йўл харита”си ижросини таъминлаш, ўзбек романчилигининг асосчиси, ватанпарвар адиб Абдулла Қодирий хотирасига эҳтиром кўрсатиш, миллий адабиёт ривожига қўшган беқиёс ҳиссасини улуғлаш мақсадида мамлакатимизда истиқомат қилаётган бир гуруҳ турли миллат вакиллари пойтахтимизда барпо этилган Абдулла Қодирий музейига ташриф буюришди. Абдулла Қодирий номидаги маданият ва истироҳат боғига кираверишда адиб музейи барпо этилган. Мазкур бинога «Турон» кутубхонаси ҳам жойлаштирилди. Бу нафақат етук аждодимизнинг ворислари, балки адабиёт, маънавият ва маърифат аҳлини, бутун халқимизни қувонтирди. Музейга кираверишда Абдулла Қодирийнинг ҳикматли сўзлари битилган. Чап томонда адибнинг ҳаёт ва ижод йиллари хронологияси, қатағон йиллари экспонатлари ҳамда мустақиллик йилларида ёзувчига кўрсатилган эҳтиром акс этган экспозициялар жойлашган. Томошабинлар залдаги улкан мониторда адиб асарлари асосида суратга олинган «Ўткан кунлар» ва «Меҳробдан чаён» фильмларини, бошқа картиналарни кўриши мумкин. Музейга ташриф буюрган қозоқ, қирғиз, туркман, поляк, немис, рус, корейс, уйғур миллий маданий марказлар раҳбарлари ва фаоллари музей экспонатларида акс эттирилган ҳужжатлар Абдулла Қодирий ҳаёти ва ижоди ҳақида тўлиқ маълумотлар бериши, бу ерда яратилган шароитлар, кенг ва ёруғ кутубхоналар ватанпарвар ёшларни тарбиялашда ижобий тасир кўрсатишини таъкидлаб, давлатимиз раҳбариятига олиб борилаётган оқилона сиёсат учун ўзларининг миннатдорчиликларини изхор этишди. Аввалроқ Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонасида Абдулла Қодирийнинг инглиз тилига таржима қилинган «Ўтган кунлар» романининг тақдимоти бўлиб ўтган эди. Таржима америкалик олим, АҚШ ҳарбий-денгиз академияси Минтақавий тадқиқотлар марказининг собиқ директори Марк Риз томонидан амалга оширилган. Романни таржима қилиш ўн беш йилдан кўпроқ вақт давом этди. Китобни нашр этиш жараёни Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси, юртдошларимиз ва ўзбекистонлик мутахассисларнинг фаол кўмаги билан сезиларли даражада тезлашди. Асарнинг таржимаси 2019 йил декабрь ойида сотувга чиқарилди ва китобхонлар томонидан илиқ кутиб олинди. Таржима сифат кўрсаткичлари бўйича «беш юлдузли» рейтингга эга.
|
|