Мы освещаем новости культуры Узбекистана: театр, кино, музыка, история, литература, просвещение и многое другое. |
|
|
10.08.2014 / 19:39:43
Бастакор Сулаймон Юдаков уй-музейида ижодкорлар билан хотирлаш кечаси ўтказилди
Санъат улуғ касб, шу жумладан – бастакорлик касби ҳам. Унинг меҳнатида халқнинг дарди, қувонч ва изтироблари, мумтоз ва бадиий усулда майин куй, оҳангга йўғрилган ҳолда тараннум этилади. Шунинг учунки, улар яратган асарлар ҳамиша қадрлидир. Ўзининг мазмунли умри давомида ўзидан ана шундай бебаҳо ижодий мерос қолдирган ўзбек фарзандларидан бири Сулаймон Юдаковдир. У яратган буюк асарлари халқимиз “Олтин хазинаси”да кўз қорачиғидек сақлаб келинмоқда. Улуғ инсонларнинг бу буюк асарларини асраб-авайлаш, уларнинг ижодий фаолияти, ютуқлари тўғрисида маълумотлар тўплаб, аждодлардан авлодларга етказиш ҳар бир замон инсонлари учун улуғ вазифадир. Шу муносабат билан куни кеча белгиланган санада бир гуруҳ ижодкорлар билан бастакор Сулаймон Юдаковнинг уй музейида бу улуғ инсон хотирасига бағишланган ижодий кеча бўлиб ўтди. Дастлаб бу улуғ инсон ҳақида икки оғиз сўз: Юдаков Сулаймон(Соломон) Александрович 1916 йил 14 апрелда Қўқон шаҳрида таваллуд топган. Санъат ва мусиқага меҳри бўлакча бўлган Сулаймон Юдаков таълим соҳасида ҳаётидаги илк катта қадамни Москва консерваториясида (1934–41 й) ўқишдан бошлайди. 1941 йилда Тошкентга қайтиб фаолиятини ижодга бахшида этади. 1943 – 1944 йилларда Тожикистон филармонияси бадиий раҳбари лавозимида ишлайди. Унинг яратган асарларида замонавий оҳанг ва усуллар уйғунлиги мужассам бўлиб, жанр жиҳатдан хилма-хил ёрқин ва ҳаётбаҳш оҳангларга йўғрилгандир. Халқимизнинг бу жон куяр ўғлони ўзидан кўплаб буюк асарлар қолдирди. Жумладан: Опера : “Майсаранинг иши”; Балет: “Насридданнинг ёшлиги”, “Жонли аланга”; Кантаталар: “Менинг Ватаним”, “Муборакбод”, “Алёр” ва б. Вокалсимфоник сюта : “Мирзачўл” (6 қисм); Камер чолғу асарлар: “Шарқ поэмаси” ва бошқалар шулар жумласидандир. Бундан ташқари Сулаймон Юдаков кўплаб вокал-симфоник поэмалар, қўшиқлар, драматик спектакллар муаллифи ҳамдир. Унинг яратган асарлари бир қанча давлатларда намойиш этилган. Биргина “Майсаранинг иши” операси Ўзбекистондан ташқари Ашхабод, Душанбе, Бишкек, Уфа, Москва, Вена, Лодз(Польша) шаҳарлари театрларида намойиш этилган. “Дугоналар”, “Давра қўшиғи”, “Жон Ўзбекистон”, “Карнавал валси” қўшиқлари ҳозирда ҳам халқимиз томонидан севиб тингланади. Сулаймон Юдаков “Давлат мукофоти” (1951) ва “Ҳамза номидаги Ўзбекистон мукофоти” лауреати соҳибидир. Сулаймон Юдаков 1990 йилда вафот этди. Бу улуғ инсонни хотирлаш мақсадида ташкил этилган ижодий кечада шоирлар Бобур Бобомурод, Аъзам Обид, Масъуд Маҳсудов, журналист kultura.uz сайти ни юритувчи журналист Борис Бабаев, филолог ва журналист Нигора Умарова, хорижий тиллар мутаҳассиси Лобар Махсудова, шифокор Махмуда Имомқулова, рассом Шавкат Музаффар, блогерлар Татьяна ва Вадим Евгоньянлар қатнашишди. Дастлаб келганларга Борис Бабаев томонидан тайёрланган Сулаймон Юдаковнинг ҳаёт йўли, фаолияти, ютуқлари ҳақида маълумот берувчи ҳужжатли фильм намойиш этилди. Шундан сўнг буюк бастакор яратган асарлар, қилган буюк ишлари ҳақида қизғин суҳбат бошланди. Савол-жавобларга уланган суҳбат шеърхонликка айланиб кетди. Шоир Бобур Бобомурод ўзининг янги “Биламан бахт бор” шеъри билан мушоирани бошлаб берди. Олқишлар остида яхши кутиб олинган шеър, шоир Масуд Маҳсудовни ҳам илҳомлантириб юборди чамаси, “Йиғланг” ва бошқа шеърлари билан навбатни “илиб” кетди ва ўз навбатида Масъуд Маҳсудов ҳам олқишлар билан “тақдирланди”. Шундан сўнг бирин-кетин бошқаларга ҳам “жон кирди”. Нигора опа Умарова ҳалқимизнинг севимли шоири Эркин Воҳидов ва Ҳалима Худойбердиеваларнинг шеърларини айтиб келганлар кайфиятига кўтаринкилик бағишлади. Бу мушоирадан руҳланган шоир Аъзам Обид ҳам “тинч” туролмади. У киши ижросида Сулаймон Юдаков томонидан басталанган “Жон Ўзбекистон” ашуласининг жонли ижроси ижодий кечанинг кутилмаган “совғаси” бўлди. Шу тариқа давом этган буюк бастакор Сулаймон Юдаков хотирасига бағишланган ижодий кеча барча иштирокчиларга бу улуғ инсон ҳақида кўплаб янгиликлар бериш билан бир қаторда, ўзаро ижодий ҳамкорлик ришталарини боғлаш имкониятини берди. Тадбир якунида бундай кечаларни тез-тез ташкил этиб туришга келишиб олинди. Комилжон АСЛОНОВ
|
|