Мы освещаем новости культуры Узбекистана: театр, кино, музыка, история, литература, просвещение и многое другое. |
|
|
09.08.2014 / 10:29:15
УЛУҒ ШОИРНИНГ ШОҲ АСАРИ
Улуғ ижодкорлар қанчалик кўп ва хўб асарлар ёзган бўлишмасин, улар орасида одатда биттаси шу қалам соҳибининг ташрифномаси бўлади. Биз Фирдавсий деганимизда “Шоҳнома” кўз олдимизга келганидек, Шекспир номини тилга олишимиз билан қаршимизда “Ҳамлет” гавдаланади. Худди шунингдек, буюк рус шоири А.С.Пушкин номи жаранглаши билан зеҳнимиз “Евгений Онегин”ни чақириб олади. Аммо бу ҳол на “Отелло” ва на “Борис Годунов”нинг, Шекспир ва Пушкиннинг олтин қаламига мансуб бошқа шоҳ асарларнинг йўқлигини мутлақо англатмайди. Ўзбек халқи ХХ асрда, маълум сабабларга кўра, мумтоз ва замонавий рус адабиёти намояндалари ижоди билан кўпроқ танишди. Шулар орасида ўзбек тилига энг кўп таржима қилинган ва асарлари ҳар бир ўзбек хонадонига кириб борган ижодкор А.С.Пушкиндир. Ўзбек халқи Пушкиннинг ҳаёти ва ижоди билан 1899 йили шоир туғилган куннинг 100 йиллиги муносабати билан таниша бошлаган. Шу йили унинг “Шоир” ва “Шоирга” шеърларидан ташқари, “Балиқчи билан балиқ эртаги” ва “Боқчасарой фонтани” асарлари “Туркистон вилоятининг газети” орқали ўзбек китобхонлари эътиборига илк бор тақдим этилди. Лекин бевосита рус тилидан таржима қила Али Асқар Калинин ва номаълум таржимон (айрим манбаларда айтилишича, А.Самойлович) томонидан ўзбек тилига ўгирилган эди. Бу маърифатли кишилар ҳам шеърий таржима санъатидан узоқ бўлишган ва шу сабабли мумтоз рус шеърияти намуналарини насрий баён қилишдан ўзга йўлни топа олишмаган. Аммо орадан бор-йўғи 35-36 йил ўтиб, Пушкин ҳалок бўлган куннинг 100 йиллиги нишонланадиган бўлганида, янги ўзбек адабиёти ва янги ўзбек адабий тили шаклланиб равнақ топаётган, рус шоирининг шоҳ асарларини маҳорат билан таржима қила оладиган шоир ва таржимонлар авлоди етишиб чиққан эди. Ўзбекистон ҳукумати тарихий сана муносабати билан махсус қарор қабул қилиб, бир гуруҳ шоир ва ёзувчиларни Пушкиннинг энг сара асарларини ўзбек тилига таржима қилишга сафарбар этади. Ойбек зиммасига рус шоирининг энг муҳташам асари – “Евгений Онегин” шеърий романини таржима қилиш масъулияти юкланади. Бу Ойбек учун ҳам, шу адабий маъракага жалб этилган бошқа ижодкорлар учун ҳам катта имтиҳон ва машаққатли иш эди. Агар Чўлпоннинг 1934 йилда Шекспир “Ҳамлет”ини ўзбек тилига зўр муваффақият билан таржима қилганини инобатга олмасак, ҳали жаҳон адабиётининг бошқа бирор дурдонасини ўзбек тилига ўгириш тажрибаси бўлмаган эди. Шунинг учун ҳам республика ҳукумати ўзбек маданияти тарихида илк бор амалга оширилаётган бу тадбирга катта аҳамият бериб, Тошкентнинг энг хушманзара манзилларидан бири – Чимён қишлоғида “пушкинчи таржимонлар” учун еттита ўтов тикиб беради ва бошқа шарт-шароитларни муҳайё этади. Ҳали ўзга тилдаги бирор йирик асарни ўзбек наволарида янгратиб улгурмаган Ойбек чекига тушган ишга катта масъулият билан ёндашиб, устози Чўлпондан маслаҳат сўрайди. Шу йилларда сиқув ва тазйиқ остида бўлган Чўлпон “Онегин”нинг 14 сатрлик икки бандини 11 ҳижоли бармоқ вазни билан таржима қилиб, Ойбекка шу йўлдан боришни маслаҳат беради. Унинг фикрича, ҳар бир сатридан юксак бадиий тафаккур ёғдулари чақнаб турган, 7 ҳижоли ямбда ёзилган асарнинг бадиий латофатини ўзбек тилида 11 ҳижоли бармоқ вазни орқалигина ифодалаш мумкин эди. Ойбек устоз масалаҳатини миннатдорлик билан қабул қилиб, таржима учун 11 ҳижоли “бармоқ”ни танлади. “Евгений Онегин”нинг аҳамияти рус адабиётидаги биринчи шеърий роман бўлганлиги билангина белгиланмайди. Бу асарнинг 1823 йил 9 майда Кишинёвда бошлаган Пушкин унга 1830 йил 25 сентябрда Болдино қишлоғида сўнгги нуқта қўйган. Шу етти йил ичида Россия ҳаётида ҳам, Пушкин ҳаётида ҳам кўплаб воқеалар содир бўлган эди. Шоир шу воқеалар таъсирида дам асар устида ҳамма нарсани унутиб ишлаган, дам уни четга суриб қўйган. Катта “ижодий” паузалар бўлганига қарамай, асар воқеалари ҳам, лирик чекинишлар ҳам, худди паровозга уланган вагонлардек, шоир чизиб берган издан нурли манзил сари изчил ривожланиб-юксалиб боради. Асар қаҳрамонлари кўп эмас. Лекин шоир Онегин ва Татьяна, Ленский ва Ольга сингари қаҳрамонлар образининг тўла қонли чиқиши учун улар яшаган тарихий даврни, шу даврдаги ижтимоий-маданий ва маиший муҳитни шундай маҳорат билан тасвирлаганки, шу ҳол туфайли В.Г.Белинский бу асарни “рус ҳаётининг қомуси” деб баҳолаган эди. Шу тарихий даврнинг ўзига хос хусусиятларидан бири ва муҳими шундаки, Буюк Пётр даврида Европага “дарча очган” рус жамияти энди европалашган, аниқроғи, Сенадан эсаётган шабада билан нафас олиб, рус “нон”ига француз “сариқ мой”ини суртиб истеъмол қилаётган ва шу билан ўзини маданиятнинг арши аълосига кўтарилган, деб ўйлаётган эди. Пушкин ватандошлари ҳаётидаги шундай ўзгаришларга киноя билан қарайди. Бироқ асарда олға сурилган фикр бундан кўра залворли. Бу фикр истеъдодли шоир Ленскийнинг Францияда юз кўрсатган урф таъсирида Россияга кириб келган дуэль туфайли бекордан-бекорга ҳалок бўлиб, унутилиб кетиши, енгил ҳаёт шарбатини ичавериб, танбал бўлиб ўсган Онегиннинг эса жамиятнинг “ортиқча кишиси”га айланиши билан боғлиқ. Асар бадииятининг ўзига хослиги ва бетакрорлиги, аввало, “Онегин банди” билан ёзилганида. 14 мисрали бу банднинг қофияланиш тизими қатъий белгиланганлиги сабабли Пушкиннинг шеърий романини бошқа тилларга таржима қилиш осон эмас. Ойбек ҳам асарни ўзбек тилининг наволарига солишда худди шу масалада қаттиқ заҳмат чеккан. Пушкин маҳоратини белгиловчи омиллардан бири шундаки, у воқеаларни ҳикоя қилмайди, балки аксар ҳолларда у ёки бу воқеаларга ўз муносабатини билдириб, тасвирни фалсафий ўйлари ва ҳаётий кузатишлари билан бойитиб боради. Муҳаббати навқирон Онегин томонидан рад этилган Татъяна кекса генералнинг меҳр-муҳаббатига муяссар бўлади. У Ленскийдан фарқли ўлароқ, оқилона ва, айтиш мумкинки, бахтли ҳаёт кечира бошлайди. Шоир унинг шу ҳолатини кузатиб, бундай фалсафий хаёлларга боради:
Любви все возрасты покорны; Но юным, девственным сердцам Ее порывы благотворны, Как бури вешние полям…
Бу ва кейинги қуйма сатрларни Ойбек бундай таржима қилган:
Севгига бўйсунар ҳамма – ёш-қари, Лекин ёш ва тоза қалбларга, баҳор Ёмғири қирларни яшнатган каби, Ишқнинг жўшишлари гўзал, хайркор: Севги ёмғирида бўлиб топ-тоза, Қалблар янгиланар, етилар роса Ва қудратли ҳаёт бағишлар кўркам. Чиройли гуллар ҳам, ширин мева ҳам. Ёш улғайиб, дармон кетганда лекин, Бизнинг умримизнинг бурилишида Ўлик эҳтироснинг изи фожиа: Совуқ куз фаслида бўрон ва ёғин Кўм-кўк ўтлоқлардан ботқоқ ясайди, Яшил ўрмонларни яланғочлайди.
Шундай нозик ва рангин ипак билан тикилган асарга уч-тўрт ойда янги ҳаёт бағишлаш осон эмас. 1936 йилнинг эрта баҳорида “Онегин”ни Чимёнда таржима қила бошлаган Ойбек 20 августда таржимага сўнгги нуқта қўйиб, оиласи бағрига қайтади. Лекин “айрим бобларнинг таржимаси суюқ” эканлигини сезган таржимон “бундай қисмлар” устида қаттиқ ишлайди ва таржимани “қиш ўрталарига яқин” тамомлашга муваффақ бўлади. Аммо 1949 йилда Пушкин таваллуди 150 йиллигининг нишонланиши ва шоир асарлари кўп жилдлик нашрининг тайёрланиши муносабати билан таржимани яна бир бор жиддий кўриб чиқади. Пушкиннинг ўзбек тилига илк бор таржима қилинган “Поэт” (“Шоир”) шеъри дастурий аҳамиятга молик бундай мисралар билан бошланган:
Пока не требует поэта К священной жертве Аполлон, В заботах суетного света Он малодушно погружен; Молчит его святая лира Душа вкушает хладный сон, И меж детей ничтожных мира Быть может, всех ничтожней он.
Но лишь божественный глагол До слуха чуткого коснется, Душа поэта встрепенется, Как пробулившийся орел...”
Номаълум таржимон бу шеърни 1899 йилда бундай таржима қилган: “Ҳар қаю баланд даражадаги шоир шоирлик хусусида фикр ва хаёл айламаган вақтда бўлак одамлардек умр ўтказадур. Ул вақтда мазкур шоир назм айламай, индамай, уйқудагидек турадур. Ва шул вақтда шоир ўзи кўп зеҳнлик бўлса ҳам, ер юзидаги бўлак одамлардан бечора, пастроқ кўринадур. Ва лекин шоирнинг кўнглига худонинг илҳоми бўлса, ул шоирнинг жони жунбишга кириб, уйқудан уйғониб турган бургутдек осмон тарафига ўз фикрини парвоз қилдиради...” Бу таржимада ХIХ аср сўнги – ХХ аср аввалидаги ўзбек таржима мактабининг ҳам, ўзбек адабий тилининг имконият даражаси ҳам, худди кўзгудагидек, яққол кўринади. Ўтган 30-35 йил ичида ўзбек адабий тили шу қадар гўзал бир тарзда шаклланган эдики, бу ҳол ҳатто Шекспирнинг “Ҳамлет”ию Пушкиннинг “Евгений Онегин”ини ўзбек тилига юксак бадиий савияда таржима қилиш имконини берди. Бунда Чўлпон билан бирга Ойбекнинг ҳам ҳиссаси беназирдир. Ҳали “Онегин” Чўлпон ва Қодирий тилида сўзламай туриб, Элбек Пушкин асари таъсирида, ўзбек адабиётида биринчи бўлиб 1934 йилда “Тозагул” шеърий романини ёзган эди. Орадан 30-йилларнинг фожиали ва 40-йилларнинг суронли воқеалари ўтгач, Мирмуҳсин 1958 йилда “Зиёд ва Адиба” шеърий романини яратди. Кейинчалик шеъриятнинг бу муаззам жанрига Ҳусниддин Шарипов билан Муҳаммад Али ҳам мурожаат этиб, “Бир савол” (1972) ва “Боқий дунё” (1981) асарларини шеърият мухлисларига ҳадя этдилар. Пушкин романининг ўзбек тилига таржима этилиши миллий адабиётимизда шеърий роман жанрининг шаклланишида муҳим омил бўлди. “Пушкинни ўқиш, ўрганиш, - деган эди Ойбек рус шоирининг 150 йиллиги муносабати билан ўтказилган илмий анжуманда, - ва, айниқса, уни ўзбек тилига таржима этиш орқали шоирларимиз Пушкиндан маҳорат сирларини ўргандилар. Ўзбек поэзиясига кириб, ўзлашаётган қатор шеърий формалар – баллада, элегия, “бағишлов”лар – бари Пушкин поэзиясидандир. Бу кунги достонларимиз Пушкин мактабида ўқиш ва ўрганишнинг натижаси ҳамдир. Шеър тузилиши ва қофиялар системасида ҳам улуғ рус шоирининг “сабоғи”ни кўриш мумкин. Айниқса, ўрта асрларга хос эстетик нормалардан янги, реалистик, жонли, табиий образлар системасига ўтишда Пушкин бизнинг шоирларга муаллим бўлди”. Бу сўзлар айтилган 1949 йилдан кейин, айниқса, ХХ асрнинг 60-йилларидан бошлаб ўзбек адабиёти дарвозалари кенг очилиб, жаҳоннинг бошқа мумтоз ва барҳаёт ёзувчилари ҳам ўз асарлари билан ўзбек диёрига кириб кела бошладилар. Улар ижоди билан танишиш, уларнинг сара асарларини она тилига таржима қилиш миллий адабиётимиз бадиий уфқларининг янада кенгайишига катта имкон берди. Аммо бу ҳол Пушкин ижодининг ҳозирги кундаги қимматига асло соя ташлай олмайди. Ўзбек китобхонлари буюк рус шоири асарларини севиб ўқишда, шоирларимиз эса ундан сабоқ олишда давом этажаклар.
Наим КАРИМОВ, филология фанлари доктори.
|
|