Мы освещаем новости культуры Узбекистана: театр, кино, музыка, история, литература, просвещение и многое другое. |
|
|
22.12.2015 / 01:06:34
Қишнинг совуғида баҳор ифориОлча гули баргидек, Ўйнаб-ўйнаб ёғар қор. Ажаб, қорга қарайман, Кўнглимда яшнар баҳор... Зулфия
Ташқарида қор учқунлаб турган бўлса-да, Алишер Навоий номидаги Ўзбек Давлат Ўзбекистон Давлат Катта академик театри инсонлар билан гавжум. Бунинг асосий сабаби, 21 декабрда намойиш қилинадиган композитор Рустам Абдуллаев куй басталаган “Садоқат” операсининг премьераси бўлди. Ўзбек театри саҳнасида бу йил шоира Зулфия таваллудига 100 йил тўлиши муносабати билан икки асар томошабинлар эътиборига ҳавола қилинди. Бу асарлар: бири – ўзбек театр саҳнаси дарғаси, режиссёр Баҳодир Йўлдошевнинг Зулфия қаламга мансуб “Хотирам синиқлари” достони асосида яратилган “Ёдим синиқлари” драмаси бўлса, иккинчиси- композитор Рустам Абдуллаевнинг Омон Матчон либреттоси асосида режиссёр Фируддир Сафаров талқинидаги “Садоқат” операси. Садоқат, вафо... Бугун олам бўҳронлари, инсонлар турмуш ташвишлари билан ўз қобиғига ўралиб олган, меҳр-оқибат ўртадан кўтарилаётган, севги-муҳаббат манфаатлар асосида қўрилаётган бир даврда камёб бўлиб бораётган инжа туйғу. Вафони вафосиздан қидирмоқ, қумга сингиб кетган сувни изламоқ сингари ножоиздир. Вафо гўзал, маънавий бой қалб соҳиб ва соҳибаларидагина мавжуддир. 2 парда, 5 кўринишдан иборат “Садоқат” операсини томоша қилар эканман, нафақат мен, балки атрофимдаги томошабинларнинг синчковлик ила томошани кузатишаётганлиги, қаердадир изтироб чекиб, қайдадир опера қаҳрамонларининг шодлиги-қувонч онларига ҳаммаслак бўлганликларига гувоҳ бўлдим. Опера 1981 йилда Ҳамид Олимжон номидаги Самарқанд мусиқали драма театрида, 4 кўринишда саҳналаштирилган эди. Саҳна безагини безатишдаги рассом Зубайдулло Ботировнинг китобларга тўла Зулфия ижодхонасини, Наврўз байрами шуурини, урушнинг машъум офатларини, шоирлар мушоирасидаги базм-у жамшидни тасвирлаб ишлаган декорациялари таҳсинга сазовор. Инсон 30-йилларда Ойбек, Ҳамид Олимжон, Ғафур Ғуломларнинг Чимёнга қилган ижодий сафарларида иштирок этаётгандек бўлади гўё. Уруш бошлангандаги хабарни эшитган инсонларнинг “Нечук..” дея талвасага тушиб, ҳайкалдек тош қотишлари шодликнинг бир дақиқадаёқ ғам билан алмашинуви режиссёр томонидан маҳорат билан кўрсатилган. Саҳнадаги рангин бўёқлар бир зумда қизил ва қора – жанг майдонларидаги аланга ҳамда мотам рангига алмашинади. Зулфия (Малика Норматова)нинг қўрқинчли туш кўриб Ҳамидини йўқотиш ҳолатидаги саҳна ҳамда залда телбавор ҳаракатларини Малика Норматова ҳаракатлари ва ариялари орқали очиб бера олган. Қора кийган, ғамгусор аёл тимсолидаги актриса Ҳамидини излаб, томошабинларга- “Уни кўрмадингларми?” ёки “Энди Сени қайдан топаман?” дея кезинишлари, овозидаги титрашлар... Тақдир зарбалари синдирмоқчи бўлган-у, бироқ қатъият ва иродаси мустаҳкам аёлнинг фарзандларининг биргина “аяжон” сўзи орқали қаддини ал тутиши, ўзида матонат топишини Малика, нафақат куйлаш, балки юзидаги ифодалар ёрдамида ҳам намоён қилди. “Қайғу инсонни мукаммалликнинг энг юқори чўққисига олиб чиқади”,- дейди юнон файласуфи Спиноза. Зулфиянинг андуҳларни енгиб, қийинчиликларга юзма-юз келиб, уларни инсонларга яхшилик қилиш, ўз қобиғига ўралиб олмай фаол жамоат арбоби сифатида намоён бўлиб, уларни енгиб ўтганлиги барчамизга сир эмас. Операнинг 5-кўриниши Зулфияни юбилейи, халқи олдида ўз ҳурмати ва ардоғини топган аёл сифатида тасвирлайди. Шоира , “Эъзозлар, ардоқлар учун ташаккур, Асли Сиз офтобим, мен зиёсиман. Бахтим шул - ўзбекнинг Зулфиясиман” –дея ҳаммаслаклари Ойбек, Ғафур Ғулом ва халқ ардоғида ўз нутқини якунлайди. Ҳар қандай операнинг яратилиши миллат санъатида ўзига хос маданий ҳодиса ҳисобланади. “Садоқат” операсининг яратилишида Ўзбекистон ва Озарбайжон халқ артисти Фируддин Сафаровнинг ёш ижрочиларга ролларни ишониб топширгани (Зулфия-Малика Норматова, Ҳамид Олимжон-Рустам Алимардонов, Ғофур Ғулом-Раҳим Мирзакамолов, Ойбек-Жаброил Идрисов ва бошқалар) ҳамда ёшлар бу вазифани уддалашганлиги, либослар бўйича рассом Лобар Полванованинг ишлаган либослари 30, 40, 60, 80-йилларнинг қиёфасини асар қаҳрамонларига сингдира олганлиги, сакҳналаштирувчи-балетмейстр Ўзбекистон халқ артисти Қодир Мўминовнинг саҳналаштирган рақслари, дирижёр, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Фазлиддин Ёқубжоновнинг оркестрни маҳорат билан бошқариши таҳсинга сазовор. Нигора УМАРОВА
|
|