Мы освещаем новости культуры Узбекистана: театр, кино, музыка, история, литература, просвещение и многое другое. |
|
|
31.03.2018 / 20:00:11
Иқтисодий муносабатларни янада ривожлантириш Афина учрашувларининг асосий мавзуси бўлди"FOOD EXPO GREECE 2018" Озиқ-овқат ва ичимликлар халқаро кўргазмасида иштирок этиш учун Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Адҳам Икромов бошчилигидаги Ўзбекистон делегациясининг Грецияга сафари доирасида Афина Савдо-саноат палатаси, Афина кичик ва ўрта бизнес корхоналари палатаси ҳамда "Enterprise Greece" ташкилотида икки томонлама учрашувлар бўлиб ўтди. Учрашувлар чоғида Греция томони Ўзбекистонда олиб борилаётган иқтисодий ўзгаришлар, республикага сармоя киритиш ва бизнес юритиш учун яратилаётган қулай шароитлар билан яқиндан танишдилар. Шу ўринда мамлакатимиздаги ҳозирги иқтисодий вазият, давлат сиёсатининг устуворликлари ҳақидаги маълумотларга алоҳида эътибор қаратилди. Томонлар ўзаро ҳамкорлик ўрнатиш мумкин бўлган ўзбек иқтисодиётининг энг истиқболли жабҳалари тақдимотининг ҳам ўтказилгани баробарида савдо-иқтисодий ва сармоявий жабҳаларда Ўзбекистон ва Греция ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтиришнинг янги йўналишлари атрофлича муҳокама қилинди. Бўлиб ўтган амалий учрашувлар чоғида икки мамлакат тадбиркорларининг ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлаш масалаларига урғу берилди. Греция томони вакилларида ўзбек маҳсулотларини хорижий бозорларда илгари суриш, ишлаб чиқаришда илғор инновация технологияларини қўллаш юзасидан қабул қилинаётган чора-тадбирлар катта қизиқиш уйғотди. Мамлакатимиз улкан табиий ресурсларга ҳамда чет эл сармоясини жалб этиш юзасидан катта имкониятларга эга эканлигини улар томонидан алоҳида таъкидланди. Афина Савдо-саноат палатаси бош котиби Хараламбос Мораитис Греция томони ўзбек шериклар билан ўзаро муносабатларни ривожлантиришдан манфаатдор эканлигини маълум қилди. - Ўзбекистоннинг янги раҳбарияти мамлакат ҳаётининг барча жабҳаларини тубдан ислоҳ қилиш йўлини тутмоқда, - деди у. - Бизнес форум чоғида Англашув меморандумининг имзолангани муносабатларимиз тарихига янги давр ибтидоси сифатида киради. Афина Савдо-саноат палатаси икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида қўшма тадбирни ташкил этишга тайёрдир. Афина кичик ва ўрта бизнес корхоналари палатаси раиси Павлос Раванис Греция компанияларининг қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик саноати, суюқ чиқиндиларни қайта ишлаш соҳаларида ўз технологиялари билан ўзбек бозорига кириши мумкинлигини маълум қилди. "Enterprise Greece" директори Христос Стаикос эса ўзи раҳбарлик қилаётган ташкилот Ўзбекистонда ўтказиладиган халқаро кўргазмалар ишида иштирок этиш ниятида эканлигини айтди. - Биз Ўзбекистон ишбилармон доиралари вакилларининг Грецияга сафарини уюштиришимиз мумкин, - деди у. - Бу ўзбек тадбиркорларига бизнинг саноат объектларимиз фаолияти билан бевосита танишиш имконини беради. Шу билан бирга, қўшма бизнес анжуман ташкил этишга ҳам тайёрмиз.
"Жаҳон" АА, Афина
|
|