Жорий йилнинг 10 декабрь куни Республика хореографияга ихтисослаштирилган мактаб-интернатида рақс мактаби ташкил этилганлигининг 73 йиллигига бағишлаб, РХИМИ директори, санъатшунослик фанлари номзоди, доцент Халикулова Гўзал Эркиновна бошчилигида илмий-ижодий семинар ўтказилиши режалаштирилган.
Сўнги йилларда барча соҳаларга берилаётган эьтибор, албатта, рақс соҳасини ҳам четда қолдиргани йўқ. Хусусан, Муҳтарам Юртбошимизнинг 2020 йил 4 февралдаги “Рақc санъати соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш ва илмий салоҳиятни янада ривожлантириш чора тадбирлари тўғрисида”ги ПК,-4585-сонли қарори фикримизнинг исботидир. Ушбу қарорнинг 1-иловасида келтирилган чора-тадбирлар дастурида академия ва мактаб-интернат фаолиятидаги ўзаро интеграцияни таъминлаш, кўп асрлик рақс ижодкорлиги анъаналарини ўзлаштирган, ўзининг истеъдоди ва салоҳияти орқали уларни замон руҳи билан бойитиб, “Устоз-шогирд” анъаналарига мувофик ёш авлодни тарбиялаш каби долзарб вазифаларини бажариш белгилаб берилган.Ушбу вазифаларни бажариш мақсадида ўтказилиши кўзда тутилаётган илмий-ижодий семинар ҳам рақс соҳаси учун берилган имкониятларга жавобан илк қадамлардан биридир десак, янглишмаган бўламиз.
Илмий-ижодий йуналишда ўтказиладиган семинарнинг асосий мақсади Ўзбекистон санъатини тараққий этишида муҳим роль ўйнайдиган, рақс санъатини ривожлантиришга асос бўладиган хореография таълимининг тарихини, ривожланиш босқичларини, ҳамда келажагини ўрганиш, таҳлил қилиш ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат. Шунингдек, хореография таълимининг методикасидаги долзарб муаммоларни ҳал килиш, бўлажак хореографларни тайёрлашда умумтаълим фанларининг ролини ошириш, рақс санъатида замонавий образ яратиш борасида амалий ишларга эътибор бериш, соҳада эришилган ютуқларни таҳлил қилиш, илмий ва амалий мулоҳазалар билан академия ва мактаб-интернати ўртасида интеграцияни мустаҳкамлаш ҳам семинардан кўзланган асосий мақсаддир.
Семинарда классик рақс, ўзбек рақси, турли халқлар рақслари, замонавий рақс санъати унинг бугунги ҳолати борасида мутахассислар, магистрлар ҳамда тадқиқотчилар томонидан бахс-мунозаралар олиб борилади, ўқувчиларни ушбу санъат фидойиси қилиб тарбиялашга қаратилган янги методик тавсиялар ишлаб чиқилади. Соҳадаги ютуқ ва камчиликлар аниқланади. Мавжуд муаммолар мутахассислар томонидан илмий ўрганилади, таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилади.
Республика хореографияга ихтисослаштирилган мактаб-интернати Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилот етакчиси Равшан ХУРРАМОВ